Коронавирус тарқалиши акс эттирилаётган харитага бир ҳафта бурун қараган киши Россиядан жанубда, Эрондан шимолда ва Хитойдан ғарбда вирусдан бутунлай ҳоли улкан бўшлиқ борлигини кўриши мумкин эди.
Ушбу бўшлиқ Марказий Осиёнинг 5 та мамлакати – Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон – жойлашган ҳудуддир.
Қозоғистон ҳокимият идоралари илк марта коронавирусга чалинганлик ҳолатларини тасдиқлаган 13 мартга қадар Марказий Осиёнинг ҳеч бир мамлакати ҳукумати бирор кишига коронавирус юққанини тасдиқламаган эди. Ваҳоланки, минтақа дунёдаги коронавирус энг кўп тарқалган икки мамлакат: Хитой билан Эроннинг қўшнисидир.
Орадан икки кун ўтиб, Қозоғистон ҳукумати 5 кишида коронавирус аниқланганини тасдиқлади, Ўзбекистон эса ушбу вирус юққани билан боғлиқ биринчи ҳолат ҳақида хабар қилди.
18 мартга келиб, Қирғизистонда дастлабки 3 та ҳолат қайд этилди, улар барчаси Саудия Арабистонидан келган йўловчилар бўлиб чиқди.
Коронавирусга қарши кураш ҳаракатлари глобал миқёсда деярли мувофиқлаштирилмаяпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вирус тарқалишини кузатиб, унинг тарқалиши ҳақида хабар бериб турибди, ҳукуматларга вирус юқишини камайтириш бўйича маслаҳат бермоқда, бироқ ҳар бир мамлакат ҳукумати вирусга қарши ўзи билганча курашмоқда.
Марказий Осиёдаги аҳвол ҳам шу. Лекин минтақа ҳукуматлари шу кунгача мамлакатида коронавирус мавжудлиги ҳақида таассурот уйғотиши мумкин бўлган бирор ишни амалга оширишда биринчи бўлишни истамагандай кўринди.
21 мартда Наврўз байрами нишонланади. Баҳор бошланишини англатадиган ушбу байрамни нишонлаш тарихи зардуштийлик маданиятига бориб тақалади.
Марказий Осиё мамлакатлари: Қирғизистон, Қозоғистон ва улар ортидан Ўзбекистон коронавирус сабабли Наврўзни байрам қилмасликка, бошқа оммавий тадбирларни тўхтатиб туришга қарор қилди.
Фақат 19 мартгача ҳудудида коронавирус юқтирганлик ҳолати қайд этилмаган Тожикистон Наврўзни нишонлаш режасини ўзгартиргани йўқ.
“Озоди” радиоси хабар қилишича, Душанбе шаҳри байрам олдидан безатилган, байрамнинг асосий тадбири мамлакат шимолидаги Хўжанд шаҳрида ўтказилади ва унда президент Имомали Раҳмон қатнашади.
Расмийлари “коронавирус” сўзини тилга олишга қўрқадиган ва халқ давлат ҳомийлигидаги йиғинларга мажбуран олиб чиқиладиган Туркманистонда бу йил Наврўз нишонланса ажаб эмас.
5 та мамлакат ҳукуматлари мактаб ва масжидларга нисбатан турлича йўл тутди.
Тожикистонда мактаблар очиқ, бироқ Душанбедаги айрим имомлар намозхонларга масжидларга бормасликни ва уйларида ибодат қилишни тайинлади.
Қозоғистонда масжидлар очиқ, бироқ мамлакат мусулмонлар идораси намозни қисқартиришни буюрди. 15 мартда 15 апрелга қадар давом этадиган фавқулодда ҳолат жорий қилиниб, мактаб ўқувчилари таътилга чиқарилди, университетларда ўқиш онлайн тарзда давом эттириладиган бўлди. Шундан келиб чиқиб, масжидлардаги жума намози вақтинча бекор қилинди.
Ўзбекистонда барча ўқув муассасалари вақтинчалик ёпилди, ушбу вақт мобайнида давлат телевидениеси таълим дастурларини эфирга узатадиган бўлди.
16 мартда Ўзбекистон мусулмонлар идораси жума намозини вақтинча тўхтатди.
Қирғизистон хавфсизлик кенгаши 16 мартдан болалар боғчасидан бошқа барча таълим муассасаларини уч ҳафтага ёпди. Жума намозларини масжидда ўқиш ҳам бекор қилинди.
Туркманистонда эса ҳеч бир даражадаги таълим муассасалари ёпилгани йўқ. Масжидлар ҳам очиқ, имомлар президент Гурбангули Бердимуҳамедов ва оиласи саломатлигини тилаб дуо қилишни давом эттирмоқда.
Минтақадаги бешала мамлакат чегараларини ёпди
Қозоғистон ҳукумати 17 мартда икки йирик шаҳар: Олмаота билан пойтахт Нур-Султонда 19 мартдан бошланувчи карантин эълон қилди.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ватандошларига ваҳима учун асос йўқлигини, барча асосий озиқ-овқат маҳсулотлари етарли ва белгиланган нархларда мавжуд эканини айтмоқда.
Бироқ Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда одамлар келгусида озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши ва нархи ошиб кетишидан қўрқиб, уларни ғамлашга шошилмоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг 18 мартда коронавирусдай умумий таҳдидга қарши кураш масаласини муҳокама қилгани минтақавий ҳамкорлик сари ижобий қадам бўлди.
Сўнгги 4 йилда Туркманистонда оғир иқтисодий инқироз ҳукм сурмоқда, аммо бирор муаммо борлиги ҳеч қачон очиқ гапирилгани йўқ. Ҳукумат вирусни ёки дори-дармон ва озиқ-овқат таъминотида бирор муаммо борлигини тилга олишдан чўчийди.
Президент Бердимуҳамедов яқинда касалликларни даф қилиш учун исириқ тутатиш кераклигини тавсия қилди.
Туркманистон коронавирус ҳолатлари қайд этилган мамлакатлар билан ўралган, унинг жанубий қўшниси Эрон дунёдаги коронавирус энг кўп тарқалаётган нуқталардан бири бўлиб турибди.
Шунга қарамасдан, Туркманистон ҳукумати вазият ўта оғирлашиб кетмаса, бирорта вирус юқтирганлик ҳолати ҳақида хабар бериши даргумон.