Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:55

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма бўлди, ўлган ва яраланганлар бор


Қирғизистоннинг отишма содир этилган Максат қишлоғи. Архив сурат.
Қирғизистоннинг отишма содир этилган Максат қишлоғи. Архив сурат.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида содир этилган отишма оқибатида камида тўрт одам ҳалок бўлди ва камида 25 одам жароҳатланди. Томонлар ҳодисада бир-бирини айбламоқда.

Қирғизистон-Тожикистон чегараси: Отишмада камида тўрт одам ҳалок бўлди, 25 одам жароҳатланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:05 0:00


Расмийларнинг билдиришларича, 16 сентябрь куни Қирғизистоннинг Лайлак ва Тожикистоннинг Бобожон Ғофур тумани чегарасида содир этилган отишма кеч соат 19да бошланиб, 21:30да тўхтатилган.

Озодлик радиоси тожик хизматининг “Азия Плюс” агентлигига таяниб хабар беришича, ҳодисада уч нафар тожик чегарачиси – 1984 йилда туғилган подполковник Рустам Убойдуллоев, 1998 йилда туғилган оддий аскар Рамазон Исломов ва 2000 йилда туғилган оддий аскар Ғиёсиддин Сувонов ҳалок бўлди. Яна 12 нафар одам яралангани айтилмоқда.

Озодлик радиоси тожик хизмати ҳозирча бу хабар ҳукумат томонидан расман тасдиқланмаганини, журналистларнинг бу борадаги уринишлари самара бермаганини таъкидлаган.

Қирғизистон Чегара хизмати отишмада 1978 йилда Тошкентда туғилган прапоршчик Равшан Мўминов ҳалок бўлганини билдирди. Қирғизистон томони Тожикистон чегарачилари гранатомётдан ўт очганини билдирмоқда.

-Сўнгги маълумотларга қараганда, 13 одам жароҳатланди. Улардан етти нафари ҳарбий хизматчилар ва олти нафари маҳаллий аҳоли вакилларидир. Ҳарбийлардан икки нафарининг аҳволи оғир. Яраланганлардан 11 нафари Бош штабнинг ҳарбий-транспорт самолёти билан Бишкекка олиб кетилади ва ўша ердаги касалхоналарга жойлаштирилади, - деди Қирғизистон Чегара хизмати расмий вакили Гулмира Бўрубаева.

Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари билдирган маълумотларда айтилишича, отишма Қирғизистоннинг Максат ва Тожикистоннинг Овчи Қалъача қишлоқлари туташган баҳсли ҳудудда содир этилган.

Овчи Қалъача жамоати бошлиғининг ўринбосари Абдуҳамид Одинаев Озодлик радиоси тожик хизматига ҳодиса 18:30ларда бошланганини айтди. Унга кўра отишмада камида 12 нафар тожикистонлик жароҳатланган.

-Қирғиз томони спорт майдончасига қурилиш учун шағал тўка бошлагани ортидан даҳанаки жанжал бошланиб кетди. Маҳаллий аҳоли жуда ғазабда эди, бироқ жанжал аста-секин сўна бошлади. Ярим соатлардан сўнг қаердадир ўқ отилди. “Тез ёрдам” машинаси касалхонага 12 тожикистонликни олиб кетди. Қанча одам яралангани ҳозирча аниқ эмас, - деди Абдуҳамид Одинаев.

Тожикистон Чегара хизмати маҳаллий аҳоли ўртасида даҳанаки жанжал бўлган ҳудудга “Қирғизистон томони 250-300 кишидан иборат қўшимча кучларни жалб қилди, шундан сўнг улар провокацион ҳаракатларни амалга оширди ҳамда Баҳор маҳалласининг қуролсиз аҳолисига қараб ўқ узди”, деб билдирди.

Аммо Қирғизистон томони 16 сентябрь кечқурун тарқатган баёнотида Тожикистонни айблади. Баёнотда айтилишича, "Тожикистон чегарачилари Максат чегара постига биринчи бўлиб ўқ отган, шундан сўнг улар Сай постига ҳам ўқ отганлар. Бунинг натижасида бир нафар қирғиз чегарачиси ҳалок бўлган".

16 сентябрь куни кечқурун бўлиб ўтган воқеа юзасидан Тожикистон ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлари телефон орқали мулоқот ўтказдилар.

Айни пайтда икки давлатнинг юқори даражали ҳукумат амалдорлари вазият кескинлашиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида музокаралар ўтказаётгани хабар қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG