Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан Ўзбекистоннинг Андижон вилоятига келин бўлиб тушган 30 яшар Зилола Пакирдин қизи қаровсиз қолган икки ёш боласига етишолмай азоб чекмоқда.
Ёшгина онанинг Озодликка айтишича, ҳануз Қирғизистон фуқароси бўлгани учун, қўлидаги паспортига кирди-чиқди тамғасини бостираман, деб қўшни давлатга ўтиб, чегаранинг у ёғида қолиб кетган.
Хорижга чиқиш паспорти бўлмагани учун онаси олиб кетолмаган икки бола эса шу кунда Андижон вилоятидаги уйида ёлғиз - қўшнилар қарови остида қолмоқда.
OzodMikrofon рукнига боғланган Зилоланинг ҳикоя қилишича, у ҳар икки ойда бир - 60 кунлик муддат тўлганида, чегарадан чиқиб-кириши лозим:
- 10 йил муқаддам келин бўлиб тушганман. Қўлимда Қирғизистон паспорти бўлгани учун ҳар 60 кунда кирди-чиқди печать бостиргани чегарага мажбур бораман. Бу сафар ҳам икки боламни қўшнимга қолдириб, 15 март куни чегарадан чиқдим. Қайтиб киришга улгурмаганим учун, 16 март куни келсам - чегаралар ёпиқ. Шундан бери қанча ҳаракат қилдим - лекин Ўзбекистонга ўтолмадим.
Зилола Пакирдин қизи бир неча бор чегарага қайтиб боргани, аммо ўтишга рухсат ололмаганини айтади.
Айтишича, турмуш ўртоғи Россияга ишлагани кетган. Унинг бири 2 яшар, яна бири 5 яшар бўлган икки ўғли эса ён қўшнисининг қарови остида қолмоқда:
- Доим қараб турадиган бир қўшнимга ташлаб келгандим. Чегара яқин бўлгани учун ҳар сафар тезгина бориб-келардим. Бу сафар карантинга тушиб қолдим. Қўшним болаларни кечаси ўз уйида олиб ётибди, кундузи болалар уйга чиқишяпти. 16 мартдан бери ёлғиз - илтимос, тезроқ Ўзбекистонга қайтишимга ёрдам беринглар!
Қуйида бу аёл билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Озодлик бу аёл мурожаати юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан изоҳ олишга уринмоқда!
Ўзбекистон COVID-19 инфекциясининг мамлакатга кириши ва ёйилиши олдини олиш мақсадида, 2020 йилнинг 16 мартидан қўшни давлатлар билан чегараларини ёпган.
Чегара ёпилганидан сўнг, қўшни давлатлардан кира олмаган юзлаб ватандошлардан Озодликка мурожаатлар келди.
Ташқи ишлар вазирлиги, март ойи охирига келиб, бу фуқароларнинг каттагина қисми Ўзбекистонга киритилгани ва карантинга олинганини хабар қилган эди. Чегарадан киритилганлар Андижон вилоятида 14 кун карантинда сақланди ва ҳеч биридан коронавирус инфекцияси аниқламагач, уйларига қайтарилгани хабар қилинган.
Қуйида COVID-19 инфекциясининг Ўзбекистонга кириши ва ёйилишига оид маълумотлар билан танишишингиз мумкин: