Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Мирзиёев: Жамоатчилик том маънода уйғонди, мулозимлар ҳаракатига бевосита баҳо бермоқда (ВИДЕО)


Президент Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган нутқида асосий эътиборни халқ ва ҳокимият идоралари ўртасидаги муносабатга қаратди.

Президент, 2019 йилда жамоатчилик орасида баҳсу мунозара уйғотган шахсий мулк дахлсизлиги, матбуот ва мансабдорлар ўртасидаги низолар, шунингдек, аҳоли норозилик чиқишлари каби масалаларга тўхталди.

Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг 7 декабрь кунги нутқи матнини эълон қилди.

Қуйида президент нутқининг қисқача мазмуни билан танишинг:

Халқ қаршилиги

7 декабрь куни "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройидаги тантанали маросимда сўзлаган нутқи бошидаёқ, президент халқнинг қонун бузилишларига қаршилиги ҳақида гапирди.

"Халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлади. Бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонди, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этишга ўрганмоқда", деди президент.

Жамоатчилик назорати

Президент келгуси йилда ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан тизимини яратиш заруратини тилга олди.

"Фуқароларимиз ва депутатларимиз билдирган фикрлар асосида мактабларга мебель ва компьютерлар харид қилиш учун бюджет харажатларини қисқартириш ҳисобидан 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилди. Бундай ижобий ҳолат бизнинг тажрибамизда биринчи марта юз бераётганини алоҳида қайд этиш лозим". "Давлат идоралари фақат фуқароларга эмас, балки ўзларига нисбатан танқидий фикрларни ҳам адолат билан, холис кўриб чиқишлари лозим", деди Мирзиёев.

Матбуотга тазйиқ

Президент ҳар бир давлат органига ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга бўлиши, қилаётган ишлари ҳақида "керак бўлса, ҳар куни батафсил маълумот бериб бориши шарт"лигини уқдирди:

"Бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакилларидир. Демократик ислоҳотларимиз натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда"

"Яна бир марта такрорлайман, Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди".

Мулк дахлсизлиги

Президент 2019 йил давомида ҳам катта можароларга сабаб бўлган хусусий мулк дахлсизлигига тўхталди:

"Келгуси йил 1 январдан бошлаб ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилади". "Бундан ташқари, ерни олиб қўйиш ва компенсация тўлашнинг янги тартиби, ер фақат мулк эгасининг розилиги билан олинишига оид қоидалар жорий қилинди".

340 кунда 350 фармон

Президент шу йилнинг ўзида 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармони ва қарорлари қабул қилинганини айтди:

"Бу қонун ҳужжатлари ким учун ва нима мақсадда қабул қилинмоқда?Албатта, халқимиз фаровонлиги учун".

Суд

Президент суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига йўл қўймаслик шартлигини уқдирди.

"Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим", деб таклиф қилди президент.

Сайлов

Шу йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

"Янги Ўзбекистон – янги сайловлар" шиори остида ўтаётган бу кампания мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги ғоят муҳим воқеадир". "Ўтган қисқа даврда сайловга оид 21 та қонун тизимлаштирилиб, Ўзбекистон тарихида илк бор ягона Сайлов кодекси қабул қилинди". "Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотанинг бекор қилингани ҳам сиёсий майдонда соғлом рақобатни шакллантиришга хизмат қилади".

"Ушбу сайловлар орқали халқимиз бугунги ислоҳотларимизга баҳо берса, жаҳон ҳамжамияти янгиланаётган Ўзбекистонга баҳо беради".

Мирзиёев сайловда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси кузатувчилари ҳамда 40 дан ортиқ хорижий давлатдан 600 дан зиёд кузатувчи қатнашиши кутилаётганини алоҳида қайд этди.

Фуқаро мажбурияти

Айни пайтда, президент фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва савиясини ҳам танқид қилди:

"Айрим фуқароларимиз бошқарув идораларидан масъулият талаб қилишни яхши билади-ю, лекин ўзининг жамият олдидаги, қонун олдидаги масъулияти ва мажбуриятини унутиб қўяди". "Ҳаммангиз кўриб турибсиз, қанчалик оғир ва мураккаб бўлмасин, бугунги кунда зарур куч ва имконият, маблағ топиб, қанча-қанча катта дастур ва лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз".

Рақамлар

Президент ўз нутқи давомида қатор рақамларни тилга олди:

"Жорий йилнинг ўтган даврида Халқ қабулхоналарига келиб тушган 880 мингдан ортиқ мурожаатнинг 510 мингдан зиёди ижобий ҳал этилди".

"Сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди".

"Ана шу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида куни кеча навбатдаги фармонга имзо чекдим. Унга биноан жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкум афв этилиб, улар эркин ҳаётга қайтарилади".

"Яқин Шарқ, Афғонистондан 261 фуқаро, асосан аёллар ва болалар олиб келинди".

"3 йилда 9 минг 692 нафар, жумладан, ушбу йилда 5 минг 868 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди".

"33 миллиондан ортиқ Ўзбекистон аҳолисига фақатгина 4 мингта адвокат хизмат кўрсатаётганини ижобий баҳолаб бўлмайди".

"Умра зиёратига борувчилар сони 10 мингдан 30 мингтага, ҳаж зиёратига борувчилар эса 5 мингдан 7 минг 200 нафаргача оширилди, сафар билан боғлиқ харажатлар эса камайтирилди".

XS
SM
MD
LG