Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:58

Мирзиёев ОАВ билан муомалани билмаган "маънавиятсиз, кеккайган" раҳбарни огоҳлантирди (ВИДЕО)


Президент Мирзиёев селектор йиғилишида журналистлар билан "муомала қилишни билмайдиган", "маънавиятсиз, кеккайган" амалдорни сиёсатга хиёнатда айблади ва чора кўришидан огоҳлантирди.

Мирзиёевнинг бу танқиди - мамлакатдаги етакчи Kun.uz Интернет нашри ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасидаги можаро билан ўтган ҳафта якунида айтилди.

АҚШ Давлат департаменти вакили журналистларга таҳдид қилган амалдорларни қоралаган президент Мирзиёевнинг чиқишини қувватлади.

Давлат департаментидан муносабат

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари Элис Уэллс таҳдидга учраган ўзбек матбуоти ҳақида президент Шавкат Мирзиёев қилган чиқишни қувватлади.

23 ноябрь куни Twitter тармоғида қолдирган баёнотида Уэллс:

"Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги матбуотга нисбатан таҳдидни қоралаётганини эшитганимдан хурсанд бўлдим ва бу билан президент матбуот эркинлигига содиқлигини яна бир карра намойиш қилди. Журналист ва блогерлар хавфсизлиги ва ўз ишини эркин бажариш имконини таъминлаш очиқлик ва демократиянинг кучайишига ёрдам беради", деб ёзди.

"Маънавиятсиз, кеккайган раҳбар"

Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалаларига бағишланган селектор йиғилишида раҳбарларнинг жамоатчилик ва ОАВ билан мулоқот маданияти йўқлигини танқид қилди.

Давлат раҳбарининг бу танқиди мамлакатдаги етакчи Kun.uz Интернет нашри ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасидаги можаро кузатилаётган бир кезда янгради.

Шу боис, гарчи бирор мулозим исмини тилга олмаган бўлсада, президент Тошкент ҳокимини назарда тутаётганини тахмин қилиш мумкин.

"Замон шуни талаб қилаяпти, мен раҳбар сифатида, қандай оғир бўлмасин, чора кўришга тайёрман".

"2 йил олдин тассавур қилинглар - мен ҳам вилоят ҳокими бўлганман - биз бундай қабул қила олармидик?!"

"Ҳамма ўтирганлар - 4 та сектор район ва шаҳар, вилоятлар миқёсида қўрғошиндай ёзволинглар ўзларингга - қилган ҳамма ҳаракатларингиз битта гапларингиз билан сиёсатимизга хиёнат бўлаяпти", деди президент.

Шундан сўнг президент ижтимоий тармоқларда деярли ҳар куни "қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалаётгани"ни урғулади.

"Ҳаёт бор экан, бу - нафс деган балодан биз қутулолмаймиз. Халқни хизматига ўтдингми, ҳамма бу масалани ташлашинг керак. Ўтмаган бўлсанг, ҳозир ташла! Эртага кеч бўлади. Мажбур бўламиз, қонунга мурожаат қилишга", деди президент.

Kun.uz ва Ж. Ортиқхўжаев можароси

16 ноябрь куни Тошкент ҳокимининг журналистларни гей чиқариши, маҳалласида сазойи қилиши ва жисмонан йўқ қилиши мумкинлигини айтиб, таҳдид қилаётгани қайд этилган аудио ижтимоий тармоқларга сиздирилди.

Бироз ўтиб, Ўзбекистондаги етакчи Kun.uz Интернет нашри бу таҳдидлар ўзининг 3 мухбирига айтилганини маълум қилди.

Бу тафсилотлар очиқлангач, тармоқлардаги норозилик кучайиб, Тошкент ҳокимининг истеъфосига чақириқлар янграй бошлади.

Аммо, 18 ноябрь куни Интернет нашри Тошкент ҳокими билан ярашганини эълон қилди ва жамоатчиликдан мавзуни ёпишни сўради. Таҳририят бир кунда қарорини ўзгартиришга мажбур қилган омилларни очиқламади.

Қуйида бу воқеа тафсилотларига бағишланган Ozodlive дастурини томоша қилишингиз мумкин:

Огоҳлантирилган, аммо ишида қолган ҳокимлар

Бунга қадар 3 вилоят – Фарғона, Қашқадарё ва Хоразм ҳокимлари ҳам жамоатчиликнинг кенг муҳокамаси, охир-оқибатда, президент танқидига учраган эди.

Шу йилнинг 2 августидаги видеоселектор йиғинида президент бу ҳокимларни номма-ном санаган, уларни ҳам сенсираб қоралаган ва "сиёсатга хиёнат"да айблаганди.

Ўшанда ҳар уч ҳоким, айни пайтда сенатор бўлган уч мулозим, президентнинг кўрсатмаси билан, халқ олдида кечирим сўраган.

Ҳозирча, улардан бир нафари - Қашқадарё вилоятига ҳокимлик қилган Зафар Рўзиев шу йилнинг 26 октябрь куни ишидан олиниб, ўша куниёқ, Жиззах вилоятининг Зарбдор туманига ҳоким этиб тайинланди.

Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов ва, 2 августдаги селектордан сўнг ҳам бир неча бор огоҳлантирилиб, сентябрь охирида Сенатдан 3 ойлик синов муддати олган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевлар ҳануз ўз лавозимида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG