Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Сардоба тошқини: Ўзбекистонда бир ҳарбий ҳалок бўлди, бири қидирилмоқда, Қозоғистонда тошқин давом этяпти, 31000 киши эвакуация қилинди


Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 5:55да ўпирилиши оқибатида яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босди.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуация қилинди.​

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Сардобадаги тошқин оқибатида 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.

Қозоғистон томонининг ҳисоб-китобича, Сардоба омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида жами 276 квадрат километр майдонни сув босган, бундан 76 квадрат километри Қозоғистонда жойлашган.

Туркистон вилояти Махтаарал туманидаги 14 та қишлоқдан жами 31 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинган.

Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, тошқиндан Қозоғистон 404 миллион тенге (тахмин 950 минг АҚШ доллари) зарар кўрган.

Ўзбекистон ҳозирча кўрилган зарар ёки сув остида қолган ҳудудлар борасида тўлиқ маълумотни маълум қилганича йўқ.

  • Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 5:55да ўпирилиши оқибатида яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босди.
  • Расмийлар омбордан сув чиқиши 1 май соат тахминан 17:00га келиб тўхтаганини хабар қилди.​
  • Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуация қилинди.​
  • 1 май куни Сардобадаги тошқинда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси сержант Суяров Хусниддин Зокирович ҳалок бўлди, яна бир ҳарбий қидирилмоқда.
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Сардобадаги тошқин оқибатида 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.
  • Сув тошгани ҳақида Озодлик биринчи бўлиб тонгги соат 6лардаёқ хабар берди. Воқеа жойидан фото-видеолар эълон қилинди. Тошқиндан қочаётган аҳоли билан суҳбатлар берилди.
  • Расмий маълумотга кўра, Сардоба сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Бу ҳозирча омборда сув тошганига оид ягона расмий маълумот. Расмийлар омборнинг қанча қисмида талофат бўлгани ҳақида ҳали батафсил маълумот берганича йўқ. Озодликка келган сурат ва видеоларда сув омбори дамбасининг анча қисми ўпирилгани акс этган.
  • Мутахассислар Сардоба сув омборидаги ўпирилишга кечаси ёққан кучли ёмғир ва шиддатли шамол сабаб бўлганини билдирди.​
  • Эвакуация ишларига ёрдамлашиш учун Жиззахдан ҳам қўшимча куч жалб қилинди​. "Сирдарё вилояти ФВБнинг 430 нафар шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан нафар 120 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МВБРҚМдан нафар 60 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МГдан нафар 276 шахсий таркиб, 43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди”, дейилади расмий хабарда.​
  • Президент Шавкат Мирзиёев вертолётда воқеа жойига етиб борди. Мирзиёев ёнида Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа ҳукумат вакиллари ҳам бор.​
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, сув тошқини натижасида асосан, экин майдонларига зарар етган. Вазирлик зарар кўламини очиқламади.
  • Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.​
  • Сардоба сув омборидаги тошқин сабаб 4та нимстанция сув остида қолди. Бунинг ортидан 8 мингдан зиёд аҳоли электр энергиясидан маҳрум бўлди.​
  • Сардоба сув омборининг ўпирилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ишнинг тергови Давлат хавфсизлик хизматига юкланди.
  • Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, иш Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2-қисми "б" банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган
  • Қозоғистон томонининг ҳисоб-китобича, Сардоба омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида жами 276 квадрат километр майдонни сув босган, бундан 76 квадрат километри Қозоғистонда жойлашган.
  • Туркистон вилояти Махтаарал туманидаги 14 та қишлоқдан жами 31 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинган.
  • Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, тошқиндан Қозоғистон 404 миллион тенге (тахмин 950 минг АҚШ доллари) зарар кўрган.
  • Ўзбекистон ҳозирча кўрилган зарар ёки сув остида қолган ҳудудлар борасида тўлиқ маълумотни маълум қилганича йўқ.
  • Сардоба сув омбори қурилиши 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтадиган ҳудудда бошланган эди.
  • 2017 йилда қурилиши якунланган гидроиншоотнинг сув сиғими 930 миллион куб метр. Сув омборининг баландлиги эса 28,8 метр.
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги “Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қурилишини бошлаган эди.
  • “Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш 2020-2022 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 21,3 млн еврони ташкил этади.

Қозоғистонда эвакуация қилинганлар сони 31 мингга етди

Сардоба омборидаги тошқин сабаб сув босган Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Махтаарал туманида эвакуация қилинганлар сони 31 минг нафарга етди.

Сўнгги маълумотларга кўра, сув Дўстлик қишлоғигача етиб борган.

Расмийлар жами 13 та қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинганини билдирди.

Туркистон вилояти расмийларига кўра, Сардоба омборидаги сув тошқини оқибатида 2 май куни тунда ўзбек-қозоқ чегарасидаги коллекторларда ҳам сув тошиши юзага келган ва Махтаарал туманидаги аҳоли пунктларини сув босган.

Дастлаб ўзбек чегарасидан 3 километр узоқликда жойлашган Жанатурмис қишлоғи сув остида қолди. Кейин Женис қишлоғини сув босди. Шундан сўнг маҳаллий ҳукумат 2 май куни тунда техноген характердаги фавқулодда ҳолат эълон қилди.​

Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, етказилган зарар кўлами 404 миллион тенгега (тахминан 950 минг АҚШ доллари) тенг.

Кеча Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Калкаманов ва вилоят ФВ бошқармаси раҳбари Нурғали Жунусовлар Ўзбекистонни сув тошқини бўйича нотўғри маълумот беришда айблади.

Ҳозирча Ўзбекистон томони бу айбловга бирор кўринишда жавоб берганича йўқ.

Сув остида қолган Жанатурмис қишлоғи.
Сув остида қолган Жанатурмис қишлоғи.

Сардобадаги тошқин оқибатида 8000 оила электрсиз қолди

Сардоба сув омборидаги тошқин сабаб 4та нимстанция сув остида қолди. Бунинг ортидан 8 мингдан зиёд аҳоли электр энергиясидан маҳрум бўлди.

Сирдарё «Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда шикастланган электр тармоқларини тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Маълум бўлишича, трансформаторлар сув остида қолган ва таянч устунлари яроқсиз ҳолга келган.

“Издан чиққан электр энергияси таъминотини тиклаш ва ҳодиса оқибатларини бартараф этишга 100 нафардан ортиқ ходим, 50 дан зиёд махсус техникалар жалб қилинди. Фарғона, Андижон, Наманган ва бошқа вилоятлардан ҳам махсус техника ва зарур жиҳозлар билан Сардобага етиб келган”, дейилади расмий хабарда.

Биринчи навбатда сув босган ҳудудларни тозалаётган ҳарбийлар вва кўнгиллилар яшаш жойлари электр билан таъминланиши режаланган.

Озодликка йўлланган видеода Сирдарёдаги уйлар томигача сув остида қолганини кўриш мумкин:

Сардоба тошқинида бир ҳарбий ҳалок бўлди, бири қидирилмоқда

1 май куни Сардобадаги тошқинда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси сержант Суяров Хусниддин Зокирович ҳалок бўлди.

Бу ҳақда 4 май куни хабар қилган Миллий гвардия маълумотига кўра, Суяров эвакуация- қидирув пайти оқиб кетган.

Воқеа ​1 май куни эрта тонгда Сирдарё вилояти ҳудудида жойлашган "Сардоба" сув омборида юз берган фавқулодда ҳолатнинг илк соатларида содир бўлган.

"Тезкор гуруҳ таркибида эвакуация қутқарув ишларида иштирок этган Миллий гвардиянинг 2 нафар ходими кучли оқим сабаб оқиб кетган. Натижада, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси сержант Суяров Хусниддин Зокирович табиий офатга қарши курашиш жараёнида ҳалок бўлди", дейилади Миллий гвардия хабарида.

Ҳозирда иккинчи ходимни қидириш ишлари давом этмоқда.

Қозоғистонда сув тошқини давом этмоқда

Сардоба сув омборидаги тошқиндан қўшни қозоғистонликлар ҳам зарар кўрди.

Чегарадаги айрим қишлоқларда сув 1,5 метргача кўтарилган. Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири Дилара Иса қайиқда қишлоқ кўчаларини айланди.

Сардобадаги тошқин сабаб минглаб қозоғистонлик бошпанасиз қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00

Қишлоқларда аҳоли уйларидан ташқари болалар боғчаси, мактаблар, тиббий муассаса, масжид, полиция бўлимлари сув остида қолган.

Сўнгги маълумотга кўра, Сардобадан тошган сув ўзбек-қозоқ чегарасидаги Абай каналига оқишда давом этаяпти. Натижада сув Қозоғистоннинг Гулистон, Дўстлик ва Қорақир қишлоқларига ҳам етиб боряпти. Бу қишлоқлар аҳолиси эвакуацияга тайёрланмоқда.

Туркистон вилояти расмийларига кўра, Сардоба омборидаги сув тошқини оқибатида 2 май куни тунда ўзбек-қозоқ чегарасидаги коллекторларда ҳам сув тошиши юзага келган ва Махтаарал туманидаги аҳоли пунктларини сув босган.

Маҳаллий ҳукумат 2 май куни тунда техноген характердаги фавқулодда ҳолат эълон қилди.​

Расмийларга кўра, Махтаарал туманидаги 10 та қишлоқдан 22 минг одам эвакуация қилинган.

Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, етказилган зарар кўлами 404 миллион тенгега (тахминан 950 минг АҚШ доллари) тенг.

Кеча Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Калкаманов ва вилоят ФВ бошқармаси раҳбари Нурғали Жунусовлар Ўзбекистонни сув тошқини бўйича нотўғри маълумот беришда айблади.

Ҳозирча Ўзбекистон томони бу айбловга бирор кўринишда жавоб берганича йўқ.

Cардобаликларга ҳужжатларини тиклашга ёрдам берилади

Сардобада эвакуация пайти ҳужжатларини йўқотганларга Давлат хизматлари агентлиги ёрдам беради.

Тошқин натижасида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуация қилинди.​

Озодлик билан суҳбатда сардобаликлар тошқин пайти ҳужжатларини олишга улгурмаган кишилар кўп бўлганини айтган.

Давлат хизматлари агентлигига кўра, ҳозирда кўчирилганлар билан учрашиб, ҳужжатлари йўқолган фуқаролар рўйхати шакллантирилмоқда:

«Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор, Ғаллаорол туманлари ва Жиззах шаҳрига жами 10 629 нафар Сирдарё вилояти фуқаролари эвакуация қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, бугуннинг ўзида 1 608 нафар фуқароларнинг паспорт, гувоҳнома ва бошқа ҳужжатлари мавжудлиги юзасидан мониторинг ўтказилди. Шундан 292 фуқаронинг 94 нафарида паспорт, 134 нафарида туғилганлик, 64 нафарида никоҳни қайд этиш гувоҳномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди”.

Ҳужжати йўқларга ҳужжатлари қайта расмийлаштириб берилади.

Ҳарбийлар ҳам Сардобадаги тозалаш ишларида қатнашмоқда

Марказий ҳарбий округнинг 2000 дан зиёд ҳарбий хизматчилари ва 200 га яқин ҳарбий техникалар Сардобадаги тошқиндан зарарланган ҳудудларни тозалаш ишларига жалб қилинди.

«Газета.uz» хабарига кўра, ҳарбийлар «Қўрғонтепа» ва «Софлик» маҳалласидаги тозалаш ишларига жалб қилинган.

Шунингдек, Жиззах, Самарқанд ҳамда Каттақўрғон гарнизонларидан ҳам ҳарбийлар тозалаш ишларида қатнашмоқда:

“Ҳарбий хизматчилар эрталаб соат 6 дан 22 га қадар уйларни қайта таъмирлаш, сув чиқариш, йўлларни очиш ва бошқа ишларга кўнгилли равишда ёрдам беришмоқда.

Бундан ташқари, округ радиацион кимёвий биологик муҳофаза бўлинмалари, психологлар ҳамда тиббиёт пункти ходимлари томонидан аҳоли саломатлиги текширилиб, фуқаролар вақтинча жойлашган жойлар дезинфекция қилинмоқда”, дейилади хабарда.

“Эвакуация пайти отамни йўқотиб қўйдик, 4 кундан бери топилмаяпти”

Сирдарёнинг Оқолтин тумани Навоий маҳалласида яшовчи Адиловлар оиласи 80 яшар отаси Ўрол Адиловни 4 кундан бери топа олмаяпти.

Озодликка боғланган Адиловлар оила аъзоларига кўра, отаси эвакуация пайти йўқолган:

“1 май куни автобус олиб келиб, ҳаммани унга чиқаришди. Мен қўлимда ёш болам билан келаётгандим. Милиция ходимлари “Сиз чиқаверинг, отангиз ҳам чиқади”, деб мени тирсагимдан кўтариб, автобусга чиқаришди. Тўполонда отамни автобусга чиққан-чиқмаганини билмай қолдим. Кейин қарасам автобусда отам йўқ. 4 кундан бери суриштирамиз. Ҳеч ким билмайди. Нима қилишни, кимга мурожаат қилишни билмаймиз. Бизни Гулистон шаҳридаги ётоқхоналарга жойлаштиришди. Карантин пайти бўлса, чиқиб ўзимиз қидириб ҳам келолмаймиз. Отам қишлоқда қолганми ёки эвакуация қилинганми - буни ҳам билмаймиз. Гулистондаги ҳамма жойлардан телефон орқали суриштирдик, топилмади. Отамнинг қўлида мобил телефони ҳам йўқ. Биз Оқолтин тумани, Навоий маҳалласи (эски номи 17 совхоз), Бинафша кўчаси 178- уйда яшардик. Отам Адилов Ўрол Астанович, 1940 йил 1 июнда туғилган. Отамнинг расми ҳам йўқ ёнимизда. Илтимос отам жуда қари, уни топишга ёрдам беринглар!”

Тошқиндан зарарланган ҳудудлар тозаланмоқда

Сирдарёдаги тошқиндан зарарланган ҳудудларда биринчи навбатда қабристонлар, канализация тизимлари, сув тозалаш иншоотлари тозаланиб, дезинфекция қилинмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, Оқолтин туманидаги “Аҳиллик” қишлоғи, Сардоба туманидаги “Қўрғонтепа” ва “Сардоба” қишлоқлари ва Мирзаобод туманидаги “Балиқчилик" қишлоқларида дезинфекция ишлари олиб бориляпти:

“Зарарланган ҳудудларда тўпланган 70 та уй ҳайвонларининг санитария қоидаларига мувофиқ кўмилганини қайд этиш зарур. Шу қаторда, .ёнғин ўчириш машиналари ва мотопомпалар билан тошқин сувларини тортиб олиш ишлари давом этмоқда”.

Тозалаш ишларида Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа вазирликлари ва Миллий гвардия ходимлари иштирок этмоқда.

Кўчирилганлар: Карантин қоидаларига амал қила олмаяпмиз

Сирдарёнинг Оқолтин туманидан эвакуация қилиниб, Гулистон шаҳридаги мактаблардан бирига жойлаштирилган йигит Озодлик билан суҳбатда уларга яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди:

“Бизни Гулистондаги 1-мактабга олиб келишди. Синф хоналари ва спорт залига жойлаштиришди. Спорт залида эркаку аёл аралаш ётибмиз. Кўрпа-тўшак олиб келишганида, кимдир 2-3тадан, кимдир 1тадан олиб қолди. Битта тўшакда ётганлар учун спорт зали захлик қиляпти. Овқат 3 маҳал бериб туришибди. Бугун тушлик овқат кечикяпти. Соат 1 ярим бўлди, ҳали овқат емадик. Ёш болалар жуда кўп. Пули борлар маҳалладаги дўкондан у-бу нарса олиб еяпти. Пули йўқлар овқат берилишини кутиб ўтиришибди. Энг ёмони карантин қоидаларига амал қилиш имконсиз. Ҳаммага маска беришяпти. Қўлни дезинфекция қиладиган нарса ҳам бор. Лекин дистанция сақлашнинг иложи йўқ. Ҳамма ёнма-ён ётади. Залда ўтирганда кўпчилик маска тақмайди. Фақат залдан чиққанда ҳамма маска тақиб чиқади. Карантин қоидаларини назорат қиладиган одамнинг ўзи йўқ”.

