Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Любая бизнес хороша: 80 дарахт кесилиши ортидан Тошкентда 11 миллион кўчат эктирилади!


Тошкентда ҳокимият билан халқ бирлигига бағишланган театр томошаси тугади. Унинг бош қаҳрамонлари ва ижрочилари: ёмон қурилиш корхонаси; ўзини Хўжа Насриддин ҳисобловчи, лекин депутат бўлиш ниятидан қайтмаган жамоатчи; президентнинг ишончини оқламагани учун ўзини айбдор санаётган прокурор; умумхалқ иродасини ифода қилувчи оммавий саҳналар ансамбли (миманс).

Томошанинг қисқача мазмуни. Балохўр қурилиш корхонаси шаҳардаги бутун бошли дам олиш боғидаги дарахтларни кесиб ташлаб, яна бир бино қурилиши учун ер очади. Атроф-муҳит хавфсизлиги учун тамасиз курашчи йўлга солиб турган сергак жамоатчилик вакиллари шов-шув кўтаради, йўл-йўлакай рўй берган воқеадан норози бўлиб, ижтимоий тармоқларга хабарлар жойлаштиради. Қонун устуворлигини қатъий ва муросасиз кузатиб бораётган прокуратура қилаётган иши натижаси тузукроқ кўриниши учун бир эшакка ортилса, майиб қиладиган кило-кило сўмларни халойиққа кўз-кўз қилади. Хатосини англаб етган шаҳар прокурори пойтахтнинг ҳар бир туманида миллионтадан кўчат ўтқазилажагини эълон қилади.

Гулдурос олқишларга айланиб борувчи кети узилмайдиган қарсаклар. Оркестр туш – қисқа ва тантанали саломнома чалади. Актёрлар яна олқиш олиш учун саҳнага чиқиб, табрикларга кўмилиб кетади. Отаси тирилиб келгандай завқ-шавққа тўлган аёллар болталарни кўрпачалари остига бекитади, болалар дўпписини осмонга отади. Белкурак сопига суяниб турган тунд эркаклар оққан-оқмаган кўз ёшини артиб, Молотов коктейлидан сигаретасини тутатиб олади.

Тарки одат амри маҳол бўлган театр танқидчилари яна саволларни қаторлаштириб ташлайди: Тошкент шаҳри бюджетидан 11 миллионта кўчат сотиб олишга юз миллион долларлаб пул ажратилишини асослаш учун ушбу томоша қўйилмадими? Кўчатларни сотиб олиш топшириладиган бахтиёр компаниянинг эгаси ким? Кўчатлар ўстирилаётган кўчатхона эгаси ким? Улуш яна кимга тегади? Яна дарахтларни кесган компания «ҳа» деганда, «ма» деб, етказилган зарар учун ундирилган икки миллиард сўмни қаердан топди?

Бу саволлар аравани қуруқ олиб қочиш учун берилаётгани йўқ. Айни соҳани миридан-сиригача биладиган синчилар мамлакатда ҳар йили кўчат сотиб олишга коррупциячилар зулукдай ёпишиб олишини айтади. Бюджет маблағларини ўғирлашни бекитиш осон. Нима қипти, кўчатлар тутмай қолди: тупроқ тўғри келмади, суғориш эсдан чиқибди – бўп туради-ку. Беайб – парвардигор.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда чорак асрдан бери ҳар йили ўн миллионлаб дарахт экилади. Ҳатто ҳар бир кўчатдан кимнингдир кармонида бир доллардан ширинкома қолган тақдирда ҳам…

Сергей ЕЖКОВ, журналист.

***

OzodTahlilchi - Озодликнинг янги рукни. Унда турли соҳа мутахассислари, экспертлар, публицист, журналист ва блогерларнинг Озодлик ўқувчилари учун ёзган таҳлилий мақолалари эълон қилиб борилади.

OzodTahlilchiда, шунингдек, Озодлик форматида бўлмаган луқмалар, шарҳлар, чизгиларга, бир сўз билан айтганда, муаллифларнинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабатлари акс этган матнларга ўрин берилади.

OzodTahlilchiда эълон қилинадиган материал муаллифи қарашлари Озодлик қарашлари ифодаси сифатида қабул қилинмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG