Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

Трамп: Теҳрон ҳужумга ўтса, Эрондаги 52 объектга зарба беришга шаймиз


АҚШ президенти Дональд Трамп
АҚШ президенти Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон бирор Америка объектига ҳужум қиладиган бўлса, бунга жавобан Эрондаги 52 объектга “зудлик билан қаттиқ” зарба берилишини айтди.

4 январь куни Трамп Twitterда:

“Яқиндагина америкаликни ўлдирган, кўплаб бошқа америкаликни жароҳатлаган — умри давомида ўлдирган одамларни эса қўйиб турайлик, жумладан, яқинда юзлаб эронлик намойишчини ўлдирган — уларнинг террорчи етакчисидан дунёни халос қилганимиз учун, Эрон биздан ўч олиш мақсадида, айрим АҚШ мулкларига ҳужум қилиш ҳақида журъат билан сўзламоқда”, деб ёзди.

Трамп Бағдодда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний Бағдоддаги Америка элчихонасига ҳужум қилгани, бошқа ҳудудларда янги ҳужумларга тайёрланганини қўшимча қилди.

“Эрон кўп йиллардан бери бошоғриқ бўлиб келади. Бу ОГОҲЛАНТИРИШ бўлсин: агар Эрон америкаликлар ёки АҚШ объектларига зарба берса, биз Эрондаги 52 та (Эрон томонидан узоқ йиллар олдин гаровга олинган 52 киши рамзи ўлароқ) нишонни танладик, бу нишонларнинг баъзилари Эрон ва Эрон маданияти учун жуда муҳим аҳамиятга эга”, дея ёзди АҚШ президенти.

Трамп назарда тутган асирлар 1979 йил инқилобчилар томонидан АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасидан ўғирлаб кетилиб, 444 кун асир тутилган эди.

Трамп эълон қилган 52 объект орасида маданий ёдгорликлар борлиги танқидга учради. Хусусан, собиқ президент Барак Обама маслаҳатчиси Колин Кал: “Трамп уруш қоидаларини писанд қилмаслиги мумкин, аммо [Мудофаа вазирлиги] ходимлари ва ҳуқуқшунослари бундай ўйламайди. Маданий ёдгорликларни нишонга олиш эса уруш жиноятидир”, деб ёзди.

Сулаймоний ўлдирилиши ортидан Эрон кескин чора кўрилишини айтиб таҳдид солди, аммо ҳозирча ҳарбий чора кўргани йўқ.

3 январь куни амалга оширилган ҳужумда Сулаймоний билан биргаликда Эрон томонидан дастакланаётган қуролли гуруҳ бўлмиш Халқ сафарбарлиги кучлари қўмондони ўринбосари Абу Маҳдий ал-Муҳандис ҳам ўлдирилган.

Трампнинг Эрондаги 52 нишон ҳақидаги билдирувидан олдин Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси қўмондони Теҳрон АҚШдан ўч олиш учун 35 та АҚШ объектига ҳужум қилиши мумкинлигини айтган эди.

Генерал Ғуломали Абуҳамза Теҳрон америкаликларни қаерда бўлишларидан қатъи назар жазолашини айтиб, Форс кўрфазида Америка кемаларига ҳужум уюштирилиши мумкинлигига ишора қилган.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам Сулаймонийни ўлдирган “жиноятчилардан” кескин ўч олинишини таъкидлади.

Трампнинг Сулаймонийни ўлдириш қарорини АҚШдаги республикачилар олқишлади, аммо кўплаб демократлар танқид қилди. АҚШ Эроннинг “Қудс” махсус бўлинмасини террор ташкилотлари сафига киритган.

Кўплаб Америка шаҳарларида АҚШнинг ҳарбий амалиёти қарши намойишлар бўлиб ўтди.

АҚШнинг ҳамкор давлатлари ҳам Трамп буйруғи билан амалга оширилган амалиёт юзасидан хавотир билдирди. Уларнинг сўзларига кўра, бундай ҳарбий чоралар Яқин Шарқдаги шусиз ҳам кескин вазиятни янада танг аҳволга солади.

Бу орада Ироқда АҚШ етакчилигидаги коалиция 5 январь куни коалиция ҳарбий базаларига ракета ҳужумлари амалга оширилгани, аммо бирорта ҳам ҳарбий зарар кўрмаганини билдирди.

Вашингтон Ироқдаги шиа жангарилар АҚШ ва коалиция кучларига қилган ҳужумлар ортида Эрон турганини айтиб келади.

31 декабрь куни Эронни қўлловчи жангари гуруҳлар ва бошқа шахслар томонидан Бағдоддаги АҚШ элчихонасига ҳужум қилинди. Ҳодисада элчихона ходимларига зиён етмади ва ҳужумчилар 1 январь куни чекинди.

XS
SM
MD
LG