Саратов вилоят прокуратураси 5 нафар ўзбекистонликдан фарзандларини ўқишга киритиш баҳонасида катта миқдорда пулларни олиб, кейин қочиб кетган Ўзбекистон ватандошини Тошкентга экстрадиция қилишга қарор қилди.
Саратов прокуратурасининг Озодликка билдиришича, сирдарёлик 40 яшар шахс уюшган гуруҳ таркибида жами 21 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўзлаштириб юборган.
Саратов вилоят прокуратураси Ўзбекистонда фирибгарлик ва пора беришга уринишда айбланаётган 1979 йилда туғилган Ўзбекистон ватандошига нисбатан экстрадиция текширувини якунлаганини эълон қилди.
Озодлик билан суҳбатлашган Саратов вилоят прокурори катта ёрдамчиси Татьяна Казаченко исми ошкор этилмаётган ўзбекистонлик Ўзбекистонда бир неча юртдошининг фарзандини олий ўқув юртига киритиб қўйишни ваъда қилиб, уларнинг 21 минг долларини ўзлаштириб юборганликда айбланаётганини билдирди:
- Ўзбекистон Республикасининг Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар Ички ишлар бўлими томонидан бу шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 211- (Пора бериш) моддалари асосида жиноят иши очилган экан. У шериклари билан олий ўқув юртларидаги танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш ваъдалари билан 5 нафар Ўзбекистон ватандоши пулига эгалик қилиб олган. 2015-2016 йиллар давомида улар жами 21 минг доллар ўзлаштирган. 2016 йилда Янгиерда бу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ундан шаҳарни тарк этмаслик тилхати олинган. Бироқ, у Россияга қочиб кетган, - деди Татьяна Казаченко.
Унга кўра, шу воқеадан сўнг қочоқ халқаро қидирувга берилган.
Озодлик ўз манбаларидан ҳибсхонада ушлаб турилган шахс Муроджон З. исмли шахс экани, унинг ёши 40да ва у сирдарёнинг Янгиер шаҳридан экани тасдиғини топди.
Жорий йилда Саратовда ҳибсга олинган Муроджон З.га нисбатан Россия Бош прокуратураси экстрадиция текширувини бошлаган.
Терговчилар Муроджон Россия гражданлигини олиш ҳаракатида бўлгани ва Россияда қонунан яшаб келганини аниқлади. Прокуратура ходимлари алданган ўзбекистонликлар маблағлари борасида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини билдиришди.
Саратов вилоят прокуратураси расмийси куни кеча айбланувчига нисбатан текширув якунига етгани ва Бош прокуратура уни Ўзбекистонга бериб юборишга қарор қилганини тасдиқлади:
- Экстрадиция текширувини биз олиб боргандик, якунланди. Бош прокуратура қарори кучга кирди - уни Ўзбекистон Республикасига бадарға қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Яқин орада у бериб юборилади.
Ўзбекистонда Муроджон З. ва унинг шерикларига нисбатан тергов ишлари давом этиши айтилди.