АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида президент Дональд Трампга нисбатан импичмент тергови доирасида тингловлар бошланди. Тинглов телевидение орқали намойиш этилмоқда.
Тингловнинг биринчи кунида АҚШнинг Украинадаги элчиси Уильям Тэйлор ва АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё бўйича ўринбосари ёрдамчиси Жорж Кент кўрсатма берди.
Уильям Тэйлорнинг айтишича, АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленд “Дональд Трамп кўпроқ ўз сиёсий рақибларини тергов қилишдан манфаатдор”, деб ҳисоблашини айтган.
Тэйлорга кўра, Украинага келган Сондленд элчихона телефони орқали 26 июль куни Трамп билан суҳбатлашган. Бу суҳбат давомида Трамп Сондленддан Байденга нисбатан тергов қандай кетаётгани билан қизиққан. Бу суҳбатга элчихонанинг бир ходими гувоҳ бўлган. У Сондленддан “Трамп Украина ҳақида қандай фикрда?” деб сўраганида, Сонленд унга: “АҚШ президентини кўпроқ Байденларнинг тергов қилиниши қизиқтиради”, деб жавоб берган.
Беш соат давом этган дастлабки тинглов республикачилар ва демократлар ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Демократик партия вакили Адам Шифф жорий ва кейинги ҳафта мобайнида давом этадиган тингловда АҚШнинг бошқа нуфузли амалдорлари кўрсатмалар беришини айтди. Унга кўра, тингловда “хориж давлатлари Трампга сиёсий ёрдам бериш мақсадида тергов ўтказиш бўйича хизматларини таклиф қилганми ва бу хизмат лавозимидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳисобланадими”, деган саволларга жавоб топилиши лозим.
Республикачи Девин Нуньес эса ўз чиқишида тингловни “демократлар томонидан театрлаштирилган томоша”, деб танқид қилди. Унга кўра, президент Трамп Украина янги президентидан собиқ вице-президент Жо Байденга нисбатан тергов ўтказишни илтимос қилганида ҳеч қандай қонунларни бузмаган.
АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.
Терговдан мақсад Трамп ўз ҳаракатлари билан импичментга сабаб бўладиган қонунбузарликларга қўл урганми-йўқлигини аниқлашдир.
Аввалроқ Тэйлор ёпиқ эшиклар ортида берган кўрсатмаларида Трамп маъмурияти Украина бўйича ташқи сиёсатида альтернатив каналлардан фойдаланганини "ножўя" ҳаракатлар дея таърифлаган.
Демократлар айбловига кўра, Трамп Зеленский ота-ўғил Байденларни тергов қилиш талабини бажармаса, Украинага ваъда қилинган ҳарбий ёрдам тўхтатиб қўйилишини айтиб, таҳдид солган.
Тэйлор Украинага ваъда қилинган ёрдамни сиёсий терговлар эвазига тўхтатиб қўйиш "аҳмоқлик" эканлигини таъкидлаган.