Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:18

Қашқадарёда ENTER Engineering ширкати 65 ишчиси заҳарланди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

ENTER Engineering PTE. Ltd ширкатининг Қашқадарёдаги қурилишларидан бирида ишлаётган 65 ишчи заҳарланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ишчилар овқатдан заҳарланган.

Заҳарланганларнинг 46 нафари аҳволи енгил, 19 нафари ўртача экани, оғир аҳволдаги беморларнинг йўқлиги айтилди.

ENTER Engineering ширкатининг Ғузор туманидаги UzGTL лойиҳаси учун қурилган шаҳарчасида бўлган ишчиларидан 65 нафари 13-14 декабрь кунлари заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди.

Аввалига, 13 декабрь куни, 11 ишчи "кўнгил айниши, қайт қилиш, ични тез-тез кетиши, тана ҳароратини кўтарилиши, совуқ қотиш каби" белгилари билан шифохонага олиб келинган ва уларнинг овқатдан заҳарлангани аниқланиб, "Ўткир гастроэнтерит" ташхиси қўйилган.

"Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 49 нафар, Республика тез тиббий ёрдам илмий марказий Қашқадарё филиали Токсикология бўлимида 10 нафар, Ғузор туман юқумли касалликлар шифохонасида 4 нафар, Нишон туман тез тиббий ёрдам бўлимида 2 нафар жами 65 нафар беморлар даволанмоқда. Беморларнинг 46 нафари аҳволи енгил, 19 нафари ўртача, оғир беморлар йўқ. Дори дармонлар захиралари етарли", деб маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Расмий баёнотга кўра, айни пайтда, беморлардан олинган ва заҳарланишга сабаб бўлган овқат намуналари текширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодисадан сўнг махсус штаб тузилгани ва вазият тўлиқ назоратга олганини билдирди.

ENTER Engineering ширкати Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида UzGTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводини қурмоқда.

Заҳарланган ишчилар улар учун қурилган шаҳарчада яшайди.

Россиянинг "Газпромбанк" гуруҳи 2012 йилда очилган ушбу ширкатнинг акциядоридир.

Расмий сайтида Enter Engineering ширкатининг "ЛУКОЙЛ", "Транснефть", "Арктик Газ", "Ўзбекнефтегаз", "Ўзтрансгаз", "Mitsubishi Heavy Industries Ltd." каби ширкатлар буюртмалари асосида нефтгаз саноати йўналишида йирик қурилишлар қилгани айтилган.

Айни пайтда, бу ширкатнинг Ўзбекистонда қуриши кўзланган - 2,2 миллиард долларлик лойиҳа - Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши тўхтаб қолган.

XS
SM
MD
LG