Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:46

Кластер "бомбаси" ўзбек фермерларини хонавайрон қилмоқда


Аббос Ўзбекистондаги фермер хўжалигида 17 йил пахта ва сабзавот етиштириш билан шуғуллангандан сўнг фермерликни ташлашга қарор қилди.

Айтишича, президент Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги жуда қаттиқ назорат қилинадиган қишлоқ хўжалиги соҳасига оид чиқарган фармони уни янги хусусий кластер фирмасига бўйсунувчи ходим бўлишга мажбурлайди.

‒ Бундан кўра ишсиз бўлганим яхши, ‒ деди Аббос, лекин ўч олинишидан қўрқиб, фамилиясини айтмади.

‒ Кластер фирмасининг шартнома шартлари менга тўғри келмайди, ‒ деди у “Озодлик” мухбирига. ‒ Бу мустақил эмаслигимизни англатади. Мен энди бу ишни қилмайман.

Аббос шартномага қўл қўядиган бўлса, даромади кескин камайиб кетишини, шартнома фермерларни эксплуатация қилиш ҳисобига кластер оладиган фойдани кўпайтирадиган қилиб ёзилганини айтди.

Яширин хусусийлаштириш схемаси

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг кластер тизими, моҳиятан, “яширин” ёки “махфий хусусийлаштириш” шаклидир. Шарқий Европада 90-йилларда ушбу схемадан коррупциялашган амалдорлар ва уларнинг хусусий сектордаги ҳамтовоқлари давлат фирмалари активларини тортиб олиш учун фойдаланган эди.

Ўзбекистонда эса янги хусусий “кластерлар” фермерларга қилган меҳнати учун етарли даражада пул тўламай туриб, қишлоқ ҳўжалигининг сердаромад соҳалари устидан давлат шу пайтгача юритиб келган узоқ муддатли назоратни гарданига олмоқда.

Жаҳон банки “Боғдорчиликни ривожлантириш лойиҳаси” доирасида Ўзбекистонга 637 миллион АҚШ долларилик сармоя киритди. Бунга Жаҳон банки 2018 йил январида маъқуллаган 500 миллион долларлик кредит ҳам киради. Ўшанда Тошкент “кластер” ислоҳоти деб номланган режани ишга туширган эди.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори ушбу маблағлар мамлакат 32 миллион аҳолисининг деярли ярми яшайдиган “қишлоқ жойларда яхши пул тўланадиган иш ўринлари яратиш”да ёрдам беришга мўлжалланганини айтади.

Хидеки Мори
Хидеки Мори

Морининг фикрича, халқаро маблағларни жалб қилиш Ўзбекистонга “ўтиш ислоҳотлари”ни амалга ошириш орқали “озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” ва экспортни ошириш имконини беради, бу эса ўз навбатида мамлакатни “давлат етакчилигидаги иқтисодиёт моделидан хусусий сектор етакчилигидаги иқтисодиёт”га айлантиради.

Лекин Аббоснинг фикрича, бундай ислоҳотлар фақат янги хусусий кластер фирмаларининг панадаги эгаларини бойитмоқда, барча фермерлар ерлари давлатникилигича қолмоқда.

Даладаги оғир ишни бажарадиган Аббосга ўхшаш фермерлар жуда оз пул олаётган бўлса-да, ҳосил битмай қолган пайтда кўриладиган зарар учун масъулиятни зиммасига олиши керак бўлади.

На фермерлар ва на маҳаллий раҳбарлар кўплаб кластерларнинг эгалари ким эканини билади. Бироқ айрим хабарларга кўра, Тошкентдаги етакчи амалдорлар билан фойда келтирувчи кластерлар ўртасида боғлиқлик бор.

Етакчи амалдорларга боғлиқлик дейсизми?

Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалигидаги хусусий монополияларни рақобатли очиқ тендерларсиз ва ошкораликсиз ташкил қилмоқда.

Бир собиқ туман ҳокимининг “Озодлик” радиосига билдиришича, Ички ишлар вазирлиги ва Президент администрациясининг юқори лавозимли амалдорлари унга энг унумдор қишлоқ хўжалик ерларини муайян кластерларга бериш шартномаларини одамларга бўлиб бериши учун босим ўтказган.

Айрим тасдиқланмаган иддаоларга кўра, баъзи кластер эгаларининг Тошкентдаги юқори лавозимли амалдорлар билан, жумладан, президент Мирзиёевнинг Жиззах туманидаги қариндошлари билан алоқаси бор.

Мирзиёев 9 декабрда Ўзбекистоннинг икки йиллик пахта кластер тизимини мева ва сабзавот хўжаликларини ҳам қўшиб олиш учун кенгайтирмоқчи эканини айтди.

Президент Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев ушбу қадамини асослаш маъносида Ўзбекистоннинг стратегик аҳамиятга эга пахта соҳаси ҳосилдорлигини 2019 йилда 30 фоиз оширган хусусий кластер фирмаларига ташаккур айтди.

