Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:08

Ўзбекистон хабарлари

Озодбек Назарбеков чипта чайқовчиларига қарши курашмоқчи

Маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков.

Маданият вазирлиги оммавий томоша ва тадбирлар чипталари чайқовчиларига қарши кураш эълон қилмоқда.

Бу ҳақда вазир Озодбек Назарбеков баёнот бергани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.

«Тез орада Ягона электрон чипталар операцияси тизими ишга тушади. Ана кейин кассабоп томошалар учун чипталарнинг қўлга чиқиб кетиши камаяди, деб ўйлайман», деган вазир.

Айтилишича, вазир тилга олган тизим чипталар олди-сотдиси билан шуғулланувчи онлайн майдон эмас, балки шу соҳани тартибга солувчи регулятор бўлади.

Таъкидланишича, тизим синов-тажриба тариқасида март ойидан ишга тушади. Платформа орқали вазирликка қарашли барча муассасалар, яъни театр, музей, айрим санъат саройларига чипта сотиб олиш мумкин бўлади.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон юборган 18,5 тонна помидор Россияга киритилмади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия ветеринар ва фитосанитар назорат федерал хизмати (Россельхознадзор) минтақалараро бошқармаси Нижний Новгород вилоятига Ўзбекистондан юборилган 18,5 тонна помидор партиясини олиб киришга рухсат бермади.

“Коммерсант” нашри хабарига кўра, назорат идораси ушбу тақиққа асос ўлароқ помидорлар жигарранг бужмайиш вируси (ТоBRFV) билан касалланганини кўрсатган.

Бу ҳол лаборатория текширувида аниқлангани айтилган.

Россельхознадзор касалланган маҳсулотлар эгаси томонидан зарарсизлантирилиши, йўқ қилиниши ёки Ўзбекистонга қайтарилиши талабини қўйган.

ToBRFV вируси баргларда мозаика ва деформацияга, меваларда жигарранг ажинлар пайдо бўлишига олиб келади. Вирус юққан сабзавотлар яроқсиз ҳолга келади.

Россельхознадзор аввал ҳам вирус топилди деган иддао билан Ўзбекистондан йўлланган помидорга тақиқ қўйгани маълум.

Таҳлилчилар Россия геосиёсий мақсадлар важидан ҳам Марказий Осиё озиқ-овқат маҳсулотларига тақиқ қўяди, деган фикрдалар.

Архитектура ёдгорлигига зарар берган масъул жазоланди

Тошкент давлат юридик университети чор Россияси архитектураси намуналаридан бири бўлиб ҳисобланади
Тошкент давлат юридик университети чор Россияси архитектураси намуналаридан бири бўлиб ҳисобланади

Тошкент давлат юридик университетининг масъул ходими маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш талабларини бузгани сабаб жазоланди.

Айни пайтда юридик университет тасарруф этаётган пойтахтнинг Сайилгоҳ кўчасидаги собиқ Аёллар ва эркаклар гимназияси (ХIX аср) архитектура ёдгорлиги сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур меъморий ёдгорликнинг эшиклари ўзбошимчалик билан, тегишли рухсат олинмай алмаштирилган.

Шу сабаб суднинг жорий йил 2 декабридаги қарори билан бинодан фойдаланувчи университет мулозими жаримага тортилган.

Маълум бўлишича, юридик университет маъмурияти 2022 йилда ҳам айни шу айблов билан жазоланган.

Маҳаллий фаоллар масъул идораларни муҳофазага олинган меъморий ёдгорликларни сақлашга жиддийроқ эътибор қаратишга ундаб келади.

Озодлик Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройи таъмирида қадимий нақшларни вайрон қилган реставрация гуруҳи устидан жиноят иши очилгани ҳақида хабар қилган эди. Туризм вазирлиги Ситораи Моҳи Хосса реставрациясини “миллий фалокат” деб атаганди.

Аввалроқ ЮНЕСКО Бухоронинг тарихий ҳудудида бузиш ва қуриш ишларига эътироз билдирганди.

Маҳкумларга масофавий видеоучрашув ҳуқуқи берилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 декабрдаги мажлисида озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видеоучрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун ташаббускорлари фикрича, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларга масофали видеоучрашув ҳуқуқи берилиши уларнинг яқинари билан доимий алоқани таъминлаш, оилавий муносабатларини сақлаб қолиш ва тузалиш йўлига ўтишига кўмаклашади.

Масофадан ташкил этиладиган видеоучрашув маҳкумларнинг қариндошларини йўлкира харажатларидан озод қилиши ҳам айтилмоқда.

Видеоучрашув сони жазони ўташ тартиботига қараб белгиланади. Масалан, манзил-колониялар ҳамда тарбия колонияларидаги маҳкумларга йил мобайнида йигирма тўртта масофали видеоучрашув ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Маҳаллий матбуот 2021 йилда жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан видеоконференц усулида қисқа муддатли учрашувлар ўтказишга рухсат берилиши ҳақида хабар берганди. Жумладан, Daryo.uz нашри Жазони ижро этиш бош бошқармаси мулозими Жамшид Султоновга иқтибосан маҳкумлар ва уларнинг яқинлари ўртасидаги видеоконференц усулидаги учрашув 15 дақиқагача давом этиши, алоқа хизмати учун 5300 сўм ҳақ олинишини ёзганди.

Маълумот ўрнида: 2025 йил 1 январидан эътиборан Ўзбекистонда уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш мақсадида электрон браслетдан фойдаланилиши белгиланган.

Электромобилларни қувватлаш шохобчалари ҳам тармоқдан узиляпти

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш учун ўрнатилган станцияларни электр тармоғидан узиш бошланди.

Kun.uz нашрига мамлакатнинг турли ҳудудларидан мурожаат қилган ҳайдовчилар кўплаб қувватлаш шохобчалари ишламаётгани, ишлаётганида ҳам соатлаб навбатда туришга тўғри келаётганидан шикоят қилган.

Ҳудудий электр таъминотидан келишиб, ҳеч қандай сабабсиз станцияларимизни ўчириб ташлашяпти. Нима сабабдан ўчиряпсан, бу трансформатор қонуний ёқилган, деяпмиз. Улар эса “тепадан шундай буйруқ бўлди” дейишяпти. Бошқа ҳеч қандай гап йўқ. Рақобатчи компаниялар билан ҳам худди шундай бўляпти, битта бизда эмас”, деган қувватлаш станцияларига эгалик қилувчи йирик компания вакили.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати электромобилларни зарядлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ берилгани ҳақидаги хабарни рад этган.

Таъкидлаш керакки, айни пайтда мамлакатимизда генерация, яъни электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси эса ўз эҳтиёжимизни тўлиқ қоплашга етади”, дейилган баёнотда.

Бу борада муаммога дуч келган тадбиркорлик субъектларига Энергетика вазирлигининг +99871-231-16-61 (ички 7037, 7046 ва 7057) рақамли “ишонч телефонлари”га мурожаат қилиш тавсия этилган.

Шу йил 9 декабридан Ўзбекистонда истеъмол юқори бўлган ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига чеклов киритилган.

Энергетика вазирлигининг узлуксиз таъминот ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳали ҳаво ҳарорати манфий даражага тушмаган кунлардаёқ пойтахтдаги ишлаб чиқариш корхоналарини газдан узиш бошланган.

Россиядаги автоаварияда яна беш ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Россия Федерациясининг Ульяновск вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ҳодиса 17 декабрь тонгги соат 05:10 ларда Ульяновск вилоятидан ўтадиган Саранск – Сурское – Ульяновск йўналишидаги Р-178 федерал трассасининг 209 километрида рўй берганини маълум қилган.

Уляновск вилояти ички ишлар идораси ёйинлаган маълумотга кўра, ўзбекистонликлар кетаётган Cobalt автомобили қарама-қарши томонга чиқиб кетган ва MAZ юк машинаси билан тўқнашган.

Автоавария оқибатида 5 нафар Ўзбекистон фуқароси (49 ёшли К.С., 47 ёшли А.А. ва Б.О., 36 ёшли Ж.И. ҳамда 20 ёшли К.А.) ҳалок бўлган. Юк машинаси ҳайдовчиси шифохонага ётқизилган.

Консуллик ҳолат назоратига олиниб, ваколатли органлар билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилаётгани, ҳалок бўлганларнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилаётганини билдирган.

Таҳлилларга кўра, Россияда рўй берадиган ЙТҲларда ҳар йили ўнлаб ўзбекистонлик нобуд бўлади. Жумладан, жорий йил 10 ноябрь куни Пенза вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги ЙТҲда 3 йўловчи ҳалок бўлган.

Озодлик 1 сентябрь куни Нижегород вилояти ҳудудида содир бўлган авария чоғида 7 нафар ўзбекистонлик қурбон бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Чиқинди қарзи учун электр тўловини чеклаш таклиф этилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қаттиқ чиқинди хизматидан қарздорларнинг электр энергияси учун тўловини чеклашга доир қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда.

Қуйи палата матбуот хизмати ахборотига кўра, фракция миқёсида кўриб чиқилаётган лойиҳада чиқинди тўловидан қарздорларни SMS орқали хабардор қилиб бориш, огоҳлантиришдан кейин ҳам тўлов амалга оширилмаса, электр энергияси учун тўловни қабул қилишни вақтинчалик чеклаш назарда тутилган.

Расмий статистикага қараганда, ҳозирда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик 596 миллиард сўмни ташкил этади. Бу рақам йил бошига қараганда 115 миллиард сўмга ортган.

Қарзни ундириш тўғрисидаги аризаларни судларга киритиш бўйича Экология вазирлигининг ҳудудий органларига юкланган вазифа ҳам амалиётда ўз самарасини бермагани айтилмоқда.

Маҳаллий фаоллар мамлакатда энергобўҳрон кузатилаётган пайтда парламентнинг таъминотдаги узилишларни эмас, балки тўлов масаласини муҳокама қилаётганини танқид қилган.

Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров чиқинди тўловларининг ўзи барқарор бўлмаган электр таъминотига боғланишини “жуда баҳсли” деб ҳисоблайди.

“Барака топгурлар, ҳечқурса аввал электр таъминоти узлуксизлигини барқарорлаштириб олинглар, кейин чиқинди тўловини боғлаш ҳақида ўйланглар. Яъни аввал замонамиз қаҳрамони вазир Мирзамаҳмудовни чақиринглар-чи, сўранглар, қачон электр таъминоти узлуксиз ва барқарор бўлади?” дея депутатларга эътироз билдирган О.Бакиров.

Коррупция оқибатида давлатга 1,4 триллион сўм зарар етказилган

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида 2023 йилда давлат манфаатларига 1,4 триллион сўм миқдорида зарар етказилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълон қилган 2023 йил учун “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза”да сўз боради.

Давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон (243 миллиард сўм), Наманган (194 миллиард сўм), Қашқадарё (143 миллиард сўм) ва Тошкент вилоятларига (132 миллиард сўм) тўғри келган.

Миллий маърузада қайд этилишича, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан 6535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 1299 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 2721 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1076 нафарига озодликни чеклаш, 982 нафарига жарима, 21 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 7 нафарига эса муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2023 йилда 1146 нафар аввал судланган шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 566 нафари муқаддам айнан коррупциявий жиноят учун маҳкамага тортилган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3837 нафар шахс коррупцияга оид жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилганинибилдирганди.

Озодлик бир муддат олдин коррупцияга қарши кураш манзарасида юзлаб коррупционер ишга тикланганига эътибор қаратган эди.

Ўзбекистон Фанлар академиясига янги президент сайланди

Фанлар академиясининг янги президенти Шавкат Аюпов (ЎзФА фотоси)
Фанлар академиясининг янги президенти Шавкат Аюпов (ЎзФА фотоси)

Таниқли математик Шавкат Аюпов Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти этиб сайланган. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Академиянинг 16 декабрь куни бўлиб ўтган умумий мажлиси қатнашчилари ана шундай қарорга келинган.

Ўзбекистон президенти шу кунги фармони билан мазкур тайинловни тасдиқлаган.

72 ёшли Шавкат Аюпов бунга қадар Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти директори вазифасида ишлаб келган.

Жорий йил ноябрь ойидаги сайловда Тошкент шаҳридан Олий Мажлис Сенати аъзолигига ҳам сайланган.

Физика-математика фанлари доктори, академик Ш. Аюпов 2011 йилда “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони, 2017 йилда I даражали давлат мукофоти, 2021 йилда эса “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

Айни пайтда Фанлар академиясининг расмий сайтида маълумотлар янгиланмагани, жумладан, президент лавозими вакант ҳолда турганини кўриш мумкин.

Озодлик жорий йилнинг 28 август куни Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев 79 ёшида вафот этгани ҳақида хабар қилган эди.

Тошкент вилоятида эркак ва аёл заҳарланиш оқибатида вафот этди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 15 декабрь куни Тошкент вилояти Пискент туманида эркак ва аёл номаълум моддадан заҳарланиб вафот этди.

Qalampir.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, Пискент тумани Бирлик маҳалласида бирга яшаб келган жуфтлик (29 ёшли Р.Д. ва 27 ёшли А.С.) ўз хонадонида вафот этган.

Ҳодиса юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, дастлабки маълумотномада эркак ва аёлнинг ўлимига сабаб ўлароқ номаълум модда билан заҳарланиш, ички аъзоларнинг веноз тўлақонлиги, мия ва ўпка шишиши кўрсатилган.

Пискент тумани прокуратураси ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётгани билдирилган.

Ижтимоий тармоқларда эса яқиндагина тўйи бўлиб ўтган келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар тарқалганди.

Совуқ кунлар тушиши билан мамлакат бўйлаб ис газидан заҳарланиш туфайли кўплаб ўлимлар қайд этилади. Жумладан, 18 ноябрь куни Наманган вилояти Поп туманида яшаган 36 ёшли А.Б., унинг 14 ёшли ўғли ва 10 ёшли қизи яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этган.

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти мулозимига кўра, 2024 йил бошидан буён Ўзбекистон бўйлаб газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Оқибатда 82 нафар одам қурбон бўлган, 80 дан зиёд киши турли даражада тан жароҳати олган.

Иқтисодий тизимдаги уч юз раҳбар ишдан олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон иқтисодий комплекси тизимида ишлаб келган 297 нафар раҳбар сусткашлиги ва масъулиятсизлиги сабаб лавозимидан бўшатилди.

Бу ҳақда 16 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.

Расмий хабарномага кўра, йиғилишда айрим раҳбарлар “бу вақтинча, бир-икки йилда ўтиб кетади” деган кайфиятда юрганига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Ишдан кетказилган масъуллар ўрнига “замонавий фикрлайдиган, янги тажриба яратиб, одамларимизни рози қиламан деган ташаббускор ёшлар” тайинлангани билдирилган.

Қатъий огоҳлантираман – маҳаллага тушиб, одамларимиз ва тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди. Ҳамма ўзгариши керак. Кўриб турибсизлар, ҳар дақиқа дунёдаги сиёсий ва иқтисодий вазият қийинлашиб, янги-янги таҳдидлар пайдо бўлаяпти. Уларга бугун жавоб топмасак, кейин кеч бўлади”, деган Мирзиёев.

Иқтисодий тизимдан ишдан бўшатилган раҳбарлар кимлар экани, қандай мақомда фаолият юритгани очиқланмаган.

Президент матбуот хизмати қайдича, 2025 йилда мамлакат бўйича 5 миллиондан зиёд аҳолини даромадли қилиш, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган. Мирзиёев бу мақсадга эришиш учун ҳудудларнинг иқтисодий сектор раҳбарлари “ўз онгини ўзгартириши, иш тизими ва ёндашувларини тубдан қайта кўриб чиқиши зарурлиги”ни уқтирган.