Эвакуация қилинган аҳоли орасида масофа сақланмаётганини расмийлар эълон қилаётган суратларда ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, 3 май куни Сардоба туманидаги Қўрғонтепа маҳалласига қайтарилган аҳоли билан президент Мирзиёевнинг учрашуви пайти олинган суратда ҳам одамларнинг тиқилинч ҳолда тургани, айримларнинг тиббий ниқоби ҳам йўқлиги акс этган. Мирзиёевнинг ўзи эса шу пайтгача бирор учрашув тиббий ниқобда кўринмади.

Тошкент кўчаларидаги бетон блоклар ҳам Сардоба тўғонини тиклашга олиб кетилди

Сардоба тўғонини қайта тиклаш учун Тошкент кўчаларидаги 2,5 мингга яқин бетон блок ҳам Сирдарё вилоятига юборилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга таянган ҳолда 4 май куни хабар берди.

Хабарда таъкидланишича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу ҳақда 2 май куни Сирдарё вилоятига ёрдам карвонини уюштирганлар билан бўлган учрашувда айтган.

Ҳокимга кўра, бетон блокларни “120 та катта-катта юк машинаси кечаси билан” Сирдарёга ташиган.

Шавкат Мирзиёев уйига қайтарилган аҳоли билан учрашди

Президент Мирзиёев 3 май куни яна Сирдарёнинг сув тошқини қолдиқларидан тозаланаётган Сардоба туманига борди.

Матбуот хизматининг хабар қилишича, тошқин туфайли ҳосил бўлган чиқиндилар йиғиштирилиб, ҳудуд дезинфекция қилинмоқда. Ўт ўчириш машиналари ёрдамида кўлмаклардаги сув тортиб олинмоқда. Йўллар очилиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари тикланмоқда.

3 май куни айрим маҳаллаларда оилалар ўз уйларига қайта бошлади.

Жумладан, Сардоба туманидаги Қўрғонтепа маҳалласига борган президент сув ва лой босган уйларига қайтган одамлар билан учрашди.

Расмий хабарга кўра, бу маҳаллада 530 та хонадон бор, 4200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд сув тошқинига биринчи бўлиб дуч келган, одамлар тезкор равишда хавфсиз жойларга кўчирилган эди.

Президент уйлардан бирига кириб, хонадон эгаларидан ҳол-аҳвол сўради. Барча қатори уларга ҳам моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмаслигини яна бир бор таъкидлади", деб хабар қилди матбуот хизмати.

ИИВ Сирдарёда 2 операторни ушлаган ходимлар ишига ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди

Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган расмий баёнотда айтилишича, ​Human uz порталининг телеграм каналида жойлаштирилган видеолавҳа бўйича Ички ишлар вазирлиги томонидан текширув ўтказилиб, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

"Ички ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситалари учун доимо очиқ ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмайди.

Шу билан бир қаторда, юртимизда тезкорлик, аниқлик, ҳолислик билан фаолият юритаётган барча оммавий ахборот воситалари ходимларини бугунги сана муносабати билан яна бир бор муборакбод этамиз",
дейилади расмий хабарда.

3 май куни Human.uz сайти айни пайтда Сирдарёдан туриб, воқеаларни ёритаётган мухбирларига бириктирилган 2 операторни ички ишлар ходимлари ушлаганини хабар қилди.

Қозоғистон мулозими: Ўзбекистон сув тўхтаганига ишонтирганди, лекин катта оқим келишда давом этмоқда

Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Калкаманов ва вилоят ФВ бошқармаси раҳбари Нурғали Жунусовлар, Facebook’даги жонли эфирда, Ўзбекистонни сув тошқини бўйича нотўғри маълумот беришда айблади.

Жонли ёйинда айтилишича, Ўзбекистон томони Қозоғистонга сув оқими тўхтатилгани ҳақида вилоят расмийларига расман маълумот йўллаган, лекин Махтарал туманига катта тезликдаги сув оқими ҳануз давом этмоқда:​

"... Сув Ўзбекистон томондан келиб ётибди, кучли оқим келмоқда. Ҳозир Махтаарал туманига қарашли 4 та овулни сув босиш хавфи бор. Сув овулларни ичига кирган, уйларнинг пойдеворларини 20 сантиметргача сув босган", деди, жумладан Сакен Калкаманов.

Шунингдек, ушбу ёйинда Туркистон вилояти ФВ бошқармаси раҳбари Нурғали Жунусов Ўзбекистон томони берган маълумотни асл вазиятга зид, деб баҳолади:

"Ўзбекистондан бир томчи сув ҳам Махтарал туманига чиқмаётганини, тошган сув сатҳи 45 сантиметргача тушганини ишонч билан айтганди. Лекин, мен шахсан у ерга борганимда кўрдимки, сув оқими камайган ва катта шовқин билан оқаётган эди. Яхшиямки, одамларни эвакуация қилишга улгурдик, қурбонлар бўлмади".

Расмийларга кўра, Махтаарал туманидаги 4 аҳоли пунктини сув босган. Бу ердаги аҳоли эса эвакуация қилинган, жабрланганлар йўқ.

Ўзбекистоннинг Сардоба сув омборида юзага келган тошқин сабаб қўшни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Махтаарал туманидаги 4та қишлоқдан жами 7 мингга яқин одам эвакуация қилинди.

Туркистон вилояти расмийларига кўра, Сардоба омборидаги сув тошқини оқибатида ўзбек-қозоқ чегарасидаги коллекторларда ҳам сув тошиши юзага келган ва Махтаарал туманидаги аҳоли пунктларини сув босган.

Маҳаллий ҳукумат 2 май куни тунда техноген характердаги фавқулодда ҳолат эълон қилди.​

"Ўзбекгидроэнерго" сув омбори ўпирилишига алоқадорлигига оид хабарларни инкор қилди

3 май куни "Расмий муносабат" сарлавҳаси билан эълон қилинган хабарда сув омбори тўғонининг ўпирилиши юзасидан, мамлакат ва хорижий ОАВ, шунингдек, ижтимоий тармоқларда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ алоқадор хабарлар "нотўғри талқинлар, асоссиз ва юзаки ёндашувлар", деб рад қилинди.

Қуйида ушбу баёнот айнан келтирилмоқда:

"Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши юзасидан, мамлакатимиз ҳамда хорижий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ нуфузига қарши қаратилган нотўғри талқинлар, асоссиз ва юзаки ёндашувларга нисбатан қуйидаги расмий муносабатимизни маълум қиламиз.

Маълумки, 2010-2017 йиллар мобайнида Сардоба сув омбори барпо этилган. Ушбу қурилишда буюртмачи сифатида Сув хўжалиги вазирлиги (собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги), “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси бош пудратчи сифатида иштирок этган.

Бундан ташқари, ушбу объектда 10 дан зиёд ёрдамчи пудратчи ташкилотлар (субподрядчик) қаторида “Резаксой сув қурилиш” МЧЖ (ҳозирги номи – “To’palang Water Construction” МЧЖ) ҳам қурилиш жараёнларида ўзига ажратилган қисм бўйича қурилиш ишларини бажарган. Мазкур МЧЖ томонидан бажарилган ишлар тегишли тартибда қабул қилиб олинган.

Сардоба сув омборида содир бўлган фалокатнинг тегишли қисмида “To`palang HPD Holding” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилмаганлигини ҳамда Абдурахмонов Ислом Абдуганиевич 2010-2017 йилларда “To`palang HPD Holding” МЧЖ ҳамда унинг тегишли ширкат ташкилотларида умуман фаолият юритмаганини алоҳида таъкидлаймиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2017 йилдаги 18 майдаги ПФ-5044 сонли Фармонига асосан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил этилган. Шуни айтиш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Сардоба сув омбори қурилишида масъул этиб белгиланмаган ва иштирок этмаган.

Сардоба сув омборининг эксплуатациясига оид фаолияти “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекцияси томонидан назорат қилинади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар асоссиз эканлигини маълум қиламиз".

Сирдарёда икки операторни ИИБ ходимлари олиб кетди

Human.uz сайтининг айни пайтда Сирдарёдан туриб, воқеаларни ёритаётган мухбирларини ички ишлар ходимлари ушлади.

Сайтнинг Телеграм каналида берилган хабарга кўра, мухбир Мавжуда Мирзаева икки оператори билан эрта тонгдан Сирдарё олимпиа заҳиралари коллежига жойлаштирилган одамлар билан гаплашиб, шароит ҳақида репортаж тайёрлашга киришган.

Бироқ бу маскандаги Ички ишлар ходимлари тасвирчиларни ушлаб, олиб кетган. Бу ҳодиса акс этган видео хабарга илова қилинди.

Унда ҳолатни тасвирга олиш билан бирга, мухбир: “Операторни нега олиб кетяпсиз?” деган саволни такрорлайди.

Орган ходими “Сиз қонун талабларига қаршилик қиляпсиз”, дейди. Айнан қайси қонун талаблари бузилгани ҳақидаги саволга, ИИВ ходимлари жавоб бермайди.

Аксинча: “Обор, записларни кўрасан, ўчириб ташлайсан”, дея буйруқ беради.

"Бугун тақвимга кўра, “Жаҳон матбуоти эркинлиги куни”. "Аммо, лекин, бироқ Сирдарёдаги Ички ишлар ходими "тўй"ни "аза"га айлантирмоқчими?!" дейилади хабарда.

Human.uz сайти таҳририяти айни пайтда Ички ишлар вазирлигидан изоҳ кутаётганини билдирган.

Сув омбори ўпирилиши сабабларини тергов қилиш ДХХга юкланди

Сардоба сув омборининг ўпирилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ишнинг тергови Давлат хавфсизлик хизматига юкланди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, иш Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2-қисми "б" банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган

Президент сув тошқинидан жабр кўрган оилалар билан учрашди

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, 2 май оқшомида президент Шавкат Мирзиёев Сардобадаги Гулистон шаҳрига эвакуация қилинган одамлар билан мулоқот қилиб, улардан кўнгил сўраган.

Мирзиёев Сирдарёда тошқиндан жабрланганлар билан учрашмоқда, 2 май, 2020
Мирзиёев Сирдарёда тошқиндан жабрланганлар билан учрашмоқда, 2 май, 2020

Юзма-юз мулоқотда президент, сув тошқинида уйи-жойи, мол-мулкини йўқотганларнинг зарари қоплаб берилиши, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, ҳаммага ғамхўрлик кўрсатилишини таъкидлади.

Шунингдек, президент 2 май куни сув босган маҳаллаларни айланди ва у ерда ҳам одамлар билан учрашиб, ёрдам ваъда қилди. Айниқса, деҳқон фермерлар ишини тезроқ бошлаши учун тошқин оқибатларини тезроқ бартараф қилишга ҳаракат қилинаётганини урғулади.

Сўнгра президент 2 май оқшомида Тошкентга қайтди.

ФВВ: сув босган ҳудудларда қолиб кетган 138 одам қутқарилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, қутқарувчилар томонидан сув босган маҳаллаларда қолиб кетган 138 одам қутқарилган.

2 май ҳолатига кўра, “Сардоба сув омбори”нинг дамбасини қайта тиклаш мақсадида жами 100 та юк ташиш техникаси орқали тош ва шағал етказиб берилган.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 75 нафар шахсий таркиб ва 13 та махсус моторли қайиқ қутқарув ва қидирув ишларига жалб этилган.

Сардоба ҳалокатида жабр кўрган аҳолига гуманитар ёрдам юборилмоқда

Мирзиёев Сардоба сув омборига борди

2 май куни президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омборига бориб, тўғонни тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Кеча вертолётда воқеа жойига борган Мир​зиёев вазият ўнгланмагунча Сардобадан кетмаслигини айтган эди:

"Ҳамма куч- воситани шунга сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча бирорта раҳбар, мен бошчилигимда ҳеч қаерга қимирламаймиз".

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуация қилинди.​

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Сардобадаги тошқин оқибатида 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.

Тошқинда хавфли вазиятда қолган 20 киши қутқарилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сардобадаги омборнинг ўпирилиши оқибатида келиб чиққан тошқинда қолиб кетган 20 киши ҳаёти сақлаб қолинганини хабар қилди.

