Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:29

Уйини мусодара қилишга келган МИБ ходимлари олдида ўзини ëққан эркак вафот этди (ВИДЕО)


Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари олдида ўзини ўзи ёқиб юборган 31 яшар Хушнуд Ғойибназаров шифохонада вафот этди.

Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи Ғойибназаров уйининг мусодара қилинишига норозилик тариқасида ўзига ўт қўйган эди.

Танасининг 50 фоизга яқини куйган ҳолда Андижон туман шифохонасига ётқизилган Хушнудбек, оиласи берган маълумотга кўра, 25 январь куни вафот этган.​

Х. Ғойибназаров 21 январь куни соат 18.30 ларда Андижон туманининг Бешбўйноқ маҳалласида жойлашган уйида ўзига ўт қўйиб юборган эди.

Опаси Омонова, 23 январь куни Озодлик билан суҳбатда, марҳум укаси уй устида келиб чиққан жанжал сабаб ўзига ўт қўйганини билдирганди:

- МИБ ходимлари уйни бўшат¸ деб келишган. Уй 2013 йилда гаровга қўйилган эди-да. Жумагача кутинглар, совуқда қаерга борамиз, озгина вақт беринглар, деган-да. Ҳалиги уйга даъвоганлар чиқмасанг уйга ўт қўямиз, деб туришибди. Укам шу пайт бакалажкани олиб устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборди, - деган эди Гулбаҳор Омонова.

Андижон вилояти Мажбурий ижро бюросининг Озодлик гаплашган ходими 23 январь куни шундай воқеа бўлганини тасдиқлаган, аммо унинг тафсилотларини очиқлашни истамаган эди.

26 январь куни эса Effect.uz нашри МИБ матбуот хизматининг бу ҳодиса бўйича изоҳини чоп этди:

"МИБ матбуот хизматининг алоҳида таъкидлашича, МИБда суд қарорлари муҳокама этилмайди. Балки қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари ижроси таъминланиши шарт. Суд қарорлари ижросини вақтинча тўхтатишнинг қонуний тартиблари бор", деб ёзди ушбу нашр.

Нашр хабарида айтилишича, Андижон туман прокуратураси текширувни давом эттирмоқда.

Ғойибназаровнинг оиласи ҳозирча суриштирувлар қандай бораётганидан бехабарлигини айтди.

Ўзбекистонда МИБ ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажараётган пайтда турли қаршиликлар ёки жанжал келиб чиққани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Ўтган йил январ ойида Самарқандда ижро ҳаракатларини амалга ошираётган МИБ ходимларига қаршилик қилган аёл уларни ёқиб юборган эди.

2018 йилнинг ноябрь ойида эса Самарқандда электр ҳақини ундириш учун келган МИБ ходимларига болта билан ҳужум қилган хонадон эгаси қамоққа олиниб, уч йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Мажбурий ижро бюроси маълумотига кўра, ўтган йилнинг ўзида МИБ ходимларига қаршилик кўрсатилгани билан боғлиқ 132та ҳолат қайд этилган.

Бюро ташкил этилган 2017 йилдан буён эса фуқароларнинг қаршилик кўрсатиши туфайли 4 нафар МИБ ходим ўз вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган. 200 дан ортиқ ходимларга турли даражада тан жароҳати етказилган.

XS
SM
MD
LG