Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:41

Зомин ҳокими туҳматда айблаган ҳуқуқ фаолининг Ўзбекистондан чиқишига изн берилмади


Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Малоҳат Эшонқулова 19 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегара пунктидан чиқарилмади.

Эшонқулова тахминича, бунга ҳокимият вакилининг ўз устидан очтирган жиноят иши асос қилиб олинган бўлиши мумкин.

Айни куни Эшонқулова Жиззах вилояти Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниевни ҳақорат ва туҳмат қилганликда гумон қилиниб, терговга чақирилган.

- Ҳозиргина халқ орасида "Черняевка" дейиладиган чегара постининг F2-0540 рақамли сержанти: "Опа, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йилдаги 8-сонли қарорига асосан сизни чегарадан чиқиш ҳуқуқингиз тақиқланган экан. Қачон, ким томонидан тақиқ қўйилгани номаълум", деб мени қайтарди, - дейди журналист.

Бу қарор эса¸ айтилишича¸ устидан тергов бораётган, айбланган ва маҳкамани кутаётган шахсларнинг четга чиқишини чеклашни кўзда тутади.

Шу йил 5 май куни Зомин прокуратураси туман ҳокими Алишер Абдуғаниев киритган сўров асосида Малоҳат Эшонқулова устидан жиноят иши очган.

Ҳоким Эшонқуловани Интернет тармоғида тарқатган материалларида ўзини ҳақорат қилганлик ва туҳмат қилганликда айблаган.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, ҳоким арзига сабаб бўлган материални Facebook саҳифасида эълон қилган ва унда Зомин туманида яшовчи пенсионер Нишонбой Худойбердиевнинг томорқаси ва уйининг бир қисми тортиб олинганини ëзган.

- Мен бу материалда Зомин тумани ҳокимига риторик саволлар берганман, луқмалар ташлаганман. Ана шу риторик саволларим ва луқмаларим билан ҳокимни ҳақорат қилиб қўйганмишман. Мен бу айбловга қўшилмайман ва буни касбий фаолиятимга таҳдид, деб ҳисоблайман, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Журналист ўзига нисбатан очилган жиноят ишини ноқонуний, деб ҳисоблашини айтади.

Унга кўра, ҳануз айблов эълон қилинмаган, ўзидан иш доирасида тушунтириш олинмаган, шу боис, мамлакатдан чиқишининг чекланиши ҳам ноқонунийдир.

Қуйида М.Эшонқулова билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG