Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:50

Қатор давлатлар карантинни бекор қилишга ҳозирлик кўрмоқда


Миллениум кўпригидан ўтиб бораётган аҳоли, 25 апрель, 2020, Буюк Британия
Миллениум кўпригидан ўтиб бораётган аҳоли, 25 апрель, 2020, Буюк Британия

Жаҳон бўйлаб расмийлар коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган чекловларни бекор қилиш режасини тузмоқда.

Ғарб давлатларида ўлимлар сони озая бошлаган бўлса-да, мутахассислар айрим давлатлар хасталик ёйилишининг ҳақиқий кўлами ҳақида аниқ маълумот бермаётганини тахмин қилмоқда.​

26 апрель куни Испанияда олти ҳафтадан бери карантин туфайли уйда ўтирган болаларга кўчага чиқишга изн берилади.

Бу ҳақда мамлакат бош вазири Педро Санчес маълум қилди. Вазир болалар вояга етганлар назоратида 1 соатга кўчага чиқиши мумкинлигини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари жорий қилинган чекловларни муддатидан аввал бекор қилиш пандемия яна авж олишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Аммо Испанияда вирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлаётганлар сони озайгани учун мамлакат ҳукумати 14 ёшга тўлмаган болаларга енгиллик беришга қарор қилди.

Бельгия ҳам карантин чораларини аста-секин бекор қилиш режасини эълон қилди. Мамлакатда 4 майдан бошлаб шошилинч бўлмаган тиббий муолажаларни бошлашга рухсат берилади, ниқоб ишлаб чиқариш учун тикув цехлари очилади.

4 майдан бошлаб Италияда ҳам айрим чекловлар бекор қилинади. Шундай бўлса-да, мамлакат расмийлари одамларни ижтимоий масофа сақлашда давом этишга чорлади. Италия вирус туфайли энг кўп одам ҳалок бўлган Европа давлатидир. Бугунга қадар вирус 26 мингдан ошиқ одам умрига зомин бўлди.

Франция эса 11 майдан бошлаб чекловларни юмшата бошлайди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири кўпроқ тест ўтказиш режасини тақдим этди.

Вирус 20 мингдан ошиқ одам ёстиғини қуритган Британия ҳукумати карантин чораларини бекор қилишга ошиқмаяпти. Ой бошида COVID-19 инфекциясига чалиниб, тузалиб кетган бош вазир Борис Жонсон 27 апрель куни ишга чиқиши кутилмоқда.

Жазоирда эса расмийлар дўконлар ва сартарошхоналарни очишга ҳамда шаҳарларда такси хизматларини қайта йўлга қўйишга изн берди.

Хитойда 26 апрель яна 11 нафар шахс вирусга чалингани хабар қилинди. Хитой расмийларининг маълум қилишича, сўнгги 11 кун ичида мамлакатда вирус туфайли ҳеч ким ҳалок бўлмади. Расмий маълумотларга кўра, Хитойда бугунга қадар 82,727 нафар шахс вирусни юқтирди.

АҚШда эса айрим штатларда чекловлар бекор қилиниб, одамларга соҳил, машқ зали ҳамда соч салонларга боришга рухсат берилади. АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 950 мингга яқинлашди, 55 мингдан кўпроқ бемор вафот этди. Коронавирус оқибатида мамлакатда 33 миллион одам ишсиз қолгани айтилмоқда.

Ҳиндистонда маҳаллалардаги дўконлар очилди, аммо вирус кенг тарқалган шаҳарларда карантин чоралари давом этмоқда.

Жонс Хопкинс университети тўплаган маълумотларга кўра, бугунга қадар жаҳон бўйлаб инфекцияси туфайли ҳалок бўлганлар сони 200 мингдан ошди, вирусни юқтирганлар сони эса 3 миллионга яқинлашди.

Дунёда 26 апрелга келиб, вирус юқтирганлар расмий сони 2 миллион 905 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 203 мингдан зиёд, тузалганлар 825 минг атрофида.

XS
SM
MD
LG