Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:40

Газ йўқлиги сабабли Жиззах цемент заводи ишчилари ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилди


Жиззах цемент заводи. Олмалиқ ТМК расмий сайтидан олинган сурат.
Жиззах цемент заводи. Олмалиқ ТМК расмий сайтидан олинган сурат.

Жиззах вилояти Зафаробод туманида жойлашган цемент заводи ишчи-ходимларидан 80 фоизи ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқарилди.

Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати тасарруфидаги мазкур завод ишчиларидан бири Озодликка 24 январдан бери 500 дан ортиқ одамнинг ишсиз ўтирганини айтади.

Завод директори Исматулла Абдуллаев мазкур хабарни тасдиқлаб, завод газ йўқлиги сабабли бир неча кун тўхтаб қолганини айтди. Унга кўра, ҳозирги кунга келиб газ берилган ва завод ишчиларининг асосий қисми ишга қайтган. Бироқ яна 70дан ортиқроқ одам ҳақ тўланмайдиган таътилда қолмоқда.

Газ йўқлиги сабабли Жиззах цемент заводи ишчилари ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:52 0:00

Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги цемент заводи ишчиларидан бирининг Озодликка айтишича, 24 январь куни ишчиларнинг асосий қисми мажбурий равишда ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқариб юборилган.

“Орамизда оилавий шароити оғир ва кўп болали одамлар бор. Газ таъминоти узиб қўйилди, деган баҳона билан бизларни ҳақ тўланмайдиган таътилга мажбуран чиқариб юборишди. “Тирикчилигимиз нима бўлади, болаларимиз нима ейди”, деб сўрасак, “Бу бизнинг муаммоимиз эмас”, деб елка қисишди”.

Бошқа бир ишчи эса:

Завод раҳбариятининг айтишича, корхоналарга газ беришни тўхтатиб, аҳолига газ етказиб бериш ҳақида Бош вазир буйруқ берганмиш. Бош вазирнинг буйруғи оддий ишчиларнинг бошига таёқ бўлиб тушишини билмаган эканмиз. Ойлик бўлмаса оилаларимизни қандай боқамиз?” деб савол қўйди.

Шахси очиқланиши истамаган ишчилар иддаосича¸ айни кунда 538 нафар одам ишсиз¸ маошсиз ўтирибди.

Завод директори Исматулла Абдуллаев мазкур хабарни тасдиқлаб, завод газ йўқлиги сабабли бир неча кун тўхтаб қолганини айтди.

Айни пайтда директор¸ ҳозирги кунга келиб газ берилгани ва завод ишчиларининг асосий қисми ишга қайтганини таъкидлади.

“Январь ойида газ таъминоти тўхтатилгани сабали, технологик тизим ҳам вақтинча тўхтатилди. Ишчилар вақтинча хақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган. Оилавий шароити оғир бўлган ишчиларни эса таътилга чиқармаганмиз. Улар технологик тизимдаги печь таъмирига жалб этилган. 30 январдан газ таъминоти йўлга қўйилди ва ишчилар ишга жалб қилинди. Фақат кўк цемент ишлаб чикариш бўлимида таъмир ишлари олиб борилаётгани сабали, 72 нафарга яқин ишчи вақтинчалик меҳнат таътилида. Бўлим фаолияти йўлга тушиши билан улар ҳам ишга қайтишади”.

Завод раҳбари “корхоналарга газ беришни тўхтатиб, аҳолига газ етказиб бериш ҳақида Бош вазир буйруқ бергани” тўғрисидаги маълумотни изоҳсиз қолдирди.

Жиззах цемент заводи мамлакатдаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Заводда йилига 760 минг тонна портландцемент ва 350 минг тонна оқ цемент ишлаб чиқариш қувватига эга.

Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланган “Фарғонаазот” корхонаси фаолияти ҳам табиий газ миқдори камайгани туфайли​ ўтган йилнинг декабрида қисман тўхтатилган эди.

Ўшанда 7 минг ишчи ишлайдиган бу корхонанинг асосий объекти ҳисобланган аммиак ишлаб чиқариш цехи ишламай қолганди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил, 24 мартда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарорга мувофиқ ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган айрим ғишт, асфальт, цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарга табиий газдан фойдаланиш тақиқлаб қўйилди.

Бунинг оқибатида ғишт, оҳак ва цемент ишлаб чиқарувчи юзлаб хусусий корхона банкротлик таҳдиди остида қолган эди.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида газ тақчиллиги кузатилмоқда.

Ўтган йилнинг декабрида газ муаммоси сабаб мамлакатнинг Фарғона, Андижон, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистоннинг турли ҳудудларида бир қанча норозилик акциялари ўтказилган эди.

XS
SM
MD
LG