Туркманистон коронавирус сабабли чегарасини ёпгани ортидан Эроннинг “Лутфобод” божхона постида ўзбекистонлик 11 нафар ҳайдовчи уйларига қайта олмаяпти.
Эронда қолиб кетган ҳайдовчилар 6 март куни ижтимоий тармоқлар орқали уйларига қайтишда кўмак сўраб президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллади.
Видеода давлатлараро юк ташиш билан шуғулланадиган бир гуруҳ ҳайдовчилар Эроннинг “Лутфобод” божхона постидаги терминалда 23 февралдан бери қолаётганликларини айтишган.
“Ўшандан бери машиналаримизда яшаяпмиз. Биз тегишли идораларга мурожаат қилдик. Аммо ижобий натижа йўқ”, дейди видеода мурожаатни ўқиб эшиттирган ҳайдовчилардан бири.
Унга кўра, ҳайдовчиларнинг ҳаммаси соғ-саломат, уларда коронавирус аломатлари сезилмаган.
“Биз ҳаммамиз соппа-соғмиз. Касаллик тарқалган жой биздан минг километр узоқда. Конвой билан бўлса ҳам бу ердан олиб чиқиб кетишса розимиз. Ватанимизга етиб олсак бўлди”, дейди видоеода ҳайдовчилардан яна бири.
Уларнинг айтишларича, Туркманистонга қарашли юк машиналари чегарадан тўсиқсиз ўтиб, юкларини юклаб яна ортга қайтишмоқда.
Ҳозирча ушбу видео юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар муносабат билдирмади.
Хитойдан сўнг коронавирус энг кўп ўлимга сабаб бўлаëтган Эрон ислом жумҳуриятида ўтган ҳафтадан жума намозлари тақиқланганди.
6 март ҳолатига кўра, Эронда коронавирусга чалинганлар сони 4774 кишига етди. Сўнгги 24 соат ичида коронавирусга чалинганлардан 17 нафари вафот этди. Бу касалликдан ўлганлар сони Эронда юз кишига яқинлаб қолди.
Сўнгги ҳафталарда Туркманистон чегарада хавфсизлик чораларини кучайтирган ва ватандошлар чет мамлакатларга сафар қилмасликка даъват этилмоқда. Ердаги чегаралар, денгиз портлари ёпилган, учоқда мамлакатга келаётган йўловчилар назорати кучайтирилган.
Пойтахтда тўй ва бошқа ижтимоий тадбирлар бекор қилинмоқда, спорт заллари ҳамда сузиш бассейнлар ва бошқа спорт иншоотлари ёпиб қўйилди.
Айни пайтда Туркманистонда коронавирус ҳақида гапиришга тақиқ қўйилган, ўтган йил декабридан бери тарқалиб, шу кунгача 3200 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган касаллик ҳақида на ҳокимият идоралари ва ахборот воситалари оғиз очди.
Аввалроқ Озодлик радиоси пойтахт Ашхобод яқинидаги Чўганли касалхонасида ишловчи тиббиёт ходимларидан бири 2 март куни камида 2 нафар туркман коронавирус юқтиргани аниқланганини иддао қилгани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, бу маълумот барчадан сир тутилмоқда, касалликка чалинганлар эса “қаттиқ изоляция”да ушлаб турилибди.
Аммо Ашхободдаги Юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш маркази ходими 3 мартда Туркманистонда беморлар коронавирус юқтиргани ҳақидаги гап-сўзларни кескин рад этган.
Айни пайтда Ўзбекистонда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги қошида тузилган коронавирусга қарши марказий штаб аҳолини ҳар куни мазкур касаллик билан боғлиқ вазият ҳақида огоҳлантириб турибди.
Расмий маълумотда айтилишича; “Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 7 март соат 09:00 гача “COVID-19” коронавирус инфекцияси қайд этилмади”.
“Расмий маълумотларга кўра, 7 март соат 09:00 гача дунёнинг 101 давлатида жами 102 минг 180 кишида “COVID-19” коронавирус инфекцияси аниқланган, улардан 57 минг 389 нафари соғайган, 3491 нафари вафот этган. Инфекция дунёнинг 101 давлатида 21 минг 529 ҳолатда қайд этилган. Касалликнинг бир суткада ўсиши Хитойда 141 нафар (0,19 фоиз), бошқа давлатларда 5058 нафарни (23,4 фоиз) ташкил қилган”, дейилади маълумотномада.