Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:25

OzodTahlilchi: “Ўзини яккалаш” режими қанчалик қонуний?


Наманган. ИИВ ходимлари машиналарни текширмоқда, 2020, 29 март.
Наманган. ИИВ ходимлари машиналарни текширмоқда, 2020, 29 март.

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб карантин режими жорий этилишининг ҳуқуқий жиҳатлари хусусидаги суҳбатимизни давом эттирамиз.

Авторитар режимлар ҳуқуқий давлатлардан нимаси билан фарқ қилишини яна бир қур эслатиб қўйиш учун гапни узоқдан бошламоқчимиз. Ўзаро фарқлардан бири шуки, авторитар режимларда президент фармонлари орқали бошқариш тенденцияси – тамойили бор, улар парламентлар қабул қиладиган қонунлардан устувор аҳамиятга эга бўлади. Қонун лойиҳалари дастлаб ихтисослаштирилган қўмиталарда ва парламент сессияларида муҳокама қилинади. Фармонлар эса президент девони хилватларида тайёрланади ва президентнинг шахсий қарашини акс эттиради, шу сабабли жамият кўп жиҳатдан ягона раҳбарнинг кайфияти ва эҳтимоли катта бўлган адашишларига қарам бўлиб қолади. Шу маънода, айниқса, Ислом Каримов режими кўп нарсаларга эришди – у фармонлар билан бошқаришни хуш кўрар, фармонлар қабул қилингандан кейин ишлаб чиқиладиган қонунларда уларнинг тафсилотлари ўз аксини топар эди.

Лекин айни ҳолатда бутун мамлакат бўйлаб карантин режими жорий этилишига асос бўладиган нафақат қонун, ҳатто президент фармони ҳам йўқ. Масъул шахслар қўл қўйган ва бундай қарор қабул қилинишига рухсат берадиган, бутун мамлакатдаги ҳаётни кескин ўзгартириб юборадиган ва жамоатчилик учун очиқ бўлган ҳеч қандай ҳужжат йўқ.

У ҳолда қандай қилиб ушбу қарор ҳаётга татбиқ қилина бошлади? Интернетдан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг бир абзацлик хабарида карантин режими жорий қилинаётгани ҳақида маълумот берилади: “Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи жорий этилади. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади. Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади”. Ушбу хабар бир қанча ОАВ, шунингдек, “Норма” ҳуқуқий маълумотлар базаси вебсайтида кўчириб босилди.

Лекин на агентлик ва на матбуот хабарларида илк манба – ҳукуматнинг қайсидир ваколатли шахси қўл қўйган аниқ ҳужжатга ҳавола берилмайди. Фақат қарорни коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қабул қилгани айтилади. Дарҳақиқат, бундай комиссия президентнинг 2020 йил 29 январдаги Р-5537 рақамли фармойиши билан ташкил этилган. Унинг таркибига бош вазир, бир қатор вазирликлар ва муассасалар раҳбарлари киради. Лекин на фармойишда ва на комиссия таркибида раиси ким экани, у қабул қилаётган қарорлар учун ким шахсан жавобгар бўлиши айтилмаган. Унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилаётгани тушунарли. Бироқ Интернет орқали олиш мумкин бўлган бирорта мажбурий карантин режими жорий этилиш тўғрисидаги ҳужжатда унинг имзоси йўқ.

Комиссиянинг барча ҳуқуқий ахборот ва ҳужжатлар йиғилган вебсайти ҳам мавжуд эмас. Лекин боши-охири йўқ ва сараланмаган турли маълумотлар, жумладан, вирус юқишига қарши чораларга риоя этиш тўғрисидаги маслаҳатлар, ватандошлар ва журналистларнинг саволларига жавоблар, шунингдек, комиссиянинг санаси қўйилмаган айрим фармойишлари жойланган Телеграмм-канали бор. Бундан ташқари, асосан, тавсия ва профилактикага оид маълумотлардан иборат вебсайт ташкил қилинди, аммо унда ҳам тегишли ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар коллекцияси жамланмаган. Ушбу сайтда ҳатто “ўзини яккалаш” режимини жорий этиш тўғрисидаги фармойиш ҳам йўқ. Уни на ҳукуматнинг бошқа, дейлик, президент, Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вебсайтларидан ҳам топиб бўлмади. Кўряпмизки, махсус комиссиянинг “ўзини яккалаш” режимини жорий этиш тўғрисидаги фармойиш гўё бордек, шу билан бирга йўқ ҳам.

Яна қизиғи шундаки, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тўғрисида қабул қилинган низомда унга бундай режимларни бутун мамлакат бўйлаб ёки бирор қисмида жорий этиш ҳуқуқи берилмаган. Комиссия вазифаларига, асосан, мониторинг қилиш ҳамда давлат идоралариинг коронавирус тарқалиши олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш киради. Бу тушунарли, чунки миллий миқёсда карантин жорий қилиш тўғрисидаги қарор ҳукуматнинг энг юқори даражасида, президент фармони ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ва ёки алоҳида қонун билан қабул қилиниши керак.

“Ўзини яккалаш” режимини жорий этиш тўғрисидаги хабарда бир ноаниқлик бор: тақиқ фақат 65 ёшдан катта бўлган шахслар учун жорий этиляптими ёки ҳамма учунми? “Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади”, деган жумла кимларга тегишли? Ушбу бандни фақат “65 ёшдан катта” деб талқин қилиш мумкин. У ҳолда ўша ёшга етмаган барча кишилар исталган зарурат билан кўчага чиқиши мумкин экан-да. Лекин хабарларга қараганда, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоят марказларида тегишли рухсатномаси бўлган тоифадаги ходимлардан бошқа барча ёшдаги кишиларнинг ҳаракатланиш режими де-факто чекланган. Ушбу ҳаракатланиш чеклануви режимига риоя этилишини Миллий гвардия патруллари назорат қилмоқда, улар нафақат 65 ёшдан катта, қолаверса, режимни бузаётган ҳар бир кишини ушламоқда.

Жорий этилган режимнинг ҳуқуқий жиҳати билан боғлиқ яна бир ноаниқлик бор ва у “ўзини яккалаш” атамаси билан боғлиқ. Ўзбекистон қонунчилигида бундай тушунча умуман йўқ, унга на таъриф ва на ҳуқуқий баҳо берилган.

Жорий этилган режимнинг ҳуқуқий жиҳати билан боғлиқ яна бир ноаниқлик бор ва у “ўзини яккалаш” атамаси билан боғлиқ. Ўзбекистон қонунчилигида бундай тушунча умуман йўқ, унга на таъриф ва на ҳуқуқий баҳо берилган. Буни ҳокимият идораларининг ҳуқуқий жавобгарликдан қочишга уриниши билан боғлиқ лингвистик талқини деб ҳисоблаш ҳам мумкин. Аслида “ўзини яккалаш” ибораси айни маънода “карантин” сўзига ўхшаш “Карантин” атамаси қонунчиликда бор. Янги атама ўйлаб топишнинг нима кераги бор? У мавжуд ҳуқуқий атамаларга нима янгилик қўшади?

Ундаги ватандошлар ўз ташаббуси билан ўз хонадонларида ўтиришини англатадиган “ўзини” сўзи энсани қотиради. Хўш, у ҳолда нега Миллий гвардия ходимлари одамларни ушлаяпти? Хулоса битта: биз шаҳар бўйлаб ва шаҳарлар ўртасидаги бир жойдан иккинчи жойга боришни мажбуран чеклаш режимига дуч келяпмиз, “ўзини яккалаш” ибораси эса одамни янглиштирмоқда. Бироқ ҳаракатни бундай чеклаш “фавқулодда ҳолат”га дуч келаётганимизни ҳам англатади, унинг таърифи эса қонунчиликда мавжуд.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик базасига назар ташланса, ҳозирги вазиятга кўпроқ фавқулодда ҳолат ҳақидаги қонун мос келишини кўриш мумкин. Гарчи қонун лойиҳаси 2016 йилда умумхалқ муҳокамасига ҳавола этилган бўлса-да Ўзбекистонда бундай қонун қабул қилингани йўқ. Нега қабул қилинмагани тушунарсиз.

Лекин 1999 йилда 824-I рақами билан қабул қилинган “Аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги бошқа қонун бор. Ўша қонунда “фавулодда ҳолат”нинг ҳуқуқий нуқтаи назардан таърифи келтирилган: “фавқулодда вазият – одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки табиий атроф муҳитига зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат”. Назаримда, у айни вазиятга жуда мос тушади, чунки COVID-19 вируси тарқалиши ортидан “одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига” таҳдид пайдо бўлди.

У ҳолда нега эълон қилинаётган расмий маълумотларда ушбу қонун тилга олинмаяпти, ҳокимият эса шубҳали тўқиб-бичиш билан шуғулланмоқда? Эҳтимол, қонунда “Фуқароларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари” деб номланган модда борлиги учундир? Ушбу моддага кўра, ватандошларнинг “фавқулодда вазият рўй берганда ҳаётлари, соғлиқлари ва шахсий мол-мулклари муҳофазаланиши; фавқулодда вазиятларни бартараф этиш мобайнида мажбуриятларини бажариш чоғида соғлиғига етказилган зарар учун компенсациялар ҳамда имтиёзлар олиш” ҳуқуқи бор.

Бироқ махсус комиссия Телеграм-канали орқали мамлакатда фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонунни татбиқ этиш режалаштирилмаётгани ҳақида хабар беришга шошилди. Нега татбиқ этиш мумкин эмас? Ахир, фавқулодда чоралар кўриляпти-ку?!

2015 йилда ЎРҚ-393 рақами билан қабул қилинган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги бошқа қонун ҳам бор. Ўша қонунда “карантин” сўзи билан ифода қилинадиган чеклов тадбирлари хусусида сўз юритилади. Улар қуйидагилардан иборат: “юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар”. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги деганда, “аҳоли соғлиғининг ҳолати бўлиб, бунда инсонга яшаш муҳити омилларининг зарарли таъсири мавжуд бўлмайди ва унинг ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитлар таъминланиши” тушунилади. “Ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитлар” сўзларига эътибор қилинг. Уларни айни вазият учун қўллаш мумкин.

Ҳукумат юқорида қайд этилган иккита қонунда ҳамда ватандошларнинг яшаш ҳуқуқини (олдинги мақоламизда бу ҳақда ёзган эдик) кафолатловчи Конституцияда кўзда тутилган ҳаёт, соғлиқ ва шахсий мол-мулк муҳофазаланишини таъминлаб беряптими?

Агар “ўзини яккалаш” режими даври анча узоқ вақтга – камида май охиригача – чўзилиб кетадиган бўлса, карантинга жўнатилган камида бир неча миллион ишловчи ватандош ҳадемай тирикчилик учун пулсиз қолиши мумкин.

Президент 3 апрелда коронавирус пандемияси муносабати билан аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларин тўғрисидаги фармонни имзолади. Унда кичик ва ўрта бизнес учун, асосан, турли солиқлар ва кредитларни тўлаш вақтини чўзиш кўзда тутилган. Вақти чўзиладиган тўловлар миқдори қаттиқ валютага айлантирилса, тахминан, 2 миллард доллар бўлади. Ҳукумат ушбу пул миқдорини йўқотмаяпти, фақат уни кейинроқ олишга рози бўляпти. Ҳукуматнинг солиқлар, божлар ва акцизларни камайтириш кўринишидаги соф билвосита субсидиялари миқдори 220 миллион АҚШ доллари бўляпти. Ушбу чоралар бизнес аҳволини енгиллаштиради, бироқ унинг асосий йўқотишлари олдини олиши даргумон.

Оилаларни оладиган бўлсак, фарзандли оилаларга ёрдам бериш чоралари кўзда тутилган – уларга нафақа тўлаш муддати узайтирилади. Ушбу нафақалар миқдори жуда кам, қаттиқ валютага айлантирилса, ўртагача ойига 20 доллар бўлади (2 ёшгача бўлган фарзанди бор оилаларга эса – 41 доллар). Яна шахсий даромадлардан солиқ тўлаш муддати ҳам узайтирилади, бу шахсий меҳнат билан банд кишилар ишини бир оз енгиллаштиради. Бир сўз билан айтганда, давлатнинг аҳолини қўллаб-қувватлашга сарфлайдиган бевосита ва билвосита харажатлари кичик ва ўрта бизнес учун ажратиладиган маблағларидан кам.

Бироқ аҳолининг мажбурий тарзда “ўзини яккалаш” режимига жўнатилган қисми учун ҳеч қандай товон пули тўланмайди. Улар қанча? Расмий маълумотларга қараганда, расмий секторда 5,6 миллион, норасмий секторда 7,8 миллион – жами 13,4 миллион киши меҳнат фаолияти билан банд. 13,4 миллион кишининг оиласи ҳам бор. Ушбу банд кишиларнинг унчалик кўп бўлмаган қисми 25 мартда меҳнат ва бандлик вазирининг 9-2020-буйруғи билан уйда ўтириб ишлаш режимига жўнатилди, яъни уларга уйдан ишлашига рухсат берилди. Улар онлайн режимида ишлаши мумкин бўлган кишилардир. Бундай ходимлар сирасига офис ходимлари, юқори синф ва олий таълим муассасалари ўқитувчилари киради. Ўқитувчиларга лекцияларини рақамли форматда тайёрлаш ёки Интернетда дарс ўтиш топширилган. Мажбурий карантиндан “ўзини яккалаш” режими тааллуқли бўлмаган қўрғон ва қишлоқлар аҳолиси қутулиб қолади.

Ниҳоят, ўта муҳим ходимлар деб аталувчи дўкон сотувчилари, тиббиёт ва коммунал хизмат ходимлари, полиция ва бошқалар “ўзини яккалаш” режимидан озод этилган. Лекин олинаётган хабарларга қараганда, бошқа ишлаб чиқариш соҳалари, масалан, қурилиш соҳаси ходимларига ҳам “ўзини яккалаш” режимига риоя қилмасликка рухсат берилган. Эгаси ҳукмрон элита – аъёнлар ва бошқа таъсир кучига эга, олигархлар деб аталувчи шахслар бўлган йирик корхоналар ишчиларига ҳам бундай режимнинг дахли йўқ, деган гумонлар бор.

Шу тариқа, агар “ўзини яккалаш” режими даври анча узоқ вақтга – камида май охиригача – чўзилиб кетадиган бўлса, карантинга жўнатилган камида бир неча миллион ишловчи ватандош ҳадемай тирикчилик учун пулсиз қолиши мумкин. Уларни фақат ҳукумат ажратиши керак бўлган субсидиялар қутқара олади. Кўплаб давлатлар, айниқса, Европадаги мамлакатлар шундай йўл тутмоқда.

Ҳукуматнинг бундай ёрдам бериш учун маблағи етадими? Ўзбекистон давлат бюджетининг даромад қисми – 10,26 миллиард доллар. Ундан бирор арзирлик пул миқдорини ажратиб олиш учун ҳукумат ўз фаолиятини тафтиш қилиши, харажатларнинг айни дамда ўта муҳим бўлмаган кўплаб моддаларидан воз кечиши зарур бўлади. Лекин ҳозирча бу иш қилингани йўқ.

Яна мамлакатнинг 27 миллиард долларлик олтин-валюта захираларига ҳам умид бор. Ундан йирик шаҳарларнинг ишловчи аҳолисига товон пули сифатида зарур бўлган 1-2 миллард доллар сарфланадиган бўлса, бу мамлакат иқтисодиёти учун жуда оғир йўқотиш бўлмайди. Боз устига, ушбу маблағ тўлалигича иқтисодиётга истеъмол талаби сифатида қайтиб келади ва савдо-сотиқни жонлантириб юборади.

Яна мамлакатнинг 27 миллиард долларлик олтин-валюта захираларига ҳам умид бор. Ундан йирик шаҳарларнинг ишловчи аҳолисига товон пули сифатида зарур бўлган 1-2 миллард доллар сарфланадиган бўлса, бу мамлакат иқтисодиёти учун жуда оғир йўқотиш бўлмайди. Боз устига, ушбу маблағ тўлалигича иқтисодиётга истеъмол талаби сифатида қайтиб келади ва савдо-сотиқни жонлантириб юборади. ХХ асрнинг 30-йилларида Франклин Делано Рузвельт Американи депрессия ҳолатидан олиб чиқиш учун шундай йўл тутган эди. Унинг ҳукумати пулни аҳолига бозорда сарфлаб, иқтисодиётни рағбатлантириши учун турли субсидиялар кўринишида тарқатган эди.

Афсуски, Ўзбекистон ҳукуматини харажатларнинг бундай истиқболи қониқтирмайди. У ердагилар “ишқилиб, ортиқча пул сарф бўлиб кетмасин” принципи билан фикрлайди. Шунинг учун ватандошлари фаровонлиги учун масъулиятни ҳар хил ҳийла-найранглар билан яширишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, бундай масъулиятни ижтимоий адолат принциплари ва мамлакат қонунлари тақозо қилади. Ҳукуматдагилар ватандошлари ортидаги ҳуқуқий мажбуриятларини бекитиш учун карантин вақтидаги чеклов чораларини жорий этишга рухсат берадиган ҳужжатларни эълон қилишдан қочади. Кўряпмизки, де-юре (қонунан) мажбурий “ўзини яккалаш” йўқ, аммо у де-факто (амалда) мавжуддир.

Ушбу ғайритабиий ҳолат мамлакатнинг пахта етиштириш соҳасида мажбурий меҳнат амалиётини эсга солади: мамлакат қонунлари бундай амалиётни тақиқлайди, лекин мажбурий меҳнат амалда оммавий ва тизимли тарзда мавжуд. Бундай вазият яна бир карра Ўзбекистон қонун устуворлигидан қанчалик узоқда эканидан далолат бермоқда.

Алишер Илҳомов, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси.

***

OzodTahlilchi - Озодликнинг янги рукни. Унда турли соҳа мутахассислари, экспертлар, публицист, журналист ва блогерларнинг Озодлик ўқувчилари учун ёзган таҳлилий мақолалари эълон қилиб борилади.

OzodTahlilchiда, шунингдек, Озодлик форматида бўлмаган луқмалар, шарҳлар, чизгиларга, бир сўз билан айтганда, муаллифларнинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабатлари акс этган матнларга ўрин берилади.

OzodTahlilchiда эълон қилинадиган материал муаллифи қарашлари Озодлик қарашлари ифодаси сифатида қабул қилинмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG