Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:25

АҚШ Ўзбекистонни диний эркинликлар бўйича қора рўйхатдан чиқарди; бу рўйхатга Россия киритилиши мумкин


Комиссия фикрича, Россия босиб олган Қримда қрим татарлар экстремизмда айбланиб, таъқиб қилинмоқда, ҳибсга олинмоқда ва ҳатто қийноқларга солинмоқда.
Комиссия фикрича, Россия босиб олган Қримда қрим татарлар экстремизмда айбланиб, таъқиб қилинмоқда, ҳибсга олинмоқда ва ҳатто қийноқларга солинмоқда.

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) Давлат департаментига Ўзбекистонни диний эркинликни бузувчи “ёмонларнинг ёмони” рўйхатидан чиқаришни, айни дамда Россияни унга киритишни таклиф қилмоқда.

Конгрессга диний эркинликлар бўйича тавсиялар тайёрлаш бўйича икки партия вакилларидан иборат мустақил маслаҳат органи 28 апрелда ҳисоботини эълон қилди. Унда 14 та мамлакатни “алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар” рўйхатига қўшиш таклиф этилади, бу диний эркинликларни “тизимли, давомли ва қўпол тарзда” бузиб келаётган мамлакатлар киритиладиган тоифадир.

Комиссия Судан билан бирга Ўзбекистонни алоҳида ташвиш уйғотадиган мамлакатлар қаторидан чиқаришни таклиф қилди. Ўтган йили президент Доналд Трамп маъмурияти ҳам Ўзбекистонни ушбу рўйхатдан чиқарган эди.

Комиссия фикрича, диний эркинликни яхшилаш бўйича “муҳим қадамлар” қўйилгани Ўзбекистоннинг уни энг қўпол тарзда бузаётган мамлакатлар рўйхатидан чиқарилишини таъминлаган.

Комиссия яхшиланишни анча вақтдан бери диний қавмларга нисбатан рейдлар уюштирилиши ва диний адабиётларга чекловлар тўхтатилиши, шунингдек, ҳукуматнинг ёмон от чиқарган “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпишни эълон қилгани билан изоҳлади. Айтилишича, ўша қамоқхонада диний маҳбуслар ушлаб турилган, ўтмишда улардан икки нафари қайноқ сувга пишиб ўлдирилган.

Расмий Тошкент ҳамон махсус кузатув рўйхатида қолмоқда, яъни Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатида диний эркинлик “жиддий” бузилаётган ҳоллар мавжуд. USCIRFнинг кузатув рўйхатида яна Куба, Никарагуа, Афғонистон, Жазоир, Озарбайжон, Баҳрайн, Марказий Африка Республикаси, Миср, Индонезия, Ироқ, Қозоғистон, Малайзия ва Туркия бор.

Давлат департаменти 14 та мамлакатнинг қуйидаги 9 тасини диний эркинлик масаласидаги энг ёмони мамлакатлар рўйхатига киритди: Бирма, Хитой, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Покистон, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистон.

Лекин у ҳали ҳам USCIRFнининг бешта мамлакат: Ҳиндистон, Нигерия, Россия, Сурия ва Вьетнамни қўшиш бўйича тавсиясини бажаргани йўқ.

Комиссия берган маълумотларга кўра, Давлат департаментининг махсус кузатув рўйхатида бўлган Россияда 2019 йилда диний эркинлик билан боғлиқ вазият ёмонлашган. Ўша йили Иегова шоҳидларига нисбатан рейдлар уюштирилган, мавҳум ёзилган қонунлар бузилган ва камсонли диний қавмлар ҳуқуқини поймол қилиш экстремизмга қарши кураш баҳонаси билан оқланган.

Комиссия фикрича, Россия босиб олган Қримда унинг оккупациясига қарши чиқаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи дунёвий ташкилотлар экстремизмда айбланиб, Қрим татарлари таъқиб қилинмоқда, ҳибсга олинмоқда ва ҳатто қийноқларга солинмоқда.

Украина шарқидаги Россияга орқа қилаётган айирмачилар ҳам, комиссия фикрича, диний эркинликни Россиядан улги олиб чеклаган ҳамда Россия православ черковини Украина православ черковидан устун қўйган. Айни чоқда Шимолий Кавказда ҳавфсизлик кучлари исломий жангарилар гуруҳига алоқадорликда гумон қилинган кишиларни ўғирлаб кетган ва ибодат қилаётган мусулмонлар гуруҳини таъқиб қилган.

Комиссиянинг Давлат департаментига берган тавсиялари қаторида Ҳиндистонни “ёмонларнинг ёмони” рўйхатига қўшиш ҳам бор. Бунга мамлакат бош вазири Норендра Модининг ҳиндпараст ва миллатчи ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан камситувчи сиёсат юритгани сабаб бўлган.

Бундан ташқари, ҳисоботда Хитой, Покистон, Туркманистон ва Тожикистондаги диний эркинлик билан боғлиқ вазиятдан ҳам ташвиш билдирилади.

USCIRF президент, Конгресс ва Давлат департаментига халқаро диний эркинлик масалалари бўйича маслаҳат беради.

Билдирилишича, унинг мустақиллиги АҚШнинг иттифоқчиларини ҳам, душманларини ҳам “аямай танқид қилиши”га имкон туғдиради.

XS
SM
MD
LG