Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:11

OzodTa'sir: Москвада ўзбек муҳожирларини калтаклаган полициячиларга нисбатан хизмат текшируви бошланди


Илҳом Холматовнинг (суратда) оёғи синган ва мияси чайқалган.
Илҳом Холматовнинг (суратда) оёғи синган ва мияси чайқалган.

Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида ўзбекистонлик муҳожирлар ўтирган квартирага бостириб кирган ва муҳожирларни калтаклаган полициячиларга нисбатан хизмат текшируви бошланди.

«Подмосковье сегодня» нашрининг Москва вилоят полицияси матбуот котиби Татьяна Петровага таяниб ёзишича, “бу воқеа юзасидан хизмат текшируви ҳар томонлама ва диққат билан ўтказилади”.

-Полициячиларнинг айбдор экани аниқланса, улар ички ишлар органларидан ишдан бўшатилади ва қонунчиликда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилади. Бундан ташқари мазкур полициячиларнинг бевосита раҳбарлари ҳам жазоланади, - деб қўшимча қилди Татьяна Петрова.

Озодлик радиоси 24 сентябрь куни бўлиб ўтган ҳодиса тўғрисида мақола эълон қилган эди.

Мақолада айтилишича, 20 сентябрь, кеч соат 10 ларда ўзбек муҳожирлари ўтирган квартирага маҳаллий полиция бостириб кирган. Улар бу хонадонда 10 кило наркотик модда борлигини иддао қилиб, муҳожирларни калтаклай бошлаган. Муҳожирлардан икки нафари 2- қаватдан сакраб, қочмоқчи бўлган ва оғир жароҳатлар билан реанимацияга ётқизилган.

Иккинчи қаватдан қулаган икки ўзбекистонлик беҳуш ҳолатда пастда ётган ва уларни ўтиб кетаётган тожикистонлик бошқа мигрантлар кўриб қолиб, "Тез ёрдам" чақирган.

"Тез ёрдам" келиши биланоқ, мигрантнинг квартирасида бўлган 3 полициячи подъезд ичкарисида кутиб турган бошқа шериклари билан ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Москва вилоят Ички ишлар бошқармаси Озодлик радиосига ўзбек муҳожирларига қилинган ҳужум юзасидан хизмат суриштируви ўтказилишига ваъда берган эди.

XS
SM
MD
LG