Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:40

Жиззахда ИИБ биносини таъмирлаётган 7 уста ис газидан ўлди


Усталар Даштобод шаҳри ИИБ биносида (суратда) ишлаган
Усталар Даштобод шаҳри ИИБ биносида (суратда) ишлаган

Жиззах вилоят, Зомин туман, Даштобод шаҳри Ички ишлар бўлими биносини таъмирлаётган 7 уста 19 ноябрга ўтар кечаси ис газидан ўлгани тўғрисида Озодликка вафот этганлардан баъзиларининг яқинлари билдирди. Бу хабарни бир-биридан мустақил бошқа уч даштободлик тасдиқлади.

Даштобод шаҳар ички ишлар бўлими мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади, лекин бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

Марҳумлар яқинларига кўра, аксари ёш йигитлар эканлиги айтилаётган усталар ИИБ биносининг ичидаги хоналардан бирида тунаган.

Эрта тонгдан ички ишлар биноси милиция ходимлари томонидан ўраб олинган.

Гувоҳларнинг айтишича, ўликлар ИИБ биносининг орқа эшигидан битта-битта олиб чиқилиб, Жиззах шаҳри моргига олиб борилган.

Айни пайтда ўлган усталарнинг қариндошлари Даштобод туман ички ишлар бўлими олдига йиғилган.

Озодлик Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизматига бу ҳақда сўров жўнатди ва жавоб кутмоқда.

Исми сир қолишини сўраган воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, эрта тонгдан ИИБ биноси ўраб олинган:

Шу кечаси газдан заҳарланиб ҳаммаси вафот этган.


“Кечагина кўрган эдим бу уста йигитларни ,20-30 яшар оралиғидаги ёш йигитлар эди. Милицияда ишлайдиган танишимнинг айтишича, бу йигитлар ИИБ хоналаридан бирида ётиб ишлаб юрган. Шу кечаси газдан заҳарланиб ҳаммаси вафот этган. Эрталаб ИИБ бўлимига борганимда милиция ходимлари бинони ўраб олган, ойналари қорайтирилган ЖИП мошинларда кимлардир келган. Ўлган йигитлардан бирининг яқинларидан бири уввос тортиб йиғлаб турганини, уни ичкарига киритишмаётганига гувоҳ бўлдим”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа гувоҳнинг айтишича, жасадлар ИИБнинг орқа эшиги томонидан олиб чиқиб кетилган:

“Ҳар битта ўликни биттадан Дамас "Тез ёрдам" машинасида олиб чиқиб кетишди. Айтишларича, Жиззахга олиб бориб экспертиза қилишар экан. Чиқиб кетаётган Дамасларни санадим, еттита эди”

Воқеа гувоҳининг айтишича, усталарнинг заҳарланишига ёниб турган газнинг ўчиб қолгани ва яна келгани сабаб бўлган:

"Бу йигитлар ИИБ биносининг иккинчи қаватидаги хонада яшашган. Кечқурун газни ёқиб ухлашган. Кечаси газ ўчиб қолган ва яна келган. уйқуда бўлган йигитлар газдан заҳарланган. Бу гапни органда ишлайдиган бир танишим айтди"

Озодлик олган, лекин расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, ўлганларнинг икки нафарини шахси аниқланган. Улар Самарқанд вилоятидан бўлган. Қолган беш нафар уста йигитлар эса Жиззах вилоятининг Бахмал туманидан эканлиги айтилмоқда.

Даштобод шаҳар ички ишлар бўлими мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади, лекин бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Абулқосим Аҳмедов бу воқеани ўрганиб, кейин хабар беришини айтди.

Аммо, Озодликнинг кун давомида қилган бошқа қўнғироқларига Абулқосим Аҳмедов жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG