Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:37

Тургистон қаерда? Netflix'нинг Туркманистонни эслатадиган “экшн” фильмида диктатор лавозимидан четлатилади


Бюджети 150 миллион долларлик “Олти шарпа” фильмида америкалик техно-миллиардер қандай қилиб тўқима мамлакат Тургистонга унинг ёвуз диктаторини ағдариб ташлаб, демократия олиб келмоқчи бўлгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Афтидан, Туркманистон билан унинг авторитар раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедов Американинг ўта серхаражат фильмини яратишга илҳомлантирган кўринади.

Тўқима Тургистон билан Бердимуҳамедов Туркманистони ўртасида яна кўплаб ўхшашликлар бор.

Мультимедиа маҳсулотлари тайёрловчи машҳур Netflix компанияси 13 декабрда обуначилари ҳукмига тақдим этган “экшн” жанридаги триллер Туркманистон ва унинг амалдаги мустабид ҳукмдоридан илҳомлангандек туюлади.

Тўқима Тургистон давлат рамзлари Туркманистонникига ҳайратланарли тарзда ўхшаш бўлса, унинг аҳолиси туркманча гаплашади, исмлари ҳам – туркманча.

Ролини Ҳолливуд юлдузларидан бири Райан Рейнолдс ижро этган исмсиз миллиардер Тургистон ҳукмдори, президент Ровач Алимовни ағдариб ташлаш учун давлат тўнтариши уюштириб, ўрнига унинг қамоқда ўтирган укаси Муратни “мамлакат”нинг янги раҳбари этиб тайинламоқчи бўлади.

Ўзини “Бир” деб атайдиган миллиардер режасини амалга ошириш учун 5 кишини: жосус, ёлланма қотил, ўғри, шифокор ва ҳайдовчини ёллайди. Улар ҳаммаси ўзига мос равишда Икки, Уч, Тўрт, Беш ва Олти деган лақаб олади. Пировардида Олти ҳалок бўлади. Шундан сўнг Бир сара махсус амалиётлар бўлинмасининг собиқ снайперини ёллайди ва у Етти деб аталади.

Бир қанча воқеалардан сўнг гуруҳ Тургистоннинг президент маърузаси узатилаётган телеканали эфирига чиқиб, Муратнинг нутқини узатади.

Муратнинг нутқи одамларни президентга қарши курашга илҳомлантиради.

Диктатор қочмоқчи бўлади, лекин яхтаси ҳужумга учрайди. Фильмда кўплаб зўравонликларга бой қувлашмачоқ, жанг ва портлаш саҳналари бор.

Ажаб-ажаб ўхшашликлар

Майкл Бей режиссёрлик қилган фильм Венгрия, Италия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қўшма Штатларда тасвирга олинди.

Туркманистон аҳолиси “Олти шарпа” фильмини яқин орада томоша қила олмайди, чунки Netflix ушбу ёпиқ мамлакатда блоклаб қўйилган. У ерда ҳукумат халқ эркинлиги ва ахборот олишни кескин чеклайди.

Ҳукумат халқаро ижтимоий тармоқлар ва ғарбнинг етакчи, мустақил ахборот сайтларини тақиқлаб қўйган.

Тўқима Тургистон билан Бердимуҳамедов Туркманистони ўртасида яна кўплаб ўхшашликлар бор.

Иккаласи ҳам халқ ёқтирмайдиган диктаторлар бошқарадиган репрессив мамлакатдир. Тургистон раҳбарининг исми бўлган Ровач – Бердимуҳамедов яхши кўрадиган айғирининг оти.

Бердимуҳамедовнинг сўнгги қўшиқларидан бири “Ровач” ўша отига бағишланган бўлиб, апрелда телевидение орқали эфирга узатилган эди.

Худди Ашхободда бўлгани сингари, Тургистон пойтахти Тайрус ҳам мамлакат раҳбарлари билан қаҳрамонларининг ҳайкалларига тўлиб кетган. Иккала мамлакатнинг пул бирлиги ҳам манат деб аталади.

Лекин ўхшашликлар шу билан тугайди.

1991 йили мустақилликка эришилгандан бери мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ўта ёмонлашган бўлса-да, Туркманистонда очиқча норозилик аломатлари умуман кўзга ташланмайди. Бунинг асосий сабаби Бердимуҳамедов билан ўтмишдоши Сапармурот Ниёзов сиёсий мухолифатни шафқатсиз таъқиб қилгани, мухолифларини қамоққа ташлагани ва танқидчиларини мамлакатдан чиқиб кетишга мажбурлаганида.

XS
SM
MD
LG