Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:11

Президент куёвига яна лавозим тегди - MMA ассоциацияси президенти бўлди (ВИДЕО)


Отабек Умаров спортчилар даврасида (Instagram)
Отабек Умаров спортчилар даврасида (Instagram)

Президентнинг кичик куёви Отабек Умаров Ўзбекистонда янги очилган ММА ассоциацияси президенти бўлди.

Отабек Умаров Instagram тармоғидаги саҳифасида бу ташкилотнинг очилишию унга ўзининг президент этиб сайланишида - президент Шавкат Мирзиёев "беқиёс кўмак" берганини алоҳида урғулади.

8 ноябрь куни Аралаш жанг санъатлари - ММA ассоциацияси ва унинг президенти Отабек Умаровнинг тақдимоти Buka GYM спорт марказида бўлди.

Тақдимотга Ўзбекистон тарихида илк бор - 23 ноябрь куни Тошкентда бўладиган ММA GFC-20 турнирида қатнашадиган спортчилар ва уларни тайёрлаётган усталар йиғилди.

Отабек Умаров тадбир ҳақида Instagram тармоғидаги саҳифасида хабар қолдирди.

Умаров янги лавозимга тайинланишида президент - қайинотаси Шавкат Мирзиёевнинг кўмаги беқиёс эканини алоҳида урғулади:

"Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатимиз барча соҳаларда, хусусан, спортда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши учун аниқ вазифалар белгилаб берди, айни чоғда унинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки спорт шахс камолотига, руҳий ва жисмоний тобланишига хизмат қилади ва иродасини мустаҳкамлайди. Ана шундай беқиёс кўмак бизни республикада ММАни ривожлантиришга қаратилган лойиҳага қўл уришга ундади. Ёшларни мен билан биргаликда қўллаб-қувватлаш учун келган спортимиз фахрийларига эса алоҳида миннатдорчилик билдираман", деб ёзди Отабек Умаров.

Маросимда Комилжон Худойберганов, Ҳамроқул Рафиев, Эркин Ғиёсов, Александр Истомин ва Аъзамжон Шокиржонов каби халқаро майдонда ютуқ қозонган фахрий спорт усталари иштирок этди.

Уларнинг президент Мирзиёев ва унинг куёви шаънига айтган олқишлари ҳам Умаров саҳифасидан жой олди.

ММA - дунёда оммалашган ва кейинги йилларда, ўзбекистонлик спорт усталари ҳам профессионал равишда шуғулланиб, халқаро майдонда энг юқори совринларни қозонаётган спорт туридир.

23 ноябрь куни Тошкентдаги "Ҳумо Арена" муз мажмуасида мамлакат тарихида илк бор ММA GFC-20 турнири бўлиб ўтади.

Унда ММА устаси, енгил вазнда жаҳон чемпиони Хабиб Нурмагомедов ҳам қатнашишини маълум қилган.

"Ассалому алайкум, Ўзбекистон. Худо хоҳласа, 23 ноябрь куни Тошкентдаги #GFC20 мусобақасида қатнашаман. Тез орада кўришамиз, ҳаммага саломатлик ва омад", деб ёзди Нурмагомедов.

23 ноябрь кунги марказий жангда Ҳабиб Нурмагомедовнинг амакиваччаси Умар Нурмагомедов ўзбекистонлик Амин Эргашев билан жанг қилади.

Шу йилнинг октябри бошида Нурмагомедов Ўзбекистонда ўзнинг ММА академиясини очмоқчи эканини ҳам билдирган.

ТАСС агентлиги спортчи бу масалада Ўзбекистондаги "кўплаб дўстлари" ёрдамига ишонишини айтганини хабар қилган.

"ММА йўналишини ривлжлантирамиз, менинг академиямни очамиз. Ўзбекистонда бу масалада қўллайдиган кўплаб дўстларимиз бор, мухлисларимиз кўп. Қайси давлатга бормай, ҳамма жойда ўзбеклар ёнимга келиб, омад тилайди", дея иқтибос келтирганди чемпиондан агентлик.

Аммо, Нурмагомедов "менинг академиям" деганда - ҳозир Отабек Умаров раиси бўлган уюшмани назарда тутганмиди ёки энди Ўзбекистонда ММА академияси ҳам очиладими - бу ҳозирча номаълум.

Асли Доғистонда туғилиб ўсган ММА устаси Ҳабиб Нурмагомедовнинг биринчи оила куёвлари билан яқин алоқада экани жамоатчиликка маълум.

ММA ассоциациясига президентлик, айни пайтда, Отабек Умаровнинг жамоатчиликка маълум учинчи лавозимидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви бўлган Отабек Умаров, бир вақтнинг ўзида, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари, Триатлон федерацияси раиси ва мана энди, Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти бўлди.

XS
SM
MD
LG