Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:25

Олий суд чекловига қарамай¸ карантин пайтида ҳам аҳоли уйларини бузиш бўйича судлар давом этмоқда


Олий суд 20 мартдан 10 апрелга қадар судларнинг фақат кечиктириб бўлмайдиган ишларни кўриб чиқиши ҳақида қарор чиқарган ва бу муддат ичида снос бўйича ишлар кўриб чиқилмаслиги белгиланган.
Олий суд 20 мартдан 10 апрелга қадар судларнинг фақат кечиктириб бўлмайдиган ишларни кўриб чиқиши ҳақида қарор чиқарган ва бу муддат ичида снос бўйича ишлар кўриб чиқилмаслиги белгиланган.

Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисмига уйдан чиқмаслик буюрилиб¸ Олий суд томонидан карантин шароитида суд ишларини кўришга чекловлар жорий қилинганига қарамай¸ республика микёсида фуқароларнинг «ноқонуний қурилган» деб таснифланаётган уй-жойларини бузиш ва ерларни қайтариш бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Олий суд раёсати 20 март куни «Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида»ги қарор чиқарган.

Олий суд раëсатининг карантин даврида муҳим бўлмаган ишларни кўриб чиқишни тўхтатиш ҳақидаги қарори.
Олий суд раëсатининг карантин даврида муҳим бўлмаган ишларни кўриб чиқишни тўхтатиш ҳақидаги қарори.

Унда 20 мартдан 10 апрелга қадар судларнинг фақат қамоққа олиш эҳтиëт чораси қўллаш¸ қамоқ муддатини узайтириш¸ ўзгартириш ва бекор қилиш каби кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишларнигина кўриб чиқиши айтилган. Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни бузиш ва эгаллаб олинган ерларни қайтариш билан боғлиқ низолар карантин даврида кўрилиши лозим ишлар тоифасига киритилмаган

Олий Суд қарорига қарамай¸ Озодликка маълум бўлишича¸ 20 мартдан бугунга қадар вилоятлардаги Фуқаролик ишлари бўйича вилоят, шаҳар ва туманлар судларида ҳокимликлар манфаатлари кўзланган ишларни кўриш давом этмоқда.

Хусусан¸ Олий Суд чекловидан сўнгги муддатда Самарқанд вилоят судларида 611 та ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни бузиш ва эгаллаб олинган ерларни қайтариш билан боғлиқ низолар кўриб чиқилган.

Олий суд чекловига қарамай¸ карантин пайтида ўтказилиб¸ ҳокимлик даъвоси қондирилган суд мажлиси қарори.

Озодликка боғланган "жавобгарлар" карантин чикловлари натижасида судларда бевосита қатнаша олмаётганликлари ва судларнинг ҳал қилув қарорлари улар иширокисиз сиртдан чиқарилаётганлигига эътироз билдирмоқда.

Снос билан боғлиқ суд ишларининг энг кўпи¸ Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлардан кўрилишича¸ Пайариқ (194та) ва Пахтачи (98та) туманларида ўтказилган.

Биргина 8 апрелнинг ўзида Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди томонидан Самарқанд туман ҳокимлиги манфаатини кўзлаб 24 та ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни бузиш билан боғлиқ низолар кўрилиши режалаштирилган. Бу Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Интерактив хизматлар порталидаги тайинланган суд мажлислари очиқ жадвалидан олинган расмий рақамлардир.

Олий суд чекловига қарамай¸ карантин пайтида ўтказилиб¸ ҳокимлик даъвоси қондирилган суд мажлиси қарори.

Олий суд қарори билан фуқаролар билан ишлашнинг почта ëки электрон шаклга ўтказилгани боис¸ аксар аҳоли уйдан чиқиш ман этилган айни кунларда ўз уй-жойи тақдирининг ҳал бўлаëтганидан бехабар қолмоқда.

Уйи бузилишга¸ ери эса ҳокимлик балансига ўтказилгани ҳақида улар суд ҳукм чиқарганидан камида бир ҳафта ўтиб хабар топмоқда.

"Ҳокимликлар карантиндан фойдаланиб снос бўйича суддан қарор чиқартириб олмоқда"

Самарқанд вилоят Фуқаролик ишлари бўйича судининг Озодлик билан шахси очиқланмаслик шарти билан гаплашган мулозими «кечиктириб бўлмайдиган ишлар» сирасига киритилмаган ишларнинг ҳокимлик босими остида кўриб чиқилаëтганини билдирди.

Олий суд чекловига қарамай¸ карантин пайтида ўтказилиб¸ ҳокимлик даъвоси қондирилган суд мажлиси қарори.

Мулозимга кўра¸ «ноқонуний қурилган» уй-жойларини бузиш ва ерларни қайтариш бўйича ишларнинг барчасида даъвогар маҳаллий ҳокимликлар ва улар Олий суд чекловига қарамай¸ карантин даврида ишларни ими-жимида ўз фойдасига ҳал қилишга астойдил ҳаракат қилмоқда.

Бундай босим остида ўтказилган суд мажлислари ва чиқарилаëтган сиртқи қарорлар уйи ва ери тортиб олинаëтганидан бехабар аҳоли норозилигига учраëтганини суд мулозими ҳам тан олади.

«Пайариқдан ҳам бир фуқаро суд томонидан иши сиртдан кўриб чиқилганлиги бўйича норозилик билдирди. Суд сиртдан кўрган бўлса фуқаролар шикоят билан ишни қайтадан шу судья томонидан давлат божисиз кўриб чиқилиши талаб қилишлари мумкин».

Пайариқ туманида яшовчи бошқа бир фуқаронинг шахси очиқланмаслик шарти билан Озодликка айтишича, карантин даврида Самарқанд вилоят фуқаролик суди унинг 5 йилдан бери яшаб келаётган уйини «ноқонуний қурилган» деб топган ва бузиб ташлаш бўйича қарор чиқарган.

«Вилоят фуқаролик суди Самарқанд шаҳрида жойлашган, мен эса Пайариқ туманида яшайман. Шаҳарга кириб-чиқиш тақиқланган. Карантин сабаб судга қатнаша олмадим, лекин шунга қарамасдан менинг иштирокимсиз уйимни бузиш бўйича қарор чиқарилди. Суд қарори ижроси бўйича Мажбурий ижро бюроси ходимлари келиб уйимни бузиб ташлашса¸ оилам билан қаерга борамиз ҳозирги шароитда?» деди карантин пайтида уйи бузилишга тушган пайариқлик оила эгаси.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Интерактив хизматлар порталида очиқ тарзда жойлаштирилган қарорлардан карантин чекловларига қарамасдан бошқа вилоятлар судлари томонидан ҳам ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни бузиш ва эгаллаб олинган ерларни қайтаришни билан боғлиқ низолар бўйича ҳокимликлар манфаатларини кўзлаб қарорлар чиқарилгани кўрилади.

Озодлик Олий суд қарорининг жойларда¸ хусусан¸ Самарқанд вилоятида ижро этилмаëтгани ҳақидаги маълумотлар юзасидан Олий суд матбуот хизматидан изоҳ олишга уринди.

Матбуот хизмати мулозими¸ расмий сайтда эълон қилинган “суд мажлисларига оид жадвал”нинг олдиндан тайинлангани ва бу жадвал уларнинг амалда ўтказилаëтганини билдирмаслигини таъкидлади.

Олий суд қарори билан 20 мартдан 10 апрелга қадар кўриб чиқиш тўхтатилган ишлар бўйича суд мажлисларининг бўлиб ўтаëтгани ва ҳокимликлар фойдасига қарор чиқараëтганини тасдиқловчи расмий ҳужжатларнинг Озодликдаги нусхаси билан танишиб чиққан Олий суд матбуот хизмати мулозими қуйидаги ëзма изоҳни тақдим этди.

"Суд қарорлардан кўриниб турибдики, бу фуқаролар бирон бир ҳужжатсиз ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб, қурилиш килишган. Эслатиб ўтардимки, суд қароридан норози бўлган фуқаролар, қайси суд бўлишидан қатъий назар, ўз шикоятларини оммавий ахборот воситаларига эмас, балки юқори турувчи судга беришлари лозим. Чунки ҳеч қайси бир оммавий ахборот воситаси ёки унда эълон қилинган материал мавжуд бўлган суд қарорини ўзгартира олмайди. Шуни сизга мурожаат қилган фуқароларга тушунтирсангиз, айни муддао бўлар эди".

Айни пайтда¸ Олий суд мулозими фуқароларнинг уйини бузиш ëки ерини тортиб олиш бўйича фуқаролик ишлари карантин даврида кўриб чиқилиши лозим ишлар сирасига киритилмаганига қарамай¸ бундай суд мажлисларининг ўтказилаëтгани Олий суд раëсати қабул қилган қарорга зид эмасми¸ бундай судьялар учун жавобгарлик белгиланганми¸ деган саволларни жавобсиз қолдирди.

XS
SM
MD
LG