Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:23

Ўзбек журналисти илк бор давлат амалдори устидан прокуратурага ариза топширди (ВИДЕО)


Журналист Раҳматилла Исроилов (чапда) ва Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов
Журналист Раҳматилла Исроилов (чапда) ва Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов

Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов KUN.UZ таҳририяти ходимларига таҳдид қилгани акс этган видеонинг эълон қилиниши ортидан, 16 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги сайтида пайдо бўлиб KUN.UZ мухбирини товламачиликда айблади.

Ўзбек журналисти илк бор давлат амалдори устидан прокуратурага ариза топширди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00

​Ваҳобовнинг иддаосича, KUN.UZ мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилиб, бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилган.

Мазкур даъво юзасидан KUN.UZ зудлик билан ўз ички суриштирувини ўтказиб, таҳририят мухбири Р.Исроилов ва бошқа ходимларига нисбатан хизмат текширувини тайинлаганини маълум қилди.

KUN.UZ ўз баёнотида мухбир Раҳматилла Исроилов ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллаганини билдирди.

"Хизмат текширувида мухбир Р.Исроилов унга нисбатан А.Ваҳобов илгари сураётган айбловлар бирор асосга эга эмаслигини, А.Ваҳобов билан муқаддам ҲЕЧ ҚАЧОН кўришмаганини, ҳаётда илк марта 14 август куни учрашганини ва ўз-ўзидан А.Ваҳобовнинг гаплари туҳматдан иборатлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, 15 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходимлари томонидан айнан мазкур масала юзасидан ташкил қилинган юзма-юз учрашувда А.Ваҳобов KUN.UZ мухбири Раҳматилла Исроиловни танимаслигини ва ҳодиса юз берган куни (14 август) биринчи марта кўрганини баён қилган (буни тасдиқловчи аудиоёзувлар мавжуд)."

"Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётгани сабабли хизмат текшируви давомида тўпланган ҳужжатлар (тегишли аудио ва видеоматериаллар билан бирга) қўшиб ўрганиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилди."

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг Kun.uz сайти мухбирларига қилган муносабатини "номуносиб, қўпол муомала", деб баҳолади, инцидент акс этган видеода ўринбосарнинг "ҳатто камерани олиб қўйиш таҳдиди билан тажовуз қилгани"ни белгилаб ўтди.

АОКА Телеграм каналида эълон қилинган "Расмий муносабат"да бундай дейилган:

"Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга".

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланди ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб турган. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.

XS
SM
MD
LG