Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:43

Адлия вазирлиги карантин узайтирилгани муносабати билан янги тартиблар киритилганини билдирди


Ўзбекистонда карантин тартиби 10 майгача узайтирилган.
Ўзбекистонда карантин тартиби 10 майгача узайтирилган.

Адлия вазирлиги карантин тартиби 10 майгача узайтирилгани муносабати билан амалга киритиладиган янги тартиб-қоидалар юзасидан маълумот берди.

Вазирликнинг билдиришича, хорижий фуқароларга берилган виза муддатлари жорий йилнинг 1 июнгача автоматик тарзда узайтирилди.

Кийим-кечак, хўжалик моллари, кўчатлар, уруғлар каби ноозиқ-овқат буюмлар савдосига сайёр савдо нуқталари орқали рухсат берилади. Бунда санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилиш ва камида 2 метрли ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, 24 мартдан бошлаб “Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган барча бозорлар фаолиятини тўхтатиш” ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Кейинроқ пойтахтда кийим-кечак ва хўжалик моллари сайёр бозорини ташкил этишга рухсат берилганди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, янги тартибга асосан, карантин даврида муддати тугайдиган барча рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар, яъни лицензия ва рухсатномалар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, автотранспорт воситалари учун талаб қилинадиган ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади.

“Уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарлик ва бошқа чоралар қўлланилмайди”, дейилади вазирлик расмий билдирувида.

Вазирликка кўра, карантин даврида пенсияларни фақат пластик картага ўтказиш орқали тўлаш тизими жорий этилган. Шу муносабат билан пенсионерларнинг пластик карталаридаги операциялар учун комиссион тўловлар ундирилмайди.

Электрон рақамли имзо калитини масофадан туриб олиш механизми жорий этилади.

Етказиб бериш хизматини кўрсатувчи лицензиясига эга бўлган, йўналишсиз таксилар ҳайдовчилари “махсус комбенизон” (шахсий химоя кийими), тиббий қўлқоп ва ниқобларда фаолият олиб бориши лозим.

Йўловчи ташиш фаолияти билан боғлиқ барча лицензиялар бўйича ариза қабул қилиш ва лицензияларни кўриб чиқиш ва бериш 2020 йил 10 майгача қадар вақтинча тўхтатилади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларига риоя қилган ҳолда ҳудуддий санитария эпидемиологик осойишталиги марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида 2020 йил 1 сентябрга қадар коронавирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилади.

Шунингдек, республика ҳудудларида фаолият кўрсатувчи дехқон бозорларида дезинфекцион ҳолатни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча чоралар белгиланмоқда.

Хусусан, деҳқон бозорларида, шу жумладан бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган йирик озиқ-овқат дўконларида савдо ижтимоий масофа (2 метр) сақлаган ҳолда “зигзаг” тартиби (қувурлар, бантлар ва бошқа шу каби тўсиқлар орқали) ташкил этилади.

Ҳар бир бозорга киришда “дезинфекция туннели” ва “санитария пост”лари, дезинфекция гуруҳлари ташкил этилиб, улар бозор ҳудудида карантин чоралари талабларига риоя этилишини таъминлаб боради.

XS
SM
MD
LG