Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:20

Талабаларнинг 30-40 фоизи Интернет сустлиги боис онлайн дарсларда қатнаша олмаяпти


Карантин сабаб уйларига жўнатилган талабалар онлайн дарсларда тўлиқ қатнаша олмаётир.

Озодликка боғланган талабаларга кўра, Интернет муаммоси сабаб онлайн дарсларда қатнашиш ва берилган топшириқларни бажариш имконсиз қолмоқда.

Айрим олийгоҳларда онлайн дарсларда тўлиқ қатнашмаган талабаларга курсда қолдириш билан таҳдид қилинган.

Тошкентдаги Молия институтининг хоразмлик талабаси онлайн дарсларда тўлиқ қатнаша олмаётганлардан бири.

Исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка гапирган хоразмлик талаба Интернет билан боғлиқ муаммо сабаб онлайн дарсларда қатнашиш учун томга чиқишга мажбур бўлаëтганини айтади.

“Мен яшайдиган қишлоқда Интернет тезлиги жуда паст. Оддий ёзишмани ўқиш учун ҳовлига чиқиб Интернет излайман. Агар видео алоқага чиқиш керак бўлса, томга чиқишга тўғри келади. Баъзида томда ҳам яхши ишламайди. 5-10 минутдан кейин Интерет қотиб қолади. Онлайн дарсларни умуман ўзлаштира олмаяпман. Берилган топшириқларни бажариш учун ҳам Интернет керакку. Нима қилишни билмаяпман. Ишқилиб курсда қолиб кетмасам бўлди бу кетишда. Домлалар онлайн дарсларни ўзлаштиришимизга қаралишини айтган”.

Айтилишича¸ талабалар дарсларга Moodle ва Zoom онлайн дастурлари орқали қатнашмоқда¸ бундай дарслар 40 дақиқадан 1,5 соатгача давом этмоқда.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг водийлик талабаси, дарсларда иштирок этиш учун Интернетга аввалгига нисбатан 5-6 баробар кўпроқ харажат қилаëтганини айтади.

“Интернет тезлиги жуда расво. 30 минутга 50 мегабайт кетяпти. Олдин ҳар ой 15 минг сўмлик таъриф ишлатардим. Ҳозир шу таърифни 5-6 марта қайта улаттирдим. Дарсларда тўлиқ қатнашиш имкони мутлақо йўқ. Zoom орқали видеоконференция лекцияларида фақат аудиосини ёқиб қўяман. Шунда ҳам Интернет кучи етмайди. Домлалар топшириқлар билан кўмиб ташлаяпти. Интернет бўлмаса, топшириқни қандай бажарамиз? Буни ҳеч ким инобатга олмаяпти. Муаммо битта менда эмас, кўплаб курсдошларим ҳам дарсларда қатнаша олмаяпти. Масалан, Zoom орқали видеоконференцияларда 30-40 фоиз талаба қатнаша олмаяпти”.

Озодликка Телеграм орқали бўлган мурожаатлардан бирида шундоқ ҳам карантин сабаб иқтисодий муаммолар қаршисида қолган оилаларга видеодарслар учун Интернетга ортиқча пул сарфлаш оғирлик қилаётгани айтилган.

Талабалар билан суҳбатлардан маълум бўлишича, айрим олийгоҳларда онлайн дарсда тўлиқ қатнашмаган талабаларни курсда қолдириш билан таҳдид қилинган. Хусусан¸ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети раҳбарларидан бирининг талабаларга шундай таҳдид қилинган ёзишмаси нусхаси Озодликда мавжуд.

Ушбу ёзишмада Интернет муаммоси сабаб видеодарсларда қатнашмаган талабаларнинг курсда қолдирилиши айтилган.

“Бунинг асосида семестр ёпилади. Ўтса ўтди, ўтмаса янги ўқув йилида қайтадан ўқишади. Бизда жуда трафикка ҳам пули йўқлар ўқишмайди. Эртагини ёш болаларга айтсин. Семестр шундай ёпилади. Трафиги йўқ бўлса, сентябрдан бошқатдан ўқийди”¸ дейилади огоҳлантирув хабарида.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Озодлик 27 апрель куни боғланган мулозими олийгоҳ ўқитувчиларидан бири томонидан шундай таҳдид қилинганини инкор қилмади. Бироқ расмий талабаларга имкон берилишини қўшимча қилди.

“Биз онлайн таълимни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус буйруғи асосида йўлга қўйганмиз. Ўқув йилини 1 июлгача масофавий таълим асосида якунлашимиз керак. Баъзи домлалар қизишиб кетиб, талабаларга ортиқча гап қилган ҳолатлар ҳам бўлди. Қайси домла ҳақида гап кетаётгани ҳам бизга маълум. Лекин талабаларга¸ албатта¸ имкон берилади. Онлайн дарсларни ўзлаштира олмаганлар июль ойида университетга келиб, топширишлари мумкин. Умид қиламиз июлгача карантин тугайди ва талабаларга эркин ҳаракатланишга ҳам рухсат берилади”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исмини очиқламасликни сўраган олийгоҳ мулозими.

Озодлик мухбири 27 апрель куни мамлакатнинг турли бурчакларида яшовчи талабалар билан боғланиб, Интернет муаммоси сабаб онлайн дарсларда қатнаша олмаётганлар нафақат чекка қишлоқлар, ҳатто туман марказларига яқин ҳудудларда ҳам борлигини аниқлади.

Шаҳарда яшовчи талабалар Интернет тезлиги яхшилиги ва видеодарсларда қатнашишда муаммо йўқлигини айтишди.

“Мен Бухоро шаҳрида яшайман. Бизда Интернет ёмонмас. Видеодарсларда бемолол қатнашиш мумкин. Ҳали бирор марта Интернет билан боғлиқ муаммо бўлмади”, деди Бухоро Муҳандислик технологиялари институти талабаси.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими талабаларнинг онлайн дарсларда иштирокини таъминлаш учун вазирлик томонидан имкониятлар яратилаётганини айтди.

“Интернет муаммосидан¸ албатта¸ хабаримиз бор. Тўғри¸ чекка қишлоқларда Интернет тезлиги яхши эмас. Масофавий таълимга кеч ўтилгани сабаби ҳам Интернет билан боғлиқ. Лекин биз вазиятдан чиқиш йўлларини қиляпмиз. Ўтган ҳафтадан dist.edu.uz порталидан мобил Интернетда фойдаланишни бепул қилдик. Кейин айтиб қўяй, ҳеч ким асоссиз курсда қолдирилмайди”, деди ўзини таништирмаган вазирлик мулозими.

Озодлик гаплашган талабалар вазирлик мулозими тилга олган бепул сайт талабалар учун мутлақо қулайлик яратмаганини айтишди.

“Тўғри dist.edu.uz сайтига кириш бепул. Лекин сайтга кириб, институтингиз жойлашган линкни боссангиз, сизни тўғри Moodle сайтига ўтказиб юборади. Moodleдан фойдаланиш учун эса Интернет керак. Улар айтган сайт¸ как справочник. Талабалар ниманинг¸ қаерда эканини яхши билишадику. Мен шахсан dist.edu.uz сайтидан фойдаланмайман. Чунки онлайн дарслар Moodle ва Zoom орқали бўлади. Яна домлалар билан Телеграм орқали гаплашамиз. Буларнинг ҳаммаси Интернет бўлмаса ишламайди”, деди водийлик талаба йигит.

Ўзбекистонда дастлаб Интернет тезлигининг пастлиги¸ туман ва қишлоқларда эса¸ Интернетга мунтазам уланиш имкони йўқлиги сабаб ўрта ва олий таълимни пандемия даврида¸ ривожланган давлатлардаги каби¸ онлайн режимига ўтказиш режаси йўқ эди.

Карантин бошланганидан қарийб икки ҳафта ўтгачгина, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019-2020 йилги ўқув йилини масофавий таълим орқали якунлаш қарорига келди.

Вазирликнинг 10 апрель кунги буйруғига кўра, ўқув йили масофавий таълим асосида 1 июлгача якунланиши лозим.

Ўзбекистон йиллардан бери Интернет кўрсаткичлари боис танқид қилиниб келинади.

Ookla компаниясининг Speedtest.net хизмати эълон қилган сўнгги натижаларга кўра, Ўзбекистон ҳозирги кунда Интернет тезлиги бўйича дунёда 102-поғонани эгаллаб турибди.

XS
SM
MD
LG