Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:02

Қонун лойиҳаси: Интернетда рухсатсиз намойишларга чақириқ учун 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланади


Лойиҳа қонунга айланган тақдирда¸ рухсат берилмаган юришни ëритган Нафосат Оллошукурова каби блогерлар 10 йилгача қамалиши мумкин.
Лойиҳа қонунга айланган тақдирда¸ рухсат берилмаган юришни ëритган Нафосат Оллошукурова каби блогерлар 10 йилгача қамалиши мумкин.

Ўзбекистонда йиғилишлар¸ митинглар¸ кўча юришлари ëки намойишлар уюштириш¸ ўтказиш тартибини бузиш ва оммавий тартибсизлик учун бериладиган жазо кескинлашиши ва Интернет орқали одамларни оммавий намойишларга чақириш ҳам оғир жиноятга айланиши мумкин.

Бу меъёр Озодликка сиздирилганЎзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳужжатнинг Озодликка юборилган нусхаси тепасида “Лойиҳа” деб ëзилган.

Лойиҳада хусусан¸ Маъмурий кодексга оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали “била туриб ëлғон маълумотларни тарқатиш” учун қамоқ жазоси беришни кўзда тутувчи янги банд қўшилган.

Ҳужжат¸ рухсат берилмаган намойишга чиқиш билан ижтимоий тармоқларда шундай намойишга чақиришни бир хил жиноят қилиб белгилайди.

Лойиҳанинг қонунга айланиши учун у аввалига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси¸ сўнгра эса Сенат томонидан маъқулланиши ва президент томонидан имзоланиши лозим.

Озодлик ҳозирча бу қонун лойиҳасининг айнан қайси босқичда эканини аниқлашга муваффақ бўлмади. Сенат матбуот хизматига кўра¸ 14 декабрь куни якунланган 25-ялпи мажлисида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш киритишни кўзда тутувчи қонун маъқулланган. Аммо Сенат расмийси Озодликка бу ўзгартишларнинг айнан қайси моддаларга тааллуқли эканини очиқламади.

Ҳуқуқшунос фикри

Қонун лойиҳаси бўйича мулоҳаза билдирган тошкентлик ҳуқуқшунос¸ уни халқни ҳукумат сиëсатидан ўз норозилигини ижтимоий тармоқлар орқали ифодалаш ҳаққидан маҳрум қилиш¸ блогер ва журналистларни эса¸ бундай эътирозлар ҳақида ëзишдан қўрқитиш уриниши сифатида баҳолади.

"Бу лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаганидан унинг қабул қилинишини кутиш мумкин. Агар бу лойиҳа 14 декабрь кунги Сенат йиғилишида қабул қилинмаган бўлса¸ бу иш янги сайланадиган парламентга қолган. Янги депутатлар бу лойиҳани қабул қилиш-қилмаслигига қараб¸ уларнинг халқ ëки ҳокимиятдан қай бири хизматида бўлишини аниқ кўрамиз" деди Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган ҳуқуқшунос.

Махфий “Лойиҳа”

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси¸ уни Озодликка сиздирган мулозимга кўра¸ махфий ҳужжатдир.

Жараëнга билвосита алоқадор мулозим таъкидича¸ лойиҳа муаллифи Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги¸ айни пайтда¸ лойиҳа “кўриб¸ қўшимча таклифлар билдириш учун” мамлакатдаги куч ишлатиш ваколатига эга барча структураларга тақдим этилган.

Бу қонун лойиҳасини regulation.gov.uz (норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган ҳукумат сайти) сайтидан қидириб ўтирманг¸ тополмайсиз. Чунки бу ҳужжат махфий ва ëпиқ тарзда ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилмайди. Силовой структурадаги органлар кўриб чиқиб¸ таклифларини берган. Ҳозир билишимча Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура кўриб чиқаяпти. Сенатга тақдим этилган-этилмаганидан хабарим йўқ”¸ деди махфий лойиҳа нусхасини Озодликка тақдим этган Тошкент мулозими.

Махфий ҳужжатни жамоатчиликка тақдим этиш оқибатларидан чўчиган мулозим¸ шахси сир қолишини сўради.

Унга кўра¸ бу лойиҳанинг ими-жимида қабул қилиниб¸ қонунга айланиши режаланмоқда.

Ҳатто президент қўл қўйиб¸ кучга киргандан кейин ҳам¸ жамоатчилик эътирозини четлаб ўтиш учун¸ бу ҳақда аниқ маълумот берилишига ишонмайман. Одамлар қонунга кескин ўзгартиш киритилганини фақат ўзларига янги қонун бўйича айблов қўйилгандан кейингина хабар топишлари мумкин. Жамоатчиликнинг бу махфий лойиҳа ҳақида Озодлик орқали олдиндан хабар топиши ва ўз позициясини билдиришини истайман”¸ деди махфий ҳужжатни сиздиришдан мақсадини изоҳлаган мулозим.

Махфий “Лойиҳа” нимани нимага ўзгартиради?

Лойиҳанинг 1-моддаси Жиноят кодексига¸ аниқроғи унинг икки моддасига ўзгартиш ва тўлдириш киритишни кўзда тутади.

Лойиҳада шундай ëзилган:

1) 217-модданинг биринчи қисми диспозицияси қуйидаги таҳрирда баëн этилсин:

“Ташкилотчи томонидан йиғилишлар¸ митинглар¸ кўча юришлари ва намойишлар уюштириш ëхуд ўтказиш тартибини бузиш¸ худди шунингдек оммавий ахборот воситалари¸ телекоммуникация тармоқлари¸ Интернет тармоқлари¸ бундан ташқари босма ëки матн босишнинг бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда¸ фуқароларга аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда таъсир кўрсатишда ифодаланадиган уларни рухсатсиз ўтказишга оммавий чақириш шундай ҳаракатлари учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса”.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг амалдаги таҳририда “Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш” деб номланган 217-моддасининг биринчи қисмида шундай ëзилган:

“Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ёхуд ўтказиш тартибини уларнинг ташкилотчиси томонидан бузиш шундай ҳаракатлари учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса”.

Жорий қонунчиликка кўра¸ бундай жиноят “энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Айни пайтда¸ “Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,

энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Лойиҳа оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали одамларни рухсат этилмаган оммавий намойишга чиқишни тарғиб этишни ҳам “йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ёхуд ўтказиш тартибини бузиш” жиноятига тенглаштириб¸ унга оғирлаштирувчи ҳолатларда уч йилгача қамоқ жазоси қўллашни кўзда тутади.

Махфий қонун лойиҳаси Жиноят кодексининг “Оммавий тартибсизликлар” деб номланган 244-моддасига тўлдириш киритишни кўзда тутади.

244-модданинг жорий кўринишига мувофиқ¸ “Қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, қирғин солиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш” ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Махфий лойиҳа 244-моддани қуйидаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан тўлдиришни кўзда тутади:

“Фуқароларга аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда таъсир кўрсатишда намоëн бўладиган ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик¸ оммавий тартибсизликлар ва фуқароларга нисбатан зўравонликка оммавий чақириш¸-

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ëки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ëхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ëки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

a)олдиндан тил бириктириб ëки бир гуруҳ шахслар томонидан;

б) оммавий ахборот воситалари¸ телекоммуникация тармоқлари¸ Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи¸ шунингдек босма ëки матн босишнинг бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса¸-

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ëки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ëки беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Биринчи қисм учинчи қисм деб ҳисоблансин”.

Қонун лойиҳаси Жиноят кодексига киритиладиган ўзгартиш ва тўлдиришлар муносабати билан ўнлаб қонун ҳужжатларини тузатишни ҳам кўзда тутади.

Маъмурий жавобгарлик кодексида рухсат этилмаган йиғилишлар учун белгиланган жазо ҳам кескинлашади

Озодликка сиздирилган махфий қонун лойиҳасининг 2-моддаси Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тузатиш ва тўлдириш киритишни кўзда тутади.

Бу тузатишлар ҳам кодекснинг айнан оммавий чиқишларга оид моддаларига тааллуқли ¸ улар ҳам оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали қилинадиган чақириқларга ҳам жазо тайинлашни назарда тутади.

Хусусан¸ лойиҳада шундай ëзилган:

1) 201-модданинг биринчи қисми диспозицияси қуйидаги таҳрирда баëн этилсин:

Йиғилишлар¸ митинглар¸кўча юришлари ëки намойишлар уюштириш¸ ўтказиш тартибини бузиш¸ худди шунингдек фуқароларга аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда таъсир кўрсатишда¸ шу жумладан оммавий ахборот воситалари¸ телекоммуникация тармоқлари¸Интернет тармоқлари¸ шунингдек босма ëки матн босишнинг бошқа усулларидан фойдаланишда ифодаланадиган уларни рухсатсиз ўтказишга оммавий чақириш¸-

2)қуйидаги мазмундаги 2011-модда билан тўлдирилсин:

2011-модда. Қонун ҳужжатларини бажармаслик ëки бузишга оммавий чақириш

Фуқароларга аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда таъсир кўрсатиш¸ шу жумладан оммавий ахборот воситалари¸ телекоммуникация тармоқлари¸Интернет тармоғи ҳамда босма ëки матн босишнинг бошқа усулларидан фойдаланишда ифодаланадиган фуқароларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини бажармаслик ëки уларнинг талабларини бузишга оммавий чақириш-

Базавий ҳисоблаш миқдорининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”;

3) қуйидаги мазмундаги 2022-модда билан тўлдирилсин:

“2022—модда. Била туриб ëлғон маълумотларни тарқатиш

Била туриб ëлғон маълумотларни тарқатиш¸ шу жумладан оммавий ахборот воситалари¸ телекоммуникация тармоқлари¸Интернет тармоғи ҳамда босма ëки матн босишнинг бошқа усулларидан фойдаланиш фуқаролар тотувлигини бузиш¸ шунингдек фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан ўз қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишга фаол тўсқинлик қилишга сабаб бўлса –

Базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ëки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

XS
SM
MD
LG