Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:29

Туркиялик фаоллар депортация марказларидаги марказий осиёликларнинг қўйиб юборилишини сўрамоқда


Туркиядаги депортация марказларидан бири.
Туркиядаги депортация марказларидан бири.

Туркиядаги Туркистонликлар халқаро ҳамкорлик жамияти коронавирус эпидемияси кучайиб бораётгани муносабати билан мамлакатдаги 28 та депортация марказида ушлаб турилган марказий осиёлик муҳожирларнинг қўйиб юборилишини сўраяпти.

Ташкилот коронавирусга қарши тадбирлар доирасида қамоқхоналардан 90 минг киши озод этилишини кўзда тутган қарор лойиҳасининг Туркия парламентида кўриб чиқилиши бошланиши ортидан депортация марказида тутиб турилган Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Шарқий Туркистон ватандошларининг ҳам озод этилишига умид боғламоқда. Бу марказларда тутиб турилган ўзбекистонликлар сонига аниқлик киритилмаган.

Turkistander жамияти раҳбари Бурҳон Қовунчи депортация марказида тутиб турилганларнинг яқинлари талаби билан Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Миграция бошқармасига талабнома йўллаган.

Мактубда жамият раҳбари шиддат билан ёйилаётган вирус депортация марказида тутиб турилган муҳожирлар соғлиғи учун ҳам хавф туғдираётгани ва бу ҳолат уларнинг яқинларида ташвиш уйғотаётганини билдирган.

Қовунчига кўра, марказда тутиб турилганларнинг аксарияти бирор-бир жиноят содир этмаган, улар фақат мансуби бўлган мамлакатлар расмийларининг талаби билангина G-87 хавфсизлик коди асосида тутиб турилибди.

Сиёсий қарашлари ва диний ҳаёт тарзлари учун ўз мамлакатлари томонидан “радикал” дея таърифланган бу одамлар, Turkistander вакиллари қайдича, ҳеч қанақа террор ташкилотига аъзо эмас ва бошқа давлатлар ҳудудидаги урушларда иштирок этмаган. Улар ҳақида ҳеч қанақа айблов хулосаси ҳам, суд қарори ҳам йўқ.

Ишлари маҳкамада кўрилганлардан кўпининг айбсизлиги суд тарафидан исботланган ва қўйиб юборилган. Бироқ маҳкама бир неча ойлаб чўзилгани учун депортация марказларида тутиб турилган ҳамманинг ҳам иши ҳали суд томонидан кўриб чиқилгани йўқ. Бу орада эпидемия важидан марказдагилар ва оилаларининг хавотири кундан-кунга ортиб бормоқда.

Turkistander жамияти вирус тез тарқалаётган бир пайтда 20 минг кишига мўлжалланган ва моҳиятан қамоқхонани эслатувчи 28 та депортация марказида бундан-да кўп муҳожир жамлаб тутиб турилгани юзасидан ташвиш изҳор қилган ва турк расмийларидан “пандемиянинг олдини олиш чораси ўлароқ” марказлардаги муҳожирларни қўйиб юборишни сўраган.

XS
SM
MD
LG