Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:46

UZ/Коронавирус: юқтирганлар 46 киши, жамоат жойларида ниқобда юриш мажбурий бўлди. "Банк ходимлари ишга чақирилди"


Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг иккинчи қисми. Биринчи қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

23 март ҳолатига кўра:

- Ўзбекистонда 46 кишида вирус аниқланди. Булар Париж, Истанбул, Лондон, Дубай ва Швейцариядан қайтган ватандошлар ҳамда уларнинг тиббий кузатув остида бўлган яқинларидир.

- ССВ: оғир аҳволдаги бемор йўқ, уларнинг яқинлари шифохона ва уйида карантинда. Илк беморлар тузалишни бошлади.

- 16 мартдан бошлаб, Ўзбекистонга кириш-чиқиш тўхтади, таълим муассасалари ёпилди, давлат идораларида мажлислар тўхтатилди.

- Италияда бир кунда 900га яқин одам ўлди, Европа ҳануз COVID-19 пандемияси марказидир, қитъанинг аксар давлатларида фавқулодда вазият амалда.

- Вирус юқтирганлар расмий сони 307 мингдан, ўлганлар сони эса 13 минг, тузалганлар сони эса 92 минг кишидан ошди.

ЎЗБЕКИСТОН: коронавирусга чалинганлар сони 46 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган кишилар сони 46 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ССВга кўра, “хорижда бўлиб қайтган яна бир фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган”.

Вазирлик инфекция юқтириб олган шахснинг қайси мамлакатдан, қачон, кимлар билан қайтганига аниқлик киритмаган. Бу шахснинг аввал карантинда бўлган-бўлмагани ҳам ҳозирча маълум эмас.

ЎЗБЕКИСТОН: вирусни юқтирганлар 45 киши бўлди

(22 март, соат 21:00 (Прага вақти билан)

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони айни пайтгача яна иккитага ошиб, 45 нафарга етди.

Ушбу инфекция аниқланган сўнгги икки фуқаро хорижда бўлиб коронавирусга чалинган беморлар билан яқин мулоқотда бўлишган.

НАМАНГАН: савдогарлардан тавсия

Наманганлик тадбиркорлар мурожаати: Барака савдодаги ҳалолликда бўлади!​

TELEGRAM: "банк ходимлари ишга чақирилди"

Телеграм тармоғидаги Bank va mijoz каналининг хабар қилишича, 23 март кунидан банкларнинг айрим ходимлари "кредитларни ундиришни таъминлаш учун" ишга чақирилган.

Бу ҳақдаги хабарга канал илова қилган ҳужжатда президент қарори ижросини таъминлаш учун банкларнинг айрим ходимлари ишга чиқишига рухсат берилиши қайд этилган.

Айни пайтда, ушбу канал баъзи "банклар барча ходимларидан ишга чиқишни талаб қиляпти", деб ёзди.

Озодлик Марказий банк раҳбариятидан бу маълумотга ҳозирча бирор изоҳ ололмади, аммо изоҳ олишга уринмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Махсус комиссияси қарори билан 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасалар (мулкчилик шаклидан катъий назар), асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда, ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариши лозим.

Ишхонада қолган ишчиларнинг иши эса максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши керади.

SIZDAN TELEGRAM: Фаттоҳ Шодиевдан хайрия

ХОРАЗМ: вирусни юқтирган 1 киши бор

АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов билан онлайн брифинг бўлиб ўтмоқда.

Алматов, коронавирус касаллиги Тошкент шаҳридан ташқари Хоразм вилоятида қайд этилганини маълум қилди.

Қуйида ушбу брифингни томоша қилишингиз мумкин:

SIZDAN TELEGRAM: карантиндаги аянчли шароит

ТОШКЕНТ: масофа сақланг!

Мутахассислар коронавирус тарқалишининг олдини олишда энг муҳим чора ўлароқ ўзаро - ижтимоий масофа сақлашни (social distancing) тавсия қилмоқда.

Жумладан, Тошкентдаги МАКРО савдо мажмуаси ўз харидорларини масофа сақлашга чақирмоқда.

ЯНА ЧЕЛЛЕНЖ: бу галгиси ИВВ ходимларидан

SIZDAN TELEGRAM: бепул саримсоқ ва совун

БОШ ПРОКУРАТУРА: карантиндан қочганларга жиноят ишлари очилди

Бош прокуратура карантин ҳудудидан қочган 3 киши қўлга олингани ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Маълумотга кўра, қочганлардан бири 16 март куни Жанубий Кореядан, яна иккиси 19 март куни Россиядан қайтган ва карантинга жойлаштирилган бўлган.

Бу шасхларга нисбатан 21 март куни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 25, 257-1-моддалари - Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш айби билан жиноят ишлари қўзғатилган, бу шахслар гумондор тариқасида процессуал тартибда ушланган.

Жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 25-моддаси:

- Шахснинг қасддан қилинадиган жиноятни содир этиш ёки яшириш учун шарт-шароит яратувчи қилмиши ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра содир этилиши бошлангунга қадар тўхтатилган бўлса, бундай қилмиш жиноятга тайёргарлик кўриш деб топилади.

Қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади.

Жиноятга тайёргарлик кўрганлик ва жиноят содир этишга суиқасд қилганлик учун жавобгарлик ҳам ушбу Кодекс Махсус қисмининг тамом бўлган жиноят учун жавобгарликни белгиловчи моддасига мувофиқ ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 257-1-моддаси:

Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 11 млн 150 минг сўмдан 22 млн 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

SIZDAN TELEGRAM: #KoronaXayriya акцияси давом этади:

ЎЗБЕКИСТОН: чегара тўлиқ ёпилади, ниқоб мажбурий бўлади

Махсус комиссия ахбороти:

- Республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари 23 март куни соат 00:01 дан бошлаб ҳаммага ёпилади. Мамлакатдан чиқишни истовчи хорижликлар мустасно.

- 23 мартдан Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасалар (мулкчилик шаклидан катъий назар) максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ишлашни бошлайди.

- ходим ва ишчилар ўз иш жойида ниқобда бўлиши талаб этилади, акс ҳолда интизомий чоралар қўлланилади.

- 23 мартдан мамлакат бўйлаб, жамоат жойларида ниқобсиз бўлган шахсларга “огоҳлантириш” берилади. 25 мартдан бошлаб, жаримага тортилади.

SIZDAN TELEGRAM: Истанбулда сарсон юрганлар

ЎЗБЕКИСТОН: талабалар учун махсус брифинг

АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов иштирокида брифинг ўтказди. ​

ЎЗБЕКИСТОН: 2 мингга яқин ватандош қайтди

22 март ҳолатига кўра оператив штабларга 5 минг 852 нафар Ўзбекистон, 2 минг 820 нафар чет эл фуқаролари ватанга қайтишни сўраб мурожаат қилди.

Россия, Туркия, Миср, Ҳиндистон, Малайзия, Корея Республикасидан 7 та чартер рейслари орқали жами 1 минг 750 дан ортиқ ватандош Ўзбекистонга қайтарилди ва 14 кунлик карантинга олинди.

ЎЗБЕКИСТОН: вирусни юқтирганлар 42 киши бўлди

(22 март, соат 6:00)

ЎЗБЕКИСТОН: Карантиндан қочаётган 2 киши ушланди

21 март куни Қашқадарёдаги карантин марказидан қочмоқчи бўлган наманганлик қўлга олинди.

Кoronavirusinfouz маълумотига кўра, 25 яшар наманганлик 20 март куни Москва-Тошкент йўналишида поездда келган йўловчилар билан биргаликда Қашқадарёдаги карантин марказига жойлаштирилган:

“Ушбу фуқаро 21 март куни соат 15.30 да белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмасдан карантин маркази деворидан ошиб ўтиб, қочишга ҳаракат қилган вақтда карантин ҳудуди бўйлаб хизмат олиб бораётган Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходими томонидан қўлга олинган”.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатиш чоралари кўрилмоқда.

Бугун Самарқанддаги карантин марказидан қочган бошқа бир шахс Паркент туманида ушланди.

Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, асли паркентлик шахс 19 март куни Россиянинг Самара шаҳридан поездда келган йўловчилар билан биргаликда Самарқанддаги карантин марказига жойлаштирилган.

Кейинчалик 66 яшар паркентлик карантиндан қочиб, Паркентдаги уйига борган.

Паркент ИИБ ходимлари томонидан ўз уйида ушланган 66 яшар паркентлик изоляцияга олинган ва унга нисбатан жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жазо кўзда тутилган.

Агар бирор шахс санитария қоидаларини бузиб, одамларнинг оммавий касалланишига сабабчи бўлса, 11 миллион 150 минг сўмдан, 22 миллион 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

ЎЗБЕКИСТОН: Хориж аэропортларида қолган минглаб ватандошлар Мирзиёевдан ëрдам сўрамоқда

16 март куни Ўзбекистон бир қанча йўналишларда рейсларни бекор қилгани ортидан минглаб ўзбекистонликлар хориждаги аэропортларда қолиб кетди.

Самолëт йўқлиги сабабли аэропортда тунашга мажбур бўлаëтган ўзбекистонликлар ичида болалар¸ қариялар¸ ҳомиладор аëллар бор.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмарти 20 март куни олти кун ичида хориждаги фуқаролар чартер рейслар билан қайтарилишини эълон қилди.​

ЎЗБЕКИСТОН: Яна 4 кишида коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда яна тўрт кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.

Соғликни сақлаш вазирлигига кўра, бу тўрт киши ҳам карантинда бўлганлардир.

Бугун эрталаб ҳам тиббий карантинда бўлганлар орасидан 4 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган эди.

Айни пайтга келиб ушбу инфекция билан касалланган сони 41 нафарга етди.

Булар Париж, Истанбул, Лондон ва Дубайдан қайтган ватандошлар ҳамда уларнинг яқинларидир.

20 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги илк беморлар тузала бошлаганини ва карантиндагилардан 7000 кишига уйига рухсат берилганини маълум қилган.

ССВ инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилаётганини урғулайди.

ЎЗБЕКИСТОН: Карантиндан қочган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Самарқанддаги карантин марказидан қочган шахс Паркент туманида ушланди.

Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, асли паркентлик шахс 19 март куни Россиянинг Самара шаҳридан поездда келган йўловчилар билан биргаликда Самарқанддаги карантин марказига жойлаштирилган.

Кейинчалик 66 яшар паркентлик карантиндан қочиб, Паркентдаги уйига борган.

Паркент ИИБ ходимлари томонидан ўз уйида ушланган 66 яшар паркентлик изолацияга олинган ва унга нисбатан жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жазо кўзда тутилган.

Агар бирор шахс санитария қоидаларини бузиб, одамларнинг оммавий касалланишига сабабчи бўлса, 11 миллион 150 минг сўмдан, 22 миллион 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.​

ЎЗБЕКИСТОН: Хорижий фуқароларнинг визаси 5 майгача узайтирилади

Ўзбекистон ҳудудида бўлган хорижий фуқароларнинг виза муддатини жорий йилнинг 5 май санасигача автоматик тарзда узайтирилади.

Бу ҳақда маълум қилган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича махсус комиссия йиғилишида шунга доир қарор қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, муайян муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига ҳам (белгиланган муддат бузилган тақдирда) истисно тарзида мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишига 2020 йилнинг 5 майига қадар рухсат берилади.

Юқоридаги ҳолатларда хорижий мамлакатлар фуқароларига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди ҳамда жарима ундирилмайди.

Ҳужжатда айтилишича, хорижий фуқароларнинг қайтиши учун харид қилинган авиачиптаси мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг қайтиб кетиши учун тегишли рейсларини қўшимча маблағ ундирмаган ҳолда ташкил этади.

ЎЗБЕКИСТОН: Тиббий ниқоб тиббиёт буюмлари рўйхатидан чиқарилди

Ўзбекистонда тиббий ниқоблар тиббиёт буюмлари рўйхатидан чиқарилди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, бу борада Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 20 мартдаги 114-сон “Тиббий буюмлар рўйхатига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги буйруғи давлат рўйхатидан ўтказилган.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ушбу ўзгариш амалга оширилган.

Эндиликда, тиббий ниқобни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмайди.

Шунингдек, тиббий ниқоб амалиётда кўллаш учун давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

Нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг аксар мамлакатларида тиббий ниқоблар тақчиллиги кузатилмоқда.​

ЎЗБЕКИСТОН: Дала ҳовлиларга бормаслик ҳақида огоҳлантирув берилди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги коронавирус тарқалиши сабаб ижара олинган дала ҳовлиларга бормаслик ҳақида огоҳлантирув берди.

"Коронавирус тарқалишининг олдини олиш, санитария-эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини ҳамда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Тошкент вилояти ва республикамизнинг бошқа ҳудудларида хусусий тартибда ижарага берилаётган дала ҳовлиларга бормасликни сўраймиз”, дейилади вазирлик хабарида.

Вазирликка кўра, аксарият дала ҳовлиларда дезинфекция тадбирлари талаб даражасида олиб борилмаслиги ва санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилинмаслиги сабаб бу ерларда вирусли инфекциялар юқиши ва тарқалишининг хавфи юқоридир.

“Карантин вақтида энг хавфсиз жой ўзингиз яшаб турган уйингиз эканлигини унутманг”, дейилади ИИВ хабарида

ЎЗБЕКИСТОН: Карантиндагилардан видео-шикоят

Самарқанддаги санаториялардан бирига карантинга жойланган ўзбекистонлик аёл шароитнинг ёмон эканлигидан нолиди.

Видеодаги аёлнинг айтишича, чойшаблар, кир, шкаф ва эшиклар синган, ҳамма ёқни чанг босиб ётибди:

"Душида сув тушадигани, туалетида ўтирадигани йўқ!”

ЎЗБЕКИСТОН: Олти кун ичида хориждаги фуқаролар чартер рейслар билан қайтарилади

21−26 март кунлари Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга қайтариш учун чартер рейслар амалга оширилади.

Бу ҳақда хабар қилган Ташқи ишлар вазирлигига кўра, президент Мирзиёев хориж мамлактларида оғир аҳволда қолган ватандошлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларни махсус чартер рейслари орқали қайтариш ҳақида кўрсатма берган.

Хориждаги ватандошлар қуйидаги тартибда қайтарилади:

  • 21 март куни Москва шаҳридан (Россия) соат 03:30да; Деҳли шаҳридан (Ҳиндистон) соат 17:30да;
  • 22 март куни Куала-Лумпур шаҳридан (Малайзия) соат 04.30да; Москва шаҳридан (Россия) соат 05:00да, Истанбул шаҳридан (Туркия) соат 06:00да ва Новосибирск шаҳридан (вақти аниқлаштирилмоқда);
  • 23 март куни Сеул шаҳридан (Корея Республикаси) соат 02:00да;
  • 24 март куни Жакарта шаҳридан (Индонезия) соат 07:00да;
  • 26 март куни Бангкок шаҳридан (Тайланд) соат 01:00да.

Шунингдек, бошқа мамлакатлардан ҳам ватандошларни қайтариш давом этади, дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистонга қайтган фуқаролар 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

ЎЗБЕКИСТОН: 5 кундан бери аэропортда яшаётган ватандошлар Мирзёевга мурожаат қилди

Туркияда аэропортда қолиб кетган ўзбеклар: "Жон президент, бизга ёрдам беринг! 5 кундан бери аэропортда яшамоқдамиз. Касал бўлмаган инсонларимиз ҳам касал бўлади бу ерда! Ерда захда ётибмиз! Одамгарчилик қани?"

ЎЗБЕКИСТОН: Бир ойда Тошкентда 3та шифохона қурилади

Коронавирусга қарши кураш доирасида 1 ой давомида Тошкент шаҳрида учта шифохона қурилиб, фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда “Газета.uz” ҳукуматдаги манбага таяниб маълум қилди.


ЎЗБЕКИСТОН: Мамлакат бўйлаб бепул ниқоб, исириқ ва саримсоқ

COVID-19 вируси туфайли юзага келган оғир вазиятда муҳтожларга ва умуман ҳаммага ёрдам қўлини чўзаётган одамлар, компаниялар ва ташкилотлар қаҳрамонимизга айланади. Ўзингиз ёки бошқалар қилган хайрия ҳақида Telegram орқали @sizdan ёки @ozodnews аккаунтига ёзинг!

РОССИЯ: Пермь театрида фақат бир киши учун спектакл қўйилади

Пермь опера ва балет театри коронавирус бўҳрони туфайли жорий қилинган чекловларга қарамасдан ўз фаолиятини давом эттиради.

Аммо спектаклларни томоша қилиш учун залга фақат битта томошабин киритилади.

20 март куни театр ходимлари ушбу янги формат ой якунидан бошлаб йўлга қўйилишини билдирди.

Театр сайтида эълон қилинган билдирувга кўра, яқин кунларда залдаги ягона томошабин бўлиш истагидагилар ариза топшириши мумкин бўлади.

"Рўйхатдан ўтганлар орасидан лотерея танлови усули билан танлаб олинган томошабинни спектаклларга чақирамиз", дейилади билдирувда.

Билдирувга кўра, танлаб олинган томошабин залга киритилишидан олдин шифокор назоратидан ўтади.

Театр директори Марат Гацалов бундай чора театр тарихида илк маротаба кўрилаётганини айтди.

- Умуман олиб қараганда, бир нафар томошабин ва тўла зал аслида айни нарса, — деди у.

Пермь опера ва балет театрига 1870 йилларда асос солинган.
Пермь опера ва балет театрига 1870 йилларда асос солинган.

ЎЗБЕКИСТОН: КоронаЧелленж - шифокорлар: "Биз сиз учун ишда қолдик, Сиз биз учун уйда қолинг"

ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирус аниқланганлар сони 37га етди

Ўзбекистонда яна тўрт кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.

Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Ўзбекистон бош санитар врачи Баҳром Алматов шанба куни бўлиб ўтган брифингда янги рақамлар карантиндагилар билан боғлиқлигини айтди:

"Бугун коронавирус касаллиги қайд этилган беморлар шу пайтга қадар карантинда сақланаётган фуқаролар".

Ўзбекистонда жами коронавирус аниқланганлар сони 37 кишига етди. Булар Париж, Истанбул, Лондон ва Дубайдан қайтган ватандошлар ҳамда уларнинг яқинларидир.

20 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги илк беморлар тузала бошлаганини маълум қилган.

ЎЗБЕКИСТОН: Тўйлар тақиқланди

21 мартдан эътиборан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган мавжуд кўнгил очар объектлар, шу жумладан, тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, чойхона, ошхона (уйга элтиб бериш хизмати бундан мустасно) караоке, билярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилади.

Бу ҳақдаги қарор Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлисида қабул қилингани тўғрисида koronavirus info Телеграм-канали хабар қилди.

Шунингдек, 23 мартдан бошлаб “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ мамлакат фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлари билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади.

Озодлик 19 март куни тўйлар давом этаётгани, бундан айримлар хавотир олаётгани ҳақида ёзганди:

ЎЗБЕКИСТОН: Ўқувчилар учун онлайн олимпиада ташкил этилди

Коронавирус сабаб 16 мартдан бошлаб таътилга чиқарилган ўқувчилар учун онлайн олимпиада ташкил этилди.

olympiad.uzedu.uz веб-сайти хабарига кўра, 24 март кунидан бошлаб, умумтаълим мактабларининг 4-11-синфлари ҳамда академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун 5 та фандан - математика, физика, кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан - республикамизда илк бора онлайн олимпиада ташкил этилади.

Онлайн олимпиадада ўқувчилар ихтиёрий равишда, масофавий тарзда иштирок этишлари мумкин.

Олимпиадада иштирок этиш мутлақо бепул бўлиб, бунинг учун ўқувчилар Халқ таълими вазирлигининг olympiad.uzedu.uz вебсайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиши ва таҳсил олаётган таълим муассасаси масъул ходими томонидан электрон тарзда тасдиқдан ўтишлари лозим бўлади. Ўқувчилардан олимпиада ўтказиладиган муддатдан камида бир кун олдин рўйхатдан ўтишлари сўралади.

Онлайн олимпиада топшириқлари мураккаблик даражаси турлича бўлган 20 та тест саволларидан иборат бўлиб, уларни бажариш учун ҳар бир ўқувчига 60 дақиқа вақт ажратилади. Ажратилган вақт якунига етгач, ўқувчилар ўз рейтингларини кўришлари ҳамда олимпиадада иштирок этганлиги тўғрисидаги сертификатларини электрон тизимдан юклаб олишлари мумкин.

ЎЗБЕКИСТОН: Ўзбек-қирғиз чегарасида вазият қандай?

Озодлик мухбири Шерзод Юсуф ўзбек-қирғиз чегарасининг “Дўстлик” постига бориб, у ердаги вазиятни ўрганди:​

- Водийликлар ҳаммаси шу постдан ўтишади. Бу ўзбек-қирғиз чегарасидаги асосий пост. Ўзбекистон чегарани бир томонлама ёпган. Қирғизистон томони очиқ. Лекин Ўзбекистон фақат ўз фуқароларини чегарадан ўтказяпти. Уларни ичкарига киргизяпти, лекин Ўзбекистондан Қирғизистонга чиқармаяпти. Ўзбекистон ичкарисида бўлган қирғизистонликларнинг ватанига қайтишига чеклов йўқ. Уларни ҳам Ўзбекистон томони бемалол ўтказиб юборяпти. Чегарада одам жуда оз, буни мен олган суратлардан ҳам кўриш мумкин. Икки томонга фақат саноқли одамгина ўтяпти. Лекин юк машиналари бемалол ўтаётганини кўрдим.

Коронавирус: Ўзбек-қирғиз чегарасида вазият қандай?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:55 0:00

ЎЗБЕКИСТОН: Судларда фуқароларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилади

20 мартдан бошлаб коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон судларида фуқароларнинг шахсий қабули, сайёр суд мажлислари тўхтатиб турилади.

Бу ҳақда Олий суд Раёсати томонидан қабул қилинган қарорда қайд қилинган.

Koronavirusinfo хабарига кўра, фуқароларга ҳужжатларни судларга фақат электрон шаклда ёки почта орқали юбориш тавсия этилмоқда. Қарорга мувофиқ судлар томонидан фақат кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар кўрилиши белгиланган.

Шунингдек, қарорда барча судлар ишларни техник имконият мавжуд бўлганда видеоконференцалоқа режимида кўрилишини ташкил этиши, суд мажлиси иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг суд биноларига кириши қатъиян ман этилиши кўзда тутилган.

ЎЗБЕКИСТОН: Ваҳима тарқатганлар 8 йилга қамалиши мумкин

Адлия вазирлиги эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик ва ваҳима тарқатганлик учун жавобгарлик борлигини эслатиб, бу борадаги видеороликни @huquqiyaxborot телеграм каналига жойлади.

Вазирликка кўра, ваҳима тарқатганлик учун 89 миллион сўмгача жарима ёки 8 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

ЧЕХИЯ: ​900 нафар украиналик эвакуация қилинди

19 март куни коронавирус пандемияси ортидан уюштирилган эвакуация доирасида тақрибан 900 нафар украиналик поездда Прагадан Киевга йўлга чиқди.

Поезд Чехия ва Польшадан ўтади. Украинанинг Чехиядаги элчиси Евҳен Перебийнис Чехияда яшаётган 3000 дан ошиқ украиналик эвакуация уюштирилишини сўраганини айтди.

Бу орада Украинанинг Житомир шаҳри мэри шаҳарда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганини маълум қилди. Украина расмийларига кўра, бемор яқинда Австриядан Украинага келган.

Бугунга қадар Украинада камида 26 нафар одам вирусга чалинди. Уларнинг уч нафари вафот этди.

Украиналиклар Прага вокзалида поездга ўтирмоқда. 2020, 19 март.
Украиналиклар Прага вокзалида поездга ўтирмоқда. 2020, 19 март.

ЎЗБЕКИСТОН: STда #KoronaXayriya акцияси бошланди

@SizdanTelegram канали #KoronaXayriya акциясини бошлади.

Шунингдек, Instagram ва Facebook да @ozodlikradiosi деб қидиринг!

COVID-19 вируси туфайли юзага келган оғир вазиятда муҳтожларга ва умуман ҳаммага ёрдам қўлини чўзаётган одамлар, компаниялар ва ташкилотлар қаҳрамонимизга айланади.

Ўзингиз ёки бошқалар қилган хайрия ҳақида Telegram орқали @sizdan ёки @ozodnews аккаунтига ёзинг!

ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирусга чалинган илк беморлар соғаймоқда
Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовга кўра, коронавирусга чалинган илк беморлар соғаймоқда:

«Бугун коронавирус касалига чалингани аниқланган беморларнинг аҳволи ўрта оғир, барқарор. Ушбу касалликка чалинган илк беморлар соғайиб бормоқдалар, улар ўзларини яхши ҳис этишмоқда. Даволаш муасасаларимизда ташкил қилинган дори-дармонлар захираси, тиббий асбоб-анжомлар, ўз вақтида ташхис қўйиш ва самарали даволаш учун барча шароит мавжуд.

ЎЗБЕКИСТОН: Хайрия акциялари

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида мутасадди ташкилотлар аҳолига бепул исириқ тарқатди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва солиқ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ қанча исириқ бепул тарқатилганини очиқламаган.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб бепул тиббий ниқоб тарқатиш акциялари уюштирилмоқда.

Жумладан, Қашкадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги “Сарбон” кафесида ниқоб ва салфеткалар бепул таркатилмокда.

ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирус юқтирганлар сони 33 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган яқинларидан яна 9 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган.

Шунингдек, хориждан келган яна бир нафар фуқарода ҳам ушбу инфекция борлиги тасдиқланган.

Айни пайтга келиб, коронавирус инфекция аниқланган беморлар сони 33 нафарга етди.



ЎЗБЕКИСТОН: Карантиндагилардан 7минг кишига уйига рухсат берилди

Давлат Бош санитария инспектори Нурмат Отабековнинг матбуотга билдиришича, бугунги кунга қадар 9 мингдан ортиқ киши карантинга олинган ва уларнинг салкам 7 минг нафарига уйига жавоб берилган:

"Ҳозир вақтда 2,3 минг нафар киши карантин муддатини ўтамоқда".

ҚОЗОҒИСТОН: Олмаотада 4 та кўпқаватли уй тўла карантинга олинди

Олмаота шаҳрида 19 март куни "Сункар" турар-жой комплекси ва шаҳар марказидаги Достиқ проспектидаги учта кўпқаватли уй тўла карантинга олинди.

Бу ҳақда шаҳар хокими ўринбосари Ержан Бабакумаров маълум қилди.

Ҳовлилар ҳарбийлар томонидан қуршаб олинган, назорат ўтиш пунктлари ўрнатилди. Ажратиб қўйилган сектор аҳолиси учун битта озиқ-овқат дўкони ишлаб турибди. Расмийлар аҳоли ўртасида инфекция тарқалмаслиги учун чора кўрилаётганини таъкидламоқда: чунки уйда коронавирус юқтиргани гумон қилинаётган одам яшаши аниқланган.

Қозоғистоннинг иккита йирик шаҳри - Олмаота ва Нур-Султонда 19 март куни кечқурун карантин режими жорий қилинди. Сўнгги маълумотларга қараганда, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 49 кишига етди.

ЎЗБЕКИСТОН: Карантиндаги ҳомиладор аëл шароитлар ёмонлигидан шикоят қилди​

ТОЖИКИСТОН: Халқаро парвозлар бекор қилинди, Жума намозлари ўқишга рухсат берилди

Тожикистон 20 мартдан халқаро йўналишларда йўловчи ташувчилар учун ўз ҳаво ҳудудини ёпади. Бу ҳақда ҳукумат қошидаги Фуқаро авиацияси агентлиги маълумот тарқатди.

Агентлик директори Икром Субҳонзода ўзининг пайшанба кунги мактубида халқаро парвозларни амалга оширадиган авиаширкатлардан Тожикистонга барча қатновларни бекор қилишни талаб қилган. Мамлакат ҳаво ҳудудини ёпишга оид қарор, Субҳонзодага кўра, коронавирус хавфи туфайли қабул қилинган.

Душанбе халқаро аэропорти матбуот котиби Жамила Ҳусейнова 19 март куни Озодликнинг тожик хизматига Фуқаро авиацияси агентлигидан хат олинганини тасдиқлаган. Бироқ, мулозиманинг айтишича, чеклов фақат халқаро қатновларга тегишли бўлиб, ички қатновларга дахл қилмайди.

Тожикистонда коронавирусга чалинишга оид ҳолат, расмий маълумотларга кўра, ҳали аниқланган эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 февралдан 18 мартгача бошқа давлатлардан келган 1900 нафар киши текширувдан ўтказилган. Ҳозирда 400 дан зиёд одам карантинда сақланмоқда.

Бу орада Тожикистон Дин ишлари, аньана ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси мамлакат масжидларида 20 мартдан жамоат бўлиб намоз (шу жумладан, Жума намозлари) ўқишга рухсат берди. Бу мамлакатда жомъе масжидлари коронавирус хавфи туфайли 5 мартдан жамоат намозлари учун ёпилган эди.

ЎЗБЕКИСТОН: Тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи фирмалар уч сменада ишлаяпти

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевнинг матбуотга билдиришича, тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхоналар олдин бир сменада ишлаётган бўлса, ҳозирда уч сменада иш йўлга қўйилган.

"Тиббий ниқоблар ва антисептик воситалар ҳозирча тақчил. Бунга эса фуқароларимиз томонидан эҳтиёжидан ортиқча харид қилиши сабаб бўлмоқда. Ниқобларни 2та олиш керак бўлган вақтда 20та, 20та олиш керак бўлганда 40та олиши натижасида, етказиб беришда узилишлар кузатилиши мумкин", дейди Сардор Карриев.

РОССИЯ: Коронавирус туфайли Россия аэропортларида қолиб кетган минглаб ўзбекистонлик ҳамон уйига кетолмаяпти

Россия аэропортларида қолаётган юзлаб ўзбек муҳожирлари Ўзбекистонга кетолмаётганидан шикоят қилмоқда.

16 мартдан коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида Россия ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл қатновлари ҳам тўхтатилгани эълон қилинди.​

Коронавирус туфайли Россия аеропортларида қолиб кетган минглаб ўзбекистонлик ҳамон уйига кетолмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:05 0:00

ЎЗБЕКИСТОН: Исириқ коронавирус юқишидан асрайдими?

Исириқ ушбу касалликка қарши тўғридан-тўғри ёрдам бермайди, лекин фойдали жиҳатлари кўп.

Бу гапни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов "Исириқ коронавирусда ёрдам берадими?" деган саволга жавобан айтгани тўғрисида Koronavirus Info хабар қилди.

"Исириқ нафас йўлларини тозалайди ва одамда аксиришни келтириб чиқаради. Аксирганда нафас йўлларида туриб қолган турли чанглар ташқарига чиқиб кетади", - деган Баҳром Алматов.

ИТАЛИЯ: Ушбу мамлакат коронавирус қурбонлари сони бўйича Хитойни ортда қолдирди

Италияда коронавирус важидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 3405 нафарга етди. Бу 3248 нафар қурбон қайд этилган Хитойнинг кўрсаткичидан ҳам юқоридир. Айни пайтда Италияда инфекцияга чалинганлар сони 41 минг нафардан ошган.

Коронавирус билан боғлиқ вазиятни муттасил кузатиб келаётган worldometers.info сайти маълумотларига кўра, айни дамда Covid-19 тарқалган мамлакатлар сони 180 тага етган.

Хитойнинг Ухан шаҳрида 2019 йил декабрь ойи охирида аниқланган коронавирус туфайли дунё бўйлаб қурбон бўлганлар сони ҳозирда 10 мингдан ошган. Инфекция юқтириб олганлар сони 245 мингга етган, 88 минг нафардан зиёд одам соғайиб кетган.

ЎЗБЕКИСТОН: Биолог олим коронавирусга қарши кураш доирасида тўйларни тақиқлашни таклиф этди

Хитойда илмий тадқиқот олиб бораётган биолог олим Бахтиёр Шералиев Ўзбекистон ҳукуматидан карантиндаги фуқароларнинг барчасидан зудлик билан коронавирусга тест олишни сўради.

Олимга кўра, вирус симптомлари кузатилишини кутиб туриш ҳолатни баттар қийинлаштиради.

“Бу ҳозир ҳукуматдан қўшимча 100 минг ёки 1 миллион доллар сарфланишини талаб қилар, лекин шу усул қўлланмаса, эртага энг камида 10 миллион доллар сарфлаши аниқ”, деб ёзди Б.Шералиев Телеграмдаги шахсий саҳифасида.

Айни пайтда биолог олим мамлакатда тўйларни тақиқлаш, иккиламчи эҳтиёж учун бозорлар, дам олиш жойларини ёпиш ҳамда миграцияни кескин чеклашни таклиф этган.

ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирусга қарши кураш учун Хитойдан мутахассислар келади

Президент Мирзиёев хитойлик мутахассисларни махсус рейс билан Ўзбекистонга олиб келиб, профилактика тадбирлари бўйича маслаҳат ва кўмак олишни топширди.

Бундай баёнот билан 20 мартда Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бошлиғи, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков Тошкентда ўтказилган брифингда чиқиш қилгани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.

"Бугунги кунда ҳам ҳар бир қадамда Хитой тажрибаси инобатга олинмоқда", деган Нурмат Отабеков.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши кўрилаётган чоралар доирасида Хитойдан иккита чартер рейс орқали малакали шифокорларни олиб келишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақда ЎзА хабар 16 мартда хабар қилган эди.

ДУНЁ: ЖССТнинг COVID-19 тарқалишида стрессни жиловлаш борасидаги тавсиялари

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемияси шароитида эмоцияларни назорат остига олиш ва стрессга тушмаслик борасида ўз тавсияларини эълон қилди.

ЖССТнинг COVID-19 тарқалишида стрессни жиловлаш борасидаги тавсиялари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:15 0:00

ЎЗБЕКИСТОН: Мутахасислар коронавирус апрель-майда енгилишини айтди

Биласизми, мана шундай мураккаб вазиятларда турли башоратчилар ҳам кўпайиб қолади. Немис олимларининг иқтидорига шубҳа қилмаган ҳолда илмий салоҳияти улардан кам бўлмаган бошқа давлат олимларининг хулосаларини сизга айтмоқчиман – бу вирус апрель-май ойларидаёқ енгилади ва инсоният бу дарддан фориғ бўлади.

Бу гапни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков айтгани тўғрисида koronavirus.info Телеграм-канали хабар қилди.

"Ўрни келганда сизга бир маълумотни айтмоқчиман – ҳар йили Германияда грипп касаллигидан 25 мингдан ортиқ одам нобуд бўлади. Ҳолбуки, бу давлатдаги коронавирусдан ўлим кўрсаткичи 1 фоиздан сал ортиқроқ. Европадаги энг кўп ўлим кўрсаткичи Италияда эканлигининг ҳам сабаблари аниқ – бу давлат аҳолиси орасида кексалар жуда кўп. Бу касаллик асосан кексаларда оғир кечаётганини ҳисобга олсак ҳаммаси равшан бўлади. COVID-19 ҳар қанча шов-шувларга сабаб бўлмасин, 80 фоиз ҳолларда жуда енгил ва ҳатто умуман симптомларсиз кечади. 15 фоиз ҳолларда енгил, фақат тахминан 5 фоизда оғир кечади. Шу 5 фоизнинг ҳам 90 фоизи кексалардир" деган Нурмат Отабеков

Бош санитария врачи фикрича, тез орада бу ҳам оддий касалликка айланади, яъни одамлар организми ўрганган штаммлардан бирига айланади ва вакцина ҳам зарур бўлмайди.

ЎЗБЕКИСТОН: Диний идора коронавирусга қарши Қуръон хатм қилади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам коронавирус каби юқумли хасталикларни тез орада инсоният бошидан аритиш мақсадида қатор хайрия ишлари бошланганини эълон қилди.

Бошланган ишлар орасида мамлакат бўйлаб жонлиқлар сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонларга ва меҳрибонлик уйларига тарқатилаётгани саналган.

Бундан ташқари, диний таълим даргоҳлари устоз ва талабаларидан ўз уйларида 70 та хатми Қуръон ўқиш, Тошкент Ислом институти устозларидан хатми Бухорий қилиш, мусулмонлардан нажот дуоси қилиш сўралган.

ЎЗБЕКИСТОН: Фарғонда тадбиркор аёл ниқобни текинга тарқатди

ДУНЁ: Коронавирус ҳақида тарқалган беш ëлғон

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти коронавирус ҳақида тарқалган бешта ëлғон борасида маълумот берди.

Коронавирус ҳақида тарқалган беш ëлғон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00

ЎЗБЕКИСТОН:Хорижга йўловчи ташиш 40 кунга тўхтатилади

Ўзбекистонда 20 мартдан бошлаб халқаро йўналишларда автобус, енгил автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортлари орқали йўловчи ташувлари 40 кун муддатга тўхтатилади.

Транспорт вазирлигининг ўз Телеграм-канали орқали маълум қилишича, бу тадбир Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарори асосида амалга оширилмоқда.

Вазирлик мазкур чеклов автомобиль, авиа, темир йўл, дарё транспортларида амалга оширилаётган юк ташувлари ва ташқи савдо юкларига нисбатан қўлланилмаслигини эслатган.

ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирус юқишидан қандай сақланиш мумкин?

ЎЗБЕКИСТОН: Инқирозга қарши жамғарма тузилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Иқтисодий тармоқларга қатор имтиёзлар белгиланди.

10 триллион сўм эвазига Инқирозга қарши жамғарма шакллантирилиши маълум қилинди.

Ушбу йиғинда маълум қилинишича, коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши олдини олиш мақсадида жами 16 минг киши карантинга олинган.

Коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектордан лавҳа:

РОССИЯ: минглаб ўзбекистонлик ҳануз аэропортларда

ИИВ ОГОҲЛАНТИРАДИ: ниқоб таққан ўғридан ҳимояланинг!

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов коронавирус тарқалган бир кезда ниқоб таққан ўғрилар вазиятдан фойдаланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Матбуот котиби ўз хабарига ижтимоий тармоқларда тарқалган бир фотохабарни илова қилди:

Коронавирусдан ҳимоя йўлларидан бири сифатида кўпчилик резина қўлқоп кийиб, ниқоб тақмоқда (иллюстратив сурат)
Коронавирусдан ҳимоя йўлларидан бири сифатида кўпчилик резина қўлқоп кийиб, ниқоб тақмоқда (иллюстратив сурат)

ТАШАББУС: бепул ниқоб тарқатишди

ШОУ-БИЗНЕС: Муниса Ризаева хотиржамликка чақирди

Таниқли хонанда Муниса Ризаева ҳамюртларини коронавирус пандемиясидан ваҳимага тушмасликка чақирди.

"Сизларни тушунаман, ҳозир барчамизга қийин вазият. Лекин! Ваҳима қилишнинг ўрнига гигиенага роия қилишингизни сўрайман. Қўлингизни тез-тез ювинг, телефон, компютер ва бошқа техникаларнинг устини артиб тозаланг, ўзингиз билан бир марталик салфеткалар олиб юринг. Дўстларим, биз бу вазиятни бирлашсаккина енгиб ўта оламиз. Барчангизга тинчлик, яхшилик ва тозалик тилайман", деб пост қолдирди хонанда.

ЎЗБЕКИСТОН: артистлар коронавирус ҳақида

Таниқли санъкорлар коронавирус касаллигидан сақланиш ва карантинни ўтказиш бўйича тавсия берди:

SIZDAN TELEGRAM: солиқчининг хотинидан мактуб

НАМАНГАН: бозорни дезинфекция қилишди

Наманган вилояти марказидаги автошоҳ бекат ва автотураргоҳларда дезинфекциялаш ва тушунтириш ишларижан фотолавҳа:

СИРДАРЁ: бепул дока тарқатилди

Янгиер шаҳар деҳқон бозорида саховатпеша кишилар ниқоб учун бепул дока тарқатишди.

ФИКР: Инқироз бўлса, ҳукумат кимга ёрдам бериши керак?

Телеграм тармоғида қатор иқтисодчилар коронавирус сабаб инқироз содир бўлса, ҳукумат кимга қандай ёрдам бериши кераклиги ҳақида ўз фикрларини билдирмоқда.

Қуйида улардан иккиси билан танишинг:

SIZDAN TELEGRAM: расмий жавоб келди

ФИКР: коронавирусга бошқача ёндошув

Телеграм тармоғдаги каналлардан бири дунёни ағдар-тўнтар қилаётган коронавирус пандемиясига ўзига хос ёндошув билан пост эълон қилди.

Пост муаллифи сўнгги 10 йилда дунёда тарқалган эпидемиялар силсиласини ёдга солган.

OZODMAKTUB: санэпид станциялар аҳволи оғир

Санитария-эпидемиология станциясида ишлашини айтган муштарий Озодликка мактуб ёзди.

Муаллифи ошкор қилинмаётган мактуб эгасининг ёзишича, тузилманинг Намангандаги бўлимларида молиявий аҳволи оғир, ходимлар оз маош билан ишламоқдалар:

(Муҳим эслатма: мактуб таҳрирсиз эълон қилинмоқда ва ундаги мулоҳазалар Озодлик муштарийсининг эркин фикрлари ифодасидир - таҳр.)

"Ассалому алайкум. Қилаётган ишларингизни хайрли бўлишини тилаб қоламиз.Сизлардан илтимосимиз: коронавирус профилактикаси бўйича имкон қадар ишлар олиб борилмоқда.

Бу касалликни профилактикаси бўйича шуғулланадиган ташкилот - Давлат санитария эпидемиологик осойишталик марказларининг иқтисодий ахволи аянчли ҳолатда.

Ходимлар 0.5 ставка айримлари 0.25 ставка ишлашини, бинолари ўта тамирга мухтожлигини, махсус химоя воситалари етишмаслигини, дезинфексия қиладиган автомакслар бозордаги энг арзон талабга жавоб бермайдиган жихозлар эканлигини Президентимизга етказадиган халқини ўйлайдиган бирор жонкуяр борми?

ССВ А.Шодмонов бирор марта СЭОМ-ДСЭНМ рахбарларидан, мутахассисларидан нима муаммолар борлигини, қандай таклифлар борлигини, нима қилса ижобий натижаларга эришиш мумкинлигини сўрайдими ўзи?

Республика бўйича минглаб қисқартиришлар бўлди. Ходимлар 0.5/0.25 ставка ишласа?! Олаётган ойлиги йўлкира, тушликдан ортмаса?!

700/800 ойлик бериб талаб қилинаётган иш ана шунча. Ҳар бир СЭОМ-ДСЭНМни штат бирлигини қайта кўриб чиқиб, аҳоли сонига нисбатан штат ажратилмаса самара бўлмайди.

Президентимиз хокимларга СЭОМ га бориб холатини ўрганиш бўйича топшириқ берганидан кейин Наманган шахар СЭОМ-ДСЭНМ га келиб, деворлари тўкилиб, шўрлашиб ётган асосий бинони кўрадиганлар бормикин?

Энди ишни қоғозда эмас амалда бажариладиган айни вақт келдику!"

ЎЗБЕКИСТОН: товарлар экспорти ва импорти тўхтамайди

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати коронавирусга доир чекловлар коронавирус ваҳимасига ҳожат йўқ: товарлар экспорти ва импорти тўхтамайди, деб яна бир карра баёнот берди.

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати божхона омборларидан видеорепортажларни давом эттирмоқда.

SIZDAN TELEGRAM: ун нархи ошмоқда

ЎЗБЕКИСТОН: Темир йўлларда дезинфекция

Тошкент марказий темир йўл вокзалида 18 март кунги дезинфекция жараёнидан фотосуратлар тақдим қилинди:

ИЖОДКОРЛИК: коронавирус ҳақида қўшиқ

ТОШКЕНТ: бемор Истанбулдан қайтганини яширди

@koronavirusinfouz Телеграм каналининг хабар қилишича, Тошкентдаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган бир бемор Туркиядан қайтганини яширган.

Кейинчалик текширилганида унда коронавирус аниқланган. Натижада, шифохонанинг бемор ётқизилган бўлими карантирга олинган.

Худди шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг бир бўлимидаги шифокор ўзида коронавирус инфекциясига шубҳа қилганлиги боис, ўша бўлим эҳтиёт чораси сифатида маълум муддат карантинга олинган.

ЯНГИ ЧЕЛЛЕНЖ: бу галгиси шифокорлардан:

ҚАШҚАДАРЁ: бепул ниқоб ва салфеткалар бор

ЧЕХИЯ: бўм-бўш кўчаларга фотосаёҳат

Чехияда мамлакат бўйлаб карантин эълон қилингани ортидан йўловчиларга жамоат транспортларига маскасиз чиқиш ман этилди.

Шунингдек 19 мартдан бошлаб кўчага маскасиз чиқиш мумкин эмас.

Озодлик мухбирининг ҳувиллаб қолган Прага кўчаларидан фоторепортажи:

ЎЗБЕКИСТОН: вазир аҳоли саволларига жавоб берди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов “Ўзбекистон 24” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган “Ахборот 24” дастури орқали аҳолидан тушган саволларга батафсил жавоб берди.

SIZDAN TELEGRAM: бозорлардаги вазият:

ДУНЁ: президентлардан бефойда маслаҳатлар

Ҳар бир киши ва ҳамма нарса қаттиқ назорат остида бўлган Туркманистонда президент коронавирусни даф қилиш учун кўҳна восита – исириқ тутатиш кераклигини айтди.

Беларуснинг авторитар президенти ҳам ҳукумат ва ватандошларига шунга ўхшаш халқона маслаҳат бераи: далага чиқиб ишланглар ва трактор ҳайданглар.

Тафислотлар қуйидаги мақолада:

ЎЗБЕКИСТОН: COVID-19 га чалинган сони 23 нафарга етди

(19 март, Тошкент вақти билан соат 7:10)

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 23 кишига етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Францияда бўлиб қайтган ва коронавирусга чалингани аввалроқ маълум бўлган ўзбекистонлик аёлнинг яна уч нафар қариндошида инфекция борлиги тасдиқланган.

15 март куни Истанбул – Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган бир нафар ва жорий йил 14 март куни Лондон – Тошкент йўналишидаги 201-рейс билан келган яна бир нафар кишида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган.

Вазирлик бу бешовлон шу пайтгача тиббий назоратда бўлганини қўшимча қилади.

SIZDAN TELEGRAM: нарх-наъво назорати

ДУНЁ: АҚШ-Канада чегараси ёпилади

Икки давлат лидерлари коронавирус ёйилиши важидан барча ватандошлар учун икки давлат чегарасини ёпишга келишиб олишди.

ЎЗБЕКИСТОН: бозорларда савдо тушиб кетди

Озодликка турли вилоятларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи тушиб кетгани ҳақида хабарлар кела бошлади.

Аксар хабарчи муштарийларнинг ёзишича, маҳаллий мутасадди ташкилотлар нарх-навони кескин назорат қилмоқда.

ЖССТ: #safehands ​челленжига Ёшлар иттифоқи раҳбари қўшилди

Ёшлар иттифоқи раҳбари Алишер Саъдуллаев дунёга машҳур шахслар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда бошлаган #safehands челленжига қўшилди.

"Ушбу оммавий челленжнинг мақсади кенг жамоатчиликни тозаликка эътиборли бўлишга чақириш ва COVID-19га қарши курашишдир.

Биз ҳам қўлларимизни тоза сақлаймиз ва барча дўстларимизни сувни исроф қилмасдан қўлларни тўғри ювишга чорлаймиз!" деб ёзди Саъдуллаев Телеграм каналида".

ТОЖИКИСТОН: карантин тартиби ўзгарди

Тожикистонда фуқаролар қайтиши билан карантинга олинадиган давлатлар сони 16тага чиқарилди:

- Хитой, Эрон, Италия, Корея Республикаси, Афғонистон, Франция, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия, Норвегия, Нидерландия, Германия, Бельгия, Дания ва АҚШдан келган Тожикистон ва бошқа хорижий давлат фуқаролари 14 кунга карантинга жойлаштирилади.

ЎЗБЕКИСТОН: вирусни юқтирганлар 18 киши

(17 март, Тошкент вақти билан соат 21:30)

Маълум бўлишича, Францияда бўлиб қайтган фуқаронинг онаси, келини ва бирга ишлайдиган ҳамкасбида коронавирус инфекция борлиги тасдиқланган.

ЎЗБЕКИСТОН: темир йўлларда текширув

"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти мамлакатдаги темир йўл вокзалларида коронавирусга қарши текширув жараёни ҳақида хабар берди.

Расмий сайтда чоп этилган суратлардан кўринишича, вокзалларда ҳам йўловчилар турнақатор навбат кутишмоқда.

Ширкат текширувларни узлуксиз олиб бориш учун қўшимча навбатчи сменалар ташкил қилинганини маълум қилган.​

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг иккинчи қисми.

Биринчи қисмини қуйидаги линкда ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG