Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:39

Reuters: Ўзбекистон махсус хизматлари фаолларга қарши киберҳужумларни уюштирган


Ўзбекистон махсус хизматлари сотувда мавжуд бўлган компьютер жосуслиги воситаларидан фаоллар ва диссидентларга қарши киберҳужумларни уюштиришда фойдаланган.

Reuters агентлигининг хабар беришича, бу ҳақда Лондонда бўлиб ўтган VirusBulletin анжуманида “Касперский Лабораторияси” мутахассислари тайёрлаган ҳисоботда маълум қилинди.

Ўзбек киберразведкаси тўғрисидаги ҳисоботни анжуманда тадқиқотчи Брайан Бартоломью тақдим этган.

Экспертлар SandCat хакерлар гуруҳини Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати билан алоқадор деб ҳисобламоқдалар.

“Хакерлик ҳужумлари тўғрисида маълумотга эга бўлган икки кишининг билдиришича, Fergana News, Eltuz, Centre1 ва “Фаластин хроникаси” сайтлари ДХХнинг киберҳужумлари нишони бўлган”, дейилади Reuters мақоласида.

Хакерларнинг бир нечта компьютерига Касперский антивируси ўрнатилган, жумладан, бу антивирус шубҳали кодни аниқлаш ва уни таҳлил қилиш учун ишлаб чиқарувчига жўнатиш тизимига ҳам эга бўлган.

“Касперский Лабораторияси” мутахассисларини бир манбадан жуда кўп заифликлар топилгани қизиқтириб қолган ва улар текширув жараёнида зарарли код жўнатилаётган IP-манзилни аниқлашга муваффақ бўлганлар. Бу манзил itt.uz доменида жойлашган бўлиб, у Тошкентдаги 02616 ҳарбий қисм номига расмийлаштирилган.

Мазкур ҳарбий қисм журналист Бобомурод Абдуллаевга қарши суд жараёни пайтида ҳам тилга олинган эди.

Газета.uz журналистнинг адвокатига таянган ҳолда, журналистнинг электрон ускуналарини айнан мана шу ҳарбий қисм суд экспертизаси ўтказиш учун олиб қўйганини билдирган.

Мақолада айтилишича, экспертлар очиқ реестрда мавжуд бўлган itt.uz домени ўз иш жойини 02616-ҳарбий қисм сифатида кўрсатган О.Т. Ходжакбаров деган шахс номига расмийлаштирилганини аниқлаганлар.

“Омониллахон Тўлқунович Ходжакбаров номи Ўзбекистон президенти фармонида Миллий хавфсизлик хизмати ходими сифатида тилга олинган. 2005 йилда у давлат мукофоти билан тақдирланган. ДХХ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси орқали йўлланган саволларимизга жавоб бермади. Reuters изоҳ олиш учун Ходжакбаров билан боғлана олмади, Ўзбекистон президенти администрацияси ҳам унинг ДХХдаги роли ёки унинг мукофотланиши тўғрисидаги саволларга жавоб бермади”, дейилади мақолада.

Ўзбек киберразведкаси тўғрисидаги ҳисоботни анжуманда тақдим этган Брайан Бартоломью киберҳужумлардан кўзланган аниқ мақсадлар нима бўлганини айтишдан бош тортди.

Бироқ у SandCat “ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва бошқа диссидентларга ҳужумлар уюштиргани”ни таъкидлар экан: “Биз мазкур гуруҳ мамлакат ташқарисига кўп ҳужум қилганини кузатмадик, киберҳужумларнинг барчаси мамлакат ичкарисига қаратилган”,-деб айтди.

XS
SM
MD
LG