Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:59

OzodTarmoq: "Россия иқтисодий ривожланиш вазири Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига киришини тасдиқлади"


Ўзбекистон президенти Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазирини қабул қилмоқда, 7 март, 2019 йил
Ўзбекистон президенти Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазирини қабул қилмоқда, 7 март, 2019 йил

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Телеграмдаги каналида Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин Ўзбекистон 2020 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишини маълум қилгани ҳақида ёзди.

Иқтисодчи ёзган бу маълумот ҳозирча бирор расмий манба томонидан тасдиқланмади. ​

Иқтисодчига кўра, вазир Россия Олий иқтисодиёт мактаби (Высшая школа экономики) талабалари билан 30 ноябрь куни бўлган учрашувда шундай маълумот берган.

Иқтисодчи ёзган бу хабарни қатор нашрлар кўчириб босди ва қисқа вақт ичида бу хабар тармоқ фойдаланувчилари ўртасида баҳсу мунозарани уйғотиб юборди.

"Бугун Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин, Олий иқтисодиёт мактаби (НИУ ВШЭ) талабалари билан бўлган учрашувда Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига 2020 йили киришини тасдиқлади. Ундан ташқари, талабаларга келаётган таътилда Ўзбекистонга боришни тавсия қилди ва Ўзбекистон туристик жиҳатдан ниҳоятда қизиқлиги ва меҳмондўстлигини айтиб ўтди. Ҳозирда музокаралар Ўзбекистон давлат корхоналарига Евроосиё иттифоқига киришдаги имтиёзлар ҳақида бўлаётганини ва бу масалада келишув албатта бўлиши ҳақида айтди. Бошқа жуда ишончли манбаларга кўра,Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига кириши 2020 йилнинг кузида, Тошкентдаги МДҲ давлатлари саммитида эълон қилинар экан», деб ёзди Беҳзод Ҳошимов ўз каналида.

Иқтисодчи берган бу хабар ҳозирча бирор расмий манба томонидан тасдиқлангани йўқ.

Аммо, Ўзбекистондаги баъзи нашрлар, жумладан, Kun.uz нашри кўчириб босгач, ижтимоий тармоқда қисқа муддатда қизғин бахс бошланиб кетди.

Максим Орешкин ҳозирда Россия ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро коммисиясининг Россия томонидан раҳбаридир.

Октябрь ойи бошида Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев расмий Тошкент Евросиё Иқтисодий Иттифоқи - ЕОИИга қўшилиш эҳтимолини кўриб чиқаётгани, якуний қарорга ҳали келинмаганини айтганди.

"Бунинг салбий ва ижобий томонларини мутахассисларимиз ўрганиб келишяпти. Биз қаерда ютқазамиз, қаерда ютамиз? Албатта, иккаласи ҳам бўлади. Минтақавий ташкилотга кириш ўз ваколатларингизнинг бир қисмини беришни тақозо қилади, лекин шу билан бирга, у ердаги имкониятлардан фойдаланиш ҳам мумкин бўлади", - деган эди Сафоев 4 октябр куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш Ўзбекистон мустақиллигига рахна солади, деган хавотирларга ҳам муносабат билдирганди.

"Ўзбекистоннинг киришдан олдинги энг асосий шарти – Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари биринчи ўринда туради. Мустақиллигига путур етказадиган битта ҳам бандига Ўзбекистон қўшилмайди", деган эди Сафоев.

Октябрь ойи бошида Ўзбекистонда бўлган Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га қўшилиши "мавзусига бир неча маротаба қайтганликлари"ни айтган.

Ўшанда Россиядаги айрим хабар агентликлари Матвиенконинг "Мирзиёев қарор қабул қилди, Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИ қўшилиш масаласини ишлаб чиқмоқда", деган сўзларини келтирганди.

Шунингдек, шу йилнинг 7 октябрида Ўзбекистон Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳаси жойлаштирилганди.

Ҳужжатда Ўзбекистоннинг 2022-2025 йилларда ЕОИИга аъзо бўлиб кириши эҳтимоли кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG