Ўзбекистонда мамлакатнинг Биринчи президенти Ислом Каримов таваллуд кунини нишонлаш ҳафталиги ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан мамлакат бўйлаб қатор хотира тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан¸ 30 январь – Ислом Каримов туғилган кунда президент Шавкат Мирзиëев ҳукумат¸ парламент ва жамоатчилик вакиллари ҳамроҳлигида Тошкентдаги Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Президент матбуот хизмати чоп этган суратлардан¸ Мирзиëевга Каримовнинг беваси Татъяна Каримова¸ Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов¸ МХХ собиқ раиси¸ жорий сенатор генерал Рустам Иноятов¸ Каримов администрациясининг узоқ йиллик раҳбари Зелимхон Ҳайдаровлар каби ҳукуматнинг собиқ ва жорий амалдорлари ҳамроҳлик қилгани кўрилади.
“Биринчи Президентимизнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди”¸ дейилади Мирзиëев матбуот хизмати хабарида.
Марҳум Ислом Каримовнинг фарзандлари унинг вафотидан бери ўтказилаëтган бу каби тадбирларда иштирок этмаëтир.
Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова оғир жиноятларда айбланиб¸ узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда; иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева эса¸ унинг ижтимоий тармоқлардаги хабар ва суратларидан¸ АҚШда яшамоқда.