Жанубий Кореяда иш жойидан қочган ўзбекистонликларнинг кафиллари жаримага тортилмоқда

Жорий йилнинг ўтган даврида Жанубий Кореядаги иш жойини сабабсиз ташлаб кетган қарийб 80 нафар ўзбекистонликнинг кафилларидан давлатга 2 миллиард 35 миллион сўм жарима ундирилди.

Жанубий Кореядаги ватандошларни қатъий огоҳлантирган Ўзбекистон Миграция агентлиги меҳнат муҳожирларини ўз кафилларини “кафансиз қолдирмаслик”ка чақирган.

Агентлик матбуот хизматига кўра, охирги вақтларда Корея Республикасига вақтинча ишлаш учун борган Ўзбекистон фуқаролари орасида ўз иш жойини сабабсиз ташлаб кетиш ҳолатлари учрамоқда ва бу мамлакатга ажратиладиган ишчи квоталар сонига жиддий таъсир кўрсатяпти.

Миграция агентлиги жорий этган тартибга мувофиқ, Кореяга ишлаш учун бораётган ҳар бир ўзбекистонлик уч томонлама шартномага имзо чекади. Ҳужжатда меҳнат муҳожири Жанубий Кореядаги иш жойини сабабсиз ташлаб кетса, уни кафилликка олаётган шахс, яъни яқин қариндошидан нолегал юрган ҳар бир ой учун 2000 доллардан жарима ундирилишига розилик беради.

Озодлик аввалроқ Жанубий Кореяда ноқонуний юрган ўзбекистонликлар учун “яшил йўлак” орқали чиқиб кетиш муддати 2025 йилнинг 31 январигача узайтирилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон миграция идорасига кўра, Жанубий Кореяда 92 минг нафар ўзбекистонлик қонуний, 9000 нафари эса ноқонуний тарзда яшаб келмоқда.

Озодлик журналистларининг корейс заминида юрган ўзбеклар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи фильмини қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Олий суд вакили терговда куч ишлатилишини қоралади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Терговчи томонидан гумонланувчига нисбатан куч ишлатилишига чек қўйиш зарур. Бу масалага Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов 13 декабрь куни Тошкентда ОАВ вакиллари билан учрашув чоғида эътибор қаратди.

Daryo.uz нашри мухбири матбуот анжуманида Ўзбекистонда судга қадар тергов органи томонидан гумонланувчиларга нисбатан куч ишлатилиши ва босим ўтказилиши ҳолатлари юз бераётган бўлса-да, суд тиббий экспертизаси ўз вақтида ўтказилмагани сабаб уни тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолаётганини қайд этган.

“Док-1 Макс” иши билан боғлиқ судда айнан шундай ҳолат кузатилган. Судланувчилар судда терговчи томонидан уларга куч ишлатилганидан арз қилган. Аммо жисмоний тазйиқ ҳолати беш-олти ой илгари бўлгани сабаб экспертизада жароҳат факти тасдиқланмаган.

Олий суд раисининг биринчи муовини Икром Муслимов бу саволга жавобан “шахсга дастлабки тергов органи томонидан жисмоний, руҳий тазйиқ ўтказилган бўлса, судлар бу ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинлашга ва хулоса олишга мажбур” эканини таъкидлаган.

Ўтган ой Олий суд раиси Бахтиёр Исломов билан учрашган маҳаллий адвокатлар қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашда суиистеъмолчиликлар муаммосини кўтарганди. Ўшанда Исломов қамоққа олиш эҳтиёт чораси оммавий қўлланаётгани сабаб вақтинчалик сақлаш изоляторлари тўлиб кетганини тан олган эди.

Руслан Нурудинов учинчи бор жаҳон чемпиони бўлди

Руслан Нурудинов (архив сурати)
Руслан Нурудинов (архив сурати)

Баҳрайннинг Манама шаҳрида 6-15 декабрь кунлари ўтказилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатини Ўзбекистон вакиллари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали билан якунлашди.

-109 кг вазн тоифасида қатнашган Руслан Нурудинов силтаб кўтариш дастурида 242 кг билан уч йил аввал Тошкентда ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилашга эришди ва учинчи бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, яна бир атлет Шарофиддин Амриддинов ҳам даст кўтариш машқида олтин медалга эга чиқди.

33 ёшли Руслан Нурудинов 2013 ва 2022 йилларда ҳам ўз вазн тоифасида жаҳонда тенгсиз деб топилган. Шунингдек, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинларида чемпионликка эришган.

Қони таркибида тақиқланган туринабол аниқланиши ортидан Р.Нурудинов 2018-2020 йиллар мобайнида мусобақалардан четлатилгани маълум. Ўшанда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Нурудиновдан 2012 йилдан кейин ўтказилган мусобақалардаги натижалар ва медаллар олиб қўйилмаслигини билдирганди.

Марказий банк саккизта банкни жаримага тортди

Ўзбекистон Марказий банкининг Тошкентдаги биноси
Ўзбекистон Марказий банкининг Тошкентдаги биноси

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил ноябрь ойи мобайнида қоидабузарликлар сабаб мамлакатдаги 8 та банк, 7 та тўлов ташкилоти ва 12 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўллади. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълум қилди.

Регуляторнинг Банк назорати қўмитаси ноябрь ойидаги 9 та йиғилишида 32 та масалани кўриб чиққан ва тегишли қарорлар қабул қилган.

Расмий характердаги қисқа ахборотда санкция қўлланган банк, тўлов ва микромолия ташкилотлари иқтисодий меъёрлар талаблари ҳамда кўрсатмаларига риоя қилмагани қайд этилган. Аммо айнан қай турдаги қоидабузарликлар содир этилгани ва қандай молиявий жазо татбиқ этилгани очиқланмаган.

МБ қайдича, тижорат банклари, микромолия ташкилотлари ва тўлов ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қоидабузарликлар важидан яна 22 та банк ва 3 та тўлов ташкилоти санкция қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Назорат қўмитасининг тегишли қарори билан 7 та банк 2025 йил учун тизимли аҳамиятга молик банклар деб белгиланган.

Озодлик 11 декабрь куни МБни 2017 йилдан буён бошқариб келган 64 ёшли Мамаризо Нурмуродов лавозимдан олингани ва унинг ўрнига 45 ёшли Тимур Ишметов тайинлангани ҳақида хабар қилган эди.

Йигирмадан зиёд ўзбекистонлик IELTS`дан максимал балл олди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

2024 йил давомида IELTS имтиҳонида 22 нафар ўзбекистонлик максимал балл йиғишга муваффақ бўлди, дея маълум қилди Ёшлар ишлари агентлиги.

British Counсil ҳамда IDP IELTS ўтказган инглиз тилидаги билимларни баҳолаш бўйича имтиҳонда 5,5 ва ундан юқори балл олган ёшлар сони 52706 нафарга етган. Бу борада тўрт йилда беш баробар ўсиш кузатилган.

Шундан 5,5-6 балл йиққанлар 28 минг нафардан кўпроқни, 7-8 баллни (C1 даража) қўлга киритганлар қарийб 13,5 минг нафарни, 8,5-9 баллга (C2 даража) эришганлар эса 332 нафарни ташкил этган.

Ўзбекистонда 2021 йил 1 майидан эътиборан IELTS, TOEFL, GMAT, GRE ва SAT имтиҳонларидан камида 7 баллик сертификатни олган ёшларга имтиҳон харажатлари қоплаб берилмоқда.

Озодлик аввалроқ EF English Proficiency Index 2024’да Ўзбекистон инглизча саводхонлик паст бўлган давлатлар қаторидан жой олгани ҳақида хабар қилганди.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси йирик шаҳарларда нисбатан юқори бўлиб қолмоқда. Бу борада Андижон (461 балл), Тошкент (457 балл) ва Фарғона (456 балл) шаҳарлари энг яхши натижани қайд этган. Жиззах (384 балл), Қашқадарё (404) ва Хоразм (405) вилоятларида инглиз тилини билиш кўрсаткичи энг паст деб топилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG