Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:20

Эронда коронавирус тарқагани эпидемиянинг глобал кўламга ўтиш қўрқувини кучайтирди


Эронда коронавирус тарқаб бораëтгани бутун минтақани жиддий қўрқувга солиб қўйди.
Эронда коронавирус тарқаб бораëтгани бутун минтақани жиддий қўрқувга солиб қўйди.

Эрон, Италия ва Жанубий Корея сингари мамлакатлар эпидемия тарқалиши олдини олиш учун курашаётган пайтда коронавирус пандемияси ёки унинг глобал миқёсда тарқаб кетиши билан боғлиқ қўрқувлар кучаймоқда. Шу кунгача Хитойда ушбу вирусдан ўлганлар сони 2700 га яқинлашди.

24 февралда Афғонистон, Ироқ, Баҳрайн ва Кувайт илк марта COVID-19 вирусини юқтирганлар қайд этилгани ва уларнинг барчаси Эрондан келганлар эканини маълум қилди. Вирус ўчоғи бўлмиш Хитойдан сўнг энг кўп ўлим ҳолати ҳозиргача Эронда қайд этилди.

Ярим расмий ИЛНА ахборот агентлиги хабарига кўра, мамлакат марказидаги Қум шаҳрида 50 одам айни вирусдан ўлган, бироқ Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ирож Ҳарирчи ушбу маълумотни матбуот конференцияси чоғида рад этди. Расмий иддаосича¸ 61 одамнинг вирус юқтиргани тасдиқланган ва улардан 12 нафари вафот этган.

Айни пайтда¸ Афғонистоннинг Ижтимоий соғлиқни сақлаш вазири Ферузиддин Феруз мамлакат ғарбидаги Ҳирот вилоятида уч одамнинг вирус юқтиргани тасдиқлангани ва Эронга чегарадош вилоятда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини билдирди.

Вазир, вирус юқтирган 25 яшар беморнинг Қумдан қайтиб келганини таъкидлади. Теҳрондан 120 километр жанубда жойлашган ушбу шаҳар Эрон ва бошқа мамлакатларда истиқомат қилаётган шиалар учун диний таълим маркази сифатида машҳур.

Ироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам нажафлик талабага ушбу хасталик ташхиси қўйилганини айтди.

Бемор Ироққа ҳукумат чегарани ёпиши ва ироқлик бўлмаганларнинг Эрондан мамлакатга киришини тақиқлашидан олдин кирган, дейилади вазирлик баёнотида.

Форс кўрфазидаги яна бир мамлакат – Кувайт ҳукумати вакили Эроннинг Машҳад шаҳридан ўтган ҳафта эвакуация қилинган 700 кувайтлик орасида 3 одамнинг янги вирусни юқтиргани тасдиқланганини хабар қилди.

Давлатга қарашли Баҳрейн матбуоти мамлакатда Эрондан коронавирус юқтириб келган бир бемор борлиги аниқланганини эълон қилди.

Эроннинг Қум шаҳрида касаллик тарқашини тўхтатиш мақсадида маҳаллий ҳукумат жамоат жойларга одамлар йиғилиши ва саёҳатни чеклади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир қанча шаҳарларда мактаб ва университетлар, кинотетрларни ёпди; театр ва концерт тадбирлари бекор қилинди. Профессионал футбол мусобақалари эса томошабинларсиз ўтказиладиган бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазири Саид Намакий коронавирусдан ўлганлар орасида билвосита авиарейслар билан Хитой билан Эрон ўртасида қатнаб юрган бир савдогар ҳам борлигини айтди.

Қўшни мамлакатлар, жумладан, Ироқ, Покистон, Туркия, Арманистон ва Афғонистон саёҳат ва иммиграция бўйича Эрон Ислом Республикасига чекловлар жорий этди. Грузия Эрон билан тўғридан-тўғри авиарейсларни бекор қилди.

Хитойдан сўнг энг кўп коронавирус тарқалган Жанубий Кореяда 833 нафар вирус юқтирган шахс борлиги аниқланди. Уларнинг кўпчилиги Даегу шаҳридаги черков жамоаси аъзоларидир.

Италияда коронавирус юқтирган тўртинчи бемор вафот этди. Ломбарди вилоятида 4 кунда 165 одамда бу вирус борлиги қайд этилди.

Ҳокимият идоралари вирус қайд этилган шаҳарларни ёпиб қўйди ҳамда эпидемия тарқалиши олдини олиш учун мамлакат шимолидаги ижтимоий йиғинлар¸ хусусан¸ дунëга машҳур Венеция карнавалини ҳам тўхтатиб қўйди.

Хитойнинг материк қисмида коронавирусдан ўлганлар сони 2592 га етди¸ 77 мингга яқин одамнинг вирус юқтиргани тасдиқланди.

Касаллик тарқалиши оқибатида мамлакат парламенти мажлиси неча ўн йиллардан бери биринчи марта қолдирилди.

Давлат телевидениеси Миллий халқ конгрессининг 3 мартга мўлжалланган мажлиси кечиктирилгани ва унинг қачон ўтказилиши кейинроқ белгиланишини хабар қилди.

XS
SM
MD
LG