Яна у икки йил ўтгач, Ўзбекистондаги пахта ҳосилининг 73 фоизи хусусий кластер фирмалари ҳиссасига тўғри келишини таъкидлади.

Бироқ халқаро экспертлар қўшимча рақобат муҳити яратилмаса, “кластер ислоҳотлари”дан олинаётган дастлабки фойда узоқ истиқболда чиппакка чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ҳозирги пайтда ҳар бир хусусий кластер фирмаси ишлайдиган ҳудуд унга монопол ҳудуд сифатида ажратиб берилди. Бу билан Аббос сингари фермерларнинг қайси кластерда ишлашни танлаш имкони, шунинг баробарида рағбати қолмаяпти.

“Режа хатоси”

Кластерлар ўртасида рақобат йўқлиги режа хато эканини англатади

‒ Кластерлар ўртасида рақобат йўқлиги режа хато эканини англатади, ‒ дейди Германия Ҳалле шаҳрининг Лейбниц номидаги Ўтиш даври иқтисодиётларида қишлоқ ҳўжалигини ривожлантириш институти тадқиқотчиси Нодир Жонибеков. ‒ Кластерлар ҳар бир фермер учун рақобатлашмайдиган бўлса, фермерларнинг ўзлари фойдаланаётган маркетинг канали орқали танлаш имкони бўлмаса, монополиянгиз сақланиб қолаверади, давлат монополияси ўрнига хусусий монополия вужудга келади.

− Бундай ҳолатда хусусий кластерлар фермерларга етказиб бериладиган ҳосил учун давлат кафолатлайдиган энг кам ҳақни тўлайди, − деди Жонибеков. Унинг илмий ишидан Ўзбекистоннинг Жаҳон банки эълон қилган дастурий ҳужжатларида иқтибослар олинган.

Фермерлар рағбатлантирилмаса, ишлаб чиқариш инқирозга юз тута бошлайди.

− Фермерлар кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришини кафолатлаш учун уларга язшироқ пул тўлаш керак бўлади, − дейди у. – Мабодо фермерлар рағбатлантирилмаса, ишлаб чиқариш инқирозга юз тута бошлайди.

2000 йилда Тожикистоннинг пахта етиштирувчи фермерлари билан боғлиқ шундай ҳолат рўй берди, яқинда Қозоғистонда ҳам шундай бўлди, дея огоҳлантиради Жонибеков.

Қайд этишича, ҳукуматнинг қишлоқ хўжалик кластерларига оид қарорларида оддий фермерларнинг манфаатлари “яхшироқ ҳисобга олинаётгани йўқ”.

‒ Асосан, инвесторлар ва улар оладиган субсидиялар: нисбатан арзон нархларда техника сотиб олиш дастурлари, давлатнинг улар оладиган қарзлар учун субсидиялар бериши, кластерлар учун товар хомашё биржалари орқали қатнашиш мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш дастурлари ҳақида гап кетмоқда.

Жонибековга кўра, ҳукумат “қарорларида фермерларни ҳимоя қилиш бўйича кафолатланган энг кам тўловдан бошқа деярли ҳеч нарса айтилаётгани йўқ”.

На эркинлик ва на танлов бор

Агар Аббос ўз фермер хўжалигида ишлашни давом эттирадиган бўлса, ўзи ишлашга мажбурланадиган кластерда унга қайси экинни экиш шартлиги ҳам айтилиши шубҳасиз.

Ўтмишда давлат ҳокимияти идоралари фермерлардан етиштиришни талаб қилган экинларни – асосан пахтани – давлатга сотиш режасини бажариш талаб қилинар эди.

Лекин Аббосга ўхшаган фермерлар режани бажарганидан сўнг давлатдан ижарага олган ерларига ўзи истаган экинни экиши мумкин эди.

2018 йилдан бошлаб Мирзиёев фермерларга пахтадан бошқа экинлар ҳам, масалан, аччиқ қалампир экишга буйруқ берди, аммо суғориш учун хўжаликларда сув етарли бўлмагани улар қуриб, нобуд бўлди.

Аббос 2019 йилда аччиқ қалампирни сота олмагани учун 600 миллион сўм ёки тахминан 63 минг доллар зарар кўрди.

Шунга қарамасдан, зарарни қоплашни уддалади, чунки бошқа экинлар: сабзи, картошка, карам ва қулупнай ҳам эккани сабабли фойда кўрган эди.

Янги тизимга кўра, биз фақат кластер раҳбарияти буюрган экинни экишга мажбур бўламиз.

− Ушбу янги тизимга кўра, биз фақат кластер раҳбарияти буюрган экинни экишга мажбур бўламиз, − деди Аббос “Озодлик” радиосига.

− Мен ушбу ерда фақат кластердан маош оладиган менежер сифатида ишлашим мумкин, − дея тушунтиради Аббос. – Менинг ҳар гектар учун кластер ойига 200 минг сўмдан (21 долларча) маош тўлайдиган 10 кишилик жамоам бўлиши керак.

− Маошим ойига 5 миллион (525 доллар) сўм бўлади, − дейди у. – Бу 100 гектар ерга қараб туриш учун умуман етарли эмас.

Айни дамда Аббос кластер билан шартнома тузса, илгари давлат ташкилотлари бевосита етказиб берган уруғ, ўғит ва ёнилғи учун қиммат нархларда пул тўлашга мажбур бўлади.

Энди кластерлар ўша қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш воситаларини ўша давлат ташкилотларидан давлат банкларининг имтиёзли кредитларидан фойдаланган ҳолда арзонлаштирилган нархларда сотиб олмоқда.

Айрим фермерларнинг “Озодлик” радиосига билдиришича, улар кластердан сотиб олишга мажбур бўлаётган ўғитлар учун Ўзбекистон бозоридаги нархлардан 5 фоиз қиммат пул тўламоқда.

Аббосга ўхшаган фермерлар ҳосил йиғиб-териб олингандан сўнг уни кластерга бозор нархида эмас, давлат кафолатлаб қўйган паст нархда сотиши шарт.

Бу кластерларга кўп фойда олиш имконини бермоқда, чунки улар ҳосилни Ўзбекистонда устама нархлар билан сотади ёки баланд халқаро бозор нархларида экспорт қилади.

Аббосга ҳеч қачон етиштирган ҳосилини экспорт қилишга рухсат берилмаган, чунки давлат фермерларга товарини экспорт қилиши учун лицензия бермайди.

Бошқа тарафдан, Аббоснинг ҳосили битмай қолса, у кластер ўзига жуда қиммат нархда сотган уруғ ва ўғитлар ҳамда бутун мавсум давомида ишлатган ёнилғи учун қарздор бўлиб қолади.

Яна у Тошкент вилоятида 2002 йилдан ишлатиб келаётган давлатга қарашли ерда экин етиштириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

“Арвоҳ” пул тўлашини кутиб

Кластерда ишлашга мажбур бўлган Қашқадарё вилоятилик пахта етиштирувчи фермер Акрамжон Новотовнинг “Озодлик” радиосига айтишича, сентябрда топширган ҳосили учун 40 миллион сўм (4000 долларга яқин) фойда олиши керак эди.

Бироқ Новотов ҳалигача қанча пул тўланишини кутиб ўтирибди. Кластер билан шартномага кўра, фирма унга 31 декабрга қадар пўл тўлашга мажбур эмас. Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида “ABS Oqqo'rg'on agro klaster" деб аталувчи кластер билан шартнома тузилган 300 дан ошиқ фермерга икки йилдан бери пул тўланмагани айтилмоқда.

Тошкент вилоят ҳокимлиги вакили фирма фермерларга 18 миллиард сўм (тахминан, 1,9 миллион доллар) қарздор эканини, фермерлар қўл қўйган шартномаларнинг биротасида компаниянинг манзили кўрсатилмаганини тасдиқлади.

Фермерлар қонун йўли билан ҳимоя қилинмаган.

‒ Айни вазиятда фермерлар қонун йўли билан ҳимоя қилинмаган, ‒ деди Тошкент вилоят ҳокимлиги вакили “Озодлик” радиосига.

‒ Бу кластер компанияси бошга битган бало бўлди, ‒ деди шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини истаган фермерлардан бири “Озодлик” радиосига. ‒ 2018 йилда топширган буғдой ҳосили ва 2019 йилда етиштирган пахта ва буғдой ҳосили учун пул олганимиз йўқ. Икки йилда кластер раҳбари 3 марта алмашди. Бизга 31 декабрга қадар пул тўланиши керак. Ҳозир қулоғимизгача қарзга ботиб кетдик.

Фермерлар тўғридан-тўғри кластернинг ўзига шикоят қилишни истайди, аммо унинг идораси ёки манзили қаерда эканини билмайди.

Кластер кўриб ёки топиб бўлмайдиган арвоҳга ўхшайди.

‒ Биз дастлаб қандай экин экиш топшириғини вилоят ҳокимлигидан олдик, лекин энди пулини сўрасак, у ердагилар елка қисишдан нарига ўтмаяпти, ‒ деди фермер. – Ҳокимликдагилар фирманинг манзилини билмаслигини айтди. Кластер кўриб ёки топиб бўлмайдиган арвоҳга ўхшайди.


Сўнгги сўз ўрнида

Озод Европа/Озодлик радиоси журналистлари Ron Synovitz ва Садриддин Ашуровларнинг ўқиганингиз мақоласининг инглиз тилидаги версияси 16 декабрда эълон қилинган эди.

Ўшандан буён Озодлик ўзбекистонлик фермерлар кластер корхоналардан 2019 йилги пахта ҳосили учун ҳанузгача пулини ололмаётгани тўғрисида бир неча мақола ёритди. Уларни шу саҳифадаги "Алоқадор" рукни остида ўқишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG