Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:40

Президент паррандачиликни ривожлантиришни буюрди. Чорвачилик ҳам кооперация тизимига ўтказилади


Мирзиëевнинг ҳар оилани товуқбоқар қилиш лойиҳаси муваффақиятсиз якунланган эди.
Мирзиëевнинг ҳар оилани товуқбоқар қилиш лойиҳаси муваффақиятсиз якунланган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев кооперация асосида хонадонларда парранда боқиш тажрибаси аҳоли ўртасида кенг жорий этилишини билдирди. Бу ҳақда президент 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида гапирди.

Президентнинг айтишича, кооперация асосида паррандачилик корхонаси хонадонларга уч кунлик жўжаларни тарқатиб, озуқасини етказиб беради. Қирқ кундан кейин кооперациянинг ўзи гўштни марказлашган ҳолда сотиб олади.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши билан чорвачилик¸ хусусан¸ паррандачиликни ривожлантиришга қаратилган қатор қарор ва фармонлар чиқариб¸ давлат ҳисобидан миллиардлаб сўм маблағ ажратган эди.

Хусусан¸ Мирзиëевнинг ҳар оилани товуқбоқар қилиш лойиҳаси доирасида ўн минглаб оилага банк кредити ҳисобидан товуқ берилган¸ аммо бир йилга бориб-бормас¸ бу товуқларнинг аксарияти қирилиб кетгани ортидан¸ банклар кредитини қайтариб олиш борасида жиддий муаммога учраган эди.

Президент матбуот хизмати 14 апрелда тарқатган хабарда, уч кунлик жўжалар билан мана шундай ҳолат такрорланмаслигининг олдини олиш борасида бирор гап айтилмаган.

Президент кооперация асосида нафақат жўжа боқишни, балки чорвачиликни ҳам ривожлантириш мумкинлигини таъкидлади.

“Озуқа ишлаб чиқарадиган корхоналар, қорамол боқиш бўйича оилавий кооперацияларни кўпайтириш бўйича вазифалар қўйилди. Ҳар бир вилоятда наслли қорамол тайёрлаш ва сотишга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этилиши белгиланди”, дейилади расмий хабарда.

Айни пайтда президент “мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси”ни ҳам қўйди.

Расмий маълумотда айтилишича, бунинг учун мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туман, 86 та кластер ва 125 та кооператив “боғ ва токзорларда қатор оралари, такрорий майдонларнинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиши зарур”.

Президент маҳсулот ҳажмини ошириш учун жорий йилда 124 минг гектар оборотдан чиққан ерларни тўлиқ ўзлаштиришга ҳам кўрсатма берди. Бу мақсадлар учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги жамғармаларига 300 миллиард сўм ажратилади. Ташкил этилган боғ ва токзорлар, иссиқхоналар аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йилгача лизинг асосида берилади.

XS
SM
MD
LG