Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:57

Қўқонда рўмолли ўқувчилар ва уларнинг оиласи рўйхатлари тузилди


Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2018 йилда тасдиқланган мактаб формаси
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2018 йилда тасдиқланган мактаб формаси

Қўқон шаҳридаги ўрта мактаблар маҳалла қўмиталари билан ҳамкорликда рўмолли ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари рўйхатини тузди.

Рўйхатга тушган оилаларга оид маълумотлар йиғилиб, шаҳар ҳокимлигига берилган ва бундай оилалар билан ишловчи махсус ишчи гуруҳ тузилган.

Оддий қўқонликлардан олинган бу маълумотни Қўқон шаҳар ҳокимлиги мулозими ҳам, Халқ таълими вазирлиги мулозими ҳам инкор этмади.

Ўзбекистон мактабларида ўқувчи қизларнинг бош кийимда дарсга кириши Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тақиқланган.​

Нусхаси Озодликка келган рўйхатда Қўқон шаҳридаги 26та мактаб, уларда ўқийдиган рўмолли қизлар ва уларнинг ота-оналари исм-фамилиялари, уй манзиллари, ота-оналарининг иш жойи қайд этилган.

"Қўқон шаҳридан мурожаат қилаяпман, бизнинг мактабларда рўмол ўраб келадиган қизларни яширин рўйхатга олиш бошланди" деб ёзди исмини сир сақлашни истаган қўқонлик ўқитувчи.

Озодликка нусхаси келган рўйхатларда рўмолли ўқувчилар 3 тоифага ажратилган:

дарсга рўмолини ечиб кирган қизлар;

рўмолини ечишни истамай мактабдан қайтиб кетган қизлар;

рўмолини ечмасдан дарсга кирган қизлар.

Шаҳардаги 4- мактаб ўқувчиларидан бирининг онаси оила рўйхатга тушганидан бехабар бўлиб чиқди.

"Ҳа, қизимиз рўмолга кириб олди. Яқинда дадамиз Ҳажга бориб келганидан кейин қизимиз рўмол ўраб олди. Лекин, биз аслида замонавий оиламиз опа, бунақа рўйхатдан хабаримиз йўқ. Мен ўқитувчиси билан гаплашаман ҳозир" деди ҳайратини яширмаган она. (Онанинг исми маълум сабабларга кўра, ошкор қилинмаётир - таҳр.)

Озодлик мухбири рўйхатларда рақами қайд этилган бир неча мактаб билан боғланди. Мактаб масъуллари рўйхат шаҳар ҳокимияти буйруғи билан тузилиб, қўшимча маълумотлар билан тўлдириш учун маҳалла фуқаролар йиғинига тақдим этилганини билдирди.

Қўқон шаҳридаги қатор маҳалла фуқаролар йиғини раислари эса рўйхат ҳокимликка тақдим қилингани ва айни пайтда номи қоғозга тушган оилалар билан ишлаш учун махсус ишчи гуруҳлар тузилаётганини билдирди.

"Ҳокимиятга бердик рўйхатларни. Ҳозир ота-оналари билан тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Отин ойи ва маҳаллада гапи ўтадиган обрўли кишилардан ишчи гуруҳлар туздик. 4-сентябрдан бери ишлаяпмиз" деди шаҳар марказидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг исмини ошкор қилмаётганимиз раисаси.

Шаҳарнинг асосан кўпқаватли уйлар жойлашган даҳасидаги яна бир маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам рўйхатдан хабардорлиги, аммо унинг маҳалласи ҳудудидаги мактабда рўмол ўраган ўқувчи қизлар йўқлигини айтди.

"Бизни мактабда бир дона ҳам рўмолли ўқувчи қиз йўқ. Мактабимиз жуда замонавий. Лекин, бошқа маҳаллалар рўйхатларни топширишди", деди номини ошкор қилмаётганимиз маҳалла раиси.

Маҳалла раислари ҳокимият бу рўйхатларни нима қилиши - яъни, рўйхатлар ҳокимиятларда қоладими ёки Тошкентга кетадими - бу саволга аниқ жавоб бера олмади.

Аммо, уларга рўйхатдаги оилалар билан алоҳида тушунтириш ишларини бошлаш вазифаси юклатилганини айтишди.

"Энди шу оилаларга тушунтираяпмиз - Интернетдан ёки кинолардан кўриб олиб, бошқа давлатларга, ёт тушунчаларга тақлид қилиб юрманглар, деб яхшилик билан тушунтираяпмиз. Қора ёки тўқ ранглардаги рўмолларни ўраманглар, шу Қўқонимизда қадимдан бўлган урф бўлган ҳарир, очиқ рангдаги рўмолларни ўранглар, деяпмиз. Мактабда бош кийим мумкинмас, ечиб киришяпти", деди шаҳар марказидаги маҳалла фуқаролар йиғини раисаси.

Қўқон шаҳар ҳокимлиги вакили рўмолли қизлар рўйхатлари ҳақидаги маълумотни инкор қилмади. Аммо, шаҳар ҳокимининг айни ишларга масъул ўринбосари, дея телефон рақами тақдим қилинган расмийдан бу масалада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Халқ таълими вазирлиги қабулхонаси ҳам Озодликка айни тарзда жавоб қайтарди - маълумот инкор қилинмади, аммо саволларга жавоб ҳам берилмади.

Айни пайтда, Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг бош кийимда дарсга кириши Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тақиқланган.

2018 йилнинг 15 августида қабул қилинган 666-сонли "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорнинг 7-бандида шундай дейилади:

"7. Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно".

XS
SM
MD
LG