Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Гулнора Каримовага қарши янги жиноят ишлари қўзғатилди, Имон Каримова буни "сиёсий цирк" деб атади


Гулнора Каримова Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида сақланмоқда.
Гулнора Каримова Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида сақланмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан яна учта ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилди.

Бош прокуратура Гулнора Каримовани давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатган.

Жиноят ишлари қўзғатилишига «White and Case» халқаро компаниясидан келиб тушган маълумотлар ва фуқароларнинг аризалари асосида тўпланган текшириш ҳужжатлари асос бўлган.

“Аниқланишича, Гулнора Каримова бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда, «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» АЖнинг давлатга тегишли бўлган акцияларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олган”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Расмий маълумотда билдирилишича, Гулнора Каримова қайд этилган акцияларни чет эл тадбиркорларига сотган ҳамда уларнинг ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб, республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Бундан ташқари, Гулнора Каримова фуқаролар ва турли компания эгаларини зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, уларнинг мулкини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.

“Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди. Жиноят ишлари бўйича тергов давом этмоқда”, деб маълум қилди Бош прокуратура.

Гулнора Каримованинг қизи Имон Бош прокуратуранинг бу баёнотига ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали жавоб қайтарди. У Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган янги жиноят ишларини “сиёсий цирк” деб атади.

“Швейцария прокуратураси бир неча марта Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовага билдирилаётган айбловлар ва унинг жазо муддатини ҳисоблаш юзасидан қонуний саволларга жавоб бера олмаётганини таъкидлаган. Ўзбекистон ҳукуматининг жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш ҳаракатларига қарамай, Гулнора Каримова давлат мулкини талон-торож қилишда иштирок этмагани, фақат хориж компаниясидан пора олишда айбланаётгани ойдинлашганидан сўнг, Ўзбекистон бирдан ўзига керакли бўлган айбловлар асосида янги ишларни қўзғатишга қарор қилди”, деб ёзди Имон Каримова.

Унинг нуқтаи назарича Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовани қамоқда иложи борича кўпроқ сақлаб туришдан манфаатдордир:

“Ҳокимият ва унга яқин одамлар Гулнора Каримовани озод этилишига максимал даражада тўсиқлар қўйишга ҳаракат қилмоқда, негаки улар ўзларининг ноқонуний ҳаракатлари, Гулнора Каримова халқаро тергов жараёнида кўрсатма берадиган бўлса, фош этилишидан қўрқмоқдалар”, деб ёзди Имон Каримова.

Имон Каримова 1 август куни ҳам Зангиота аёллар қамоқхонасида қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримова устидан “яна бир нолегал суд режалаштирилмоқда”, деб ёзган эди.

Бироқ Имон Каримова онасига нисбатан қандай айблов илгари сурилаётгани ҳақида ҳеч нарса демаган.

XS
SM
MD
LG