Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:06

"Яккабоғ воқеаси"дан сўнг Мирзиёевдан узр сўраган ҳоким вилоятдан олиниб туманга тайинланди (ВИДЕО)


Зафар Рўзиев
Зафар Рўзиев

26 октябрь куни Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан олинган Зафар Рўзиев, ўша куниёқ, Жиззах вилоятининг Зарбдор туманига ҳоким этиб тайинланди.

Президент Мирзиёев шу йилнинг 2 август кунги видеоселектор йиғилишида бу ҳокимни қаттиқ танқид қилган, уни ишдан олиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида Бош вазирга топшириқ берганди.​

Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра, шанба куни Зарбдор туманида ўтказилган навбатдаги сессияда туман ҳокими этиб, 2013 йилдан буён Қашқадарё вилоятига ҳокимлик қилган Рўзиев Зафар Шаропович тайинланган.

Бу йиғилишда президент маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев иштирок этган.

Шу куни Қашқадарё ҳокимлиги матбуот хизмати вилоятда бир неча ҳоким — вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Қарши шаҳар ҳокими Жамшид Фозилов, шунингдек, Чироқчи, Миришкор ва Китоб туманлари ҳокимлари ҳам ишдан олинганини хабар қилди.

Қашқадарë вилояти, Яккабоғ туманидаги тадбиркор кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб, ëқиб юборгани ҳақида Озодлик шу йилнинг 22 июль куни хабар берган эди.

Бу воқеа ортидан Яккабоғ туман ҳокими ва унинг ўринбосари ишдан олинди, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев эса Яккабоғ туманига бориб, аҳоли ва жамоатчилик фаоллари даврасида президент ва халқдан кечирим сўради.

Президент Мирзиёев шу йилнинг 2 август кунги видеоселектор йиғилишида бу ҳокимни қаттиқ танқид қилган, уни ишдан олиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида Бош вазирга топшириқ берганди.

Зафар Рўзиевдан ташқари, Хоразм ва Фарғона вилояти ҳокимлари ҳам, президентнинг кескин танқидига учраганди.

Зафар Рўзиев Қашқадарë вилояти ҳокими вазифасига тайинланишидан аввал Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлаган.

У вазир бўлгунга қадар Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими, Ўзбекистон президентининг қишлоқ хўжалиги ва сув масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифаларида ишлаган.

Зафар Рўзиев ишдан олинган 26 октябрь кунги йиғилишда Зойир Мирзаев Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. ​

Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлагани билан Озодлик муштарийларига яхши таниш бўлган Зойир Мирзаев ўтган йилнинг 29 октябрь куни бош вазир муовини лавозимидан бўшатилганди.

Бундан ташқари, 26 октябрь кунги сессияда, думбул билан танилган Миришкор ҳокими Равшан Комилов ҳам ишдан олинди.

Шунингдек, вилоят ҳуқуқ-тартибот тизимининг уч асосий мулозими: вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи ва вилоят солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасидан олинди.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Эркабой Тожиев ​эса Қашқадарё вилояти прокурори этиб тайинланди.

XS
SM
MD
LG