Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:03

Ҳокимлик: бу йил пахтани тўлиқ "кўнгилли ҳашарчилар теради" (ФОТО)


Сирдарё вилояти ҳокимлиги бу йилги пахтани териб олишга кўнгилли тарзда ёлланадиган ҳашарчилар учун "Дала ҳашарчилари шаҳарчаси" ҳозирланаётгани ҳақида маълум қилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, бу йил пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги учун барча қулайликларга эга бўлган шаҳарчалар барпо қилинмоқда ва бунга республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳомийлик қилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги нашри 17 август куни кўргазма тариқасида тақдим қилинган илк шаҳарчадан репортаж эълон қилди ва бу хабарни Меҳнат вазирлиги ҳам тармоқдаги саҳифасида улашди.

Айтилишича, Сирдарё вилояти бўйлаб 8 та туманда жами 90 та “Дала ҳашарчилар шаҳарчаси” ташкил этилади ва бунга 51 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Расмий хабарда вилоят бўйлаб жами шаҳарчаларнинг 36 минг ҳашарчига мўлжаллангани айтилмоқда.

Кўргазма тариқасида тақдим қилинган илк шаҳарчада ​"ётоқхона, маданият, тиббиёт, компьютер хоналаридан тортиб ошхона, омборхона, ювиниш хоналаригача" намойиш қилинган.

"Ҳашарчиларга бу ерда худди шаҳарлардаги меҳмонхоналардагидек хизмат кўрсатилади. Палаткали ётоқхоналарда барча қулайликлар бисёр: янги чойшаб, кўрпа-ёстиқ, юмшоқ ўриндиқларгача жиҳозлаб қўйиб қўйилган", деб ёзади вилоят ҳокимлиги нашри бўлган "Сирдарё ҳақиқати" нашри.

Шунингдек, ҳашарчилар шаҳарчаларида "юқори тезликда ишловчи интернет, вай-фай тармоқлари" ҳам ишга туширилгани айтилмоқда.

Сирдарёнинг Боёвут туманида кўргазма қилинган илк шаҳарчада соатига 200та буханка чиқарадиган нон цехи ҳам қурилган.

Расмий хабарга кўра, Сирдарё вилоятида қурилиши кўзланган 90 та шаҳарча учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вилоят бюджетидан 51 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилади.

"Вилоят ҳокимлиги ва барча мутасадди ташкилотлар томонидан бу йилги пахта йиғим-терими ҳар йилгидан тубдан фарқ қилиши, яъни мажбурий меҳнатга тўла барҳам берилиб, ҳашарчилар кайфиятини кўтарган ҳолда “Сирдарё тажрибаси – садоқат намунаси” шиори остида амалга оширишни мақсад қилиб қўйдилар", деб ёзади нашр.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти ҳар пахта терими мавсуми арафасида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигини таъкидлаб келади.

Шунга қарамай, 2-3 ой давом этадиган кузги мавсумда, асосан, давлат бюджетига қарам бўлган ташкилот ва корхона ходимлари, шунингдек хусусий ташкилот ишчиларининг пахта теримига мажбурий сафарбар қилиниши кузатилади.

Бу йилги мавсум олдидан эса Андижон вилоятида ички ишлар ходимларининг потенциал "кўнгилли ҳашарчилар" - маҳалладаги аҳолидан теримга чиқиши ҳақида тилхат ёзиб беришни сўраётганидан шикоят Озодликка келди.

XS
SM
MD
LG