Вазирликка кўра, бу одамлар дарахтлар, бино томлари ва баланд жойларга чиқиб жон сақлаган одамлар бўлиб, улар сув остида қолган ҳудудларни кўзда кечириш вақтида аниқланган. Улар моторли қайиқларда хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.

“Қутқарувчилар томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишларида 20 нафар фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди. Уларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт ходимларига топширилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, Сардобадаги тошқин оқибатида жами 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.

Сув босган ҳудуд.
Сув босган ҳудуд.

ИИБ ходимлари 300 сирдарёликка ўз уйларидан бошпана берди

Жиззахдаги ички ишлар ходимлари Сирдарё ва Оқ олтин туманларидан кўчирилган 300 нафардан зиёд кишига ўз уйларидан жой берди.

Жиззах ИИБсига кўра, бу ташаббусни ходимларнинг ўзлари кўрсатган.

Жиззахга кўчирилган аҳоли
Жиззахга кўчирилган аҳоли

Сардоба сув омборида юз берган фавқулодда ҳолат туфайли ҳавзага ёндош Қўрғонтепа, Дўстлик, Юртдош, Отаюрт, Қўйтош, Бирлик аҳоли пунктларида яшовчи жами 38097 киши Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор, Шароф Рашидов туманлари, шунингдек, Жиззах шаҳридаги ўқув муассасалари, корхоналар ётоқхоналари ҳамда аҳоли хонадонларига жойлаштирилди.

«Эвакуация қилинган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, иссиқ овқат билан таъминланмоқда», дейилади ИИБ хабарида.

Эвакуация ишларида қарийб 600 нафар жиззахлик ички ишлар органлари ходимлари қатнашди.

Арнасой тумани ИИБ томонидан эса Айдар-Арнасой ҳавзасидан қутқариш ва таъмир ишларида фойдаланиш учун 15 та қайиқ келтирилган. Бундан ташқари тошқинни бартараф этиш учун 300га яқин техникалар ҳам жалб этилган.

Жиззахга эвакуация қилинган сирдарёликлар
Жиззахга эвакуация қилинган сирдарёликлар

Самарқанд ҳокимлиги сардобаликларга ёрдам учун 5 миллиард сўм ажратди

Сардоба сув омборидаги тошқиндан зарар кўрганлар учун Самарқанд вилоят бюджетидан 5 миллиард сўм ажратилди.

Бу ҳақда хабар қилган вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, 2 май куни ўтган халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг еттинчи сессиясида депутатлар ташаббуси билан Сардобадаги тошқиндан зарар кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилган.

Сессияда Сардоба аҳлига кўмаклашиш хайрия жамғармасига вилоят бюджетидан 5 миллиард сўм ўтказиш маъқулланган.

Kun.uz хабарига кўра, 1 май куни ҳам Самарқанддан Сирдарёга жами 100та машинада турли хил маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамлари жўнатилган.

Сардобадаги тошқин сабаб Қозоғистонда 5400 одам эвакуация қилинди

Ўзбекистоннинг Сардоба сув омборида юзага келган тошқин сабаб қўшни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Махтаарал туманидаги 4та қишлоқдан жами 5,5 мингга яқин одам эвакуация қилинди.

Туркистон вилояти расмийларига кўра, Сардоба омборидаги сув тошқини оқибатида ўзбек-қозоқ чегарасидаги коллекторларда ҳам сув тошиши юзага келган ва Махтаарал туманидаги аҳоли пунктларини сув босган.

Маҳаллий ҳукумат 2 май куни тунда техноген характердаги фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Женис, Жана Турмис, Нурли жол, Сартобе қишлоқлари аҳолиси хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.

Эвакуация ишларига кучишлатар тизимларнинг 700 ходими жалб қилинган.

Ҳозирча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 5:55да ўпирилиши оқибатида яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босди.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуция қилинди.​

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Сардобадаги тошқин оқибатида 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.

Мактаарал туманидаги сув босган ҳудуд. 2 май, 2020 йил
Мактаарал туманидаги сув босган ҳудуд. 2 май, 2020 йил

Сардоба омборидаги тошқин сабаб 17300 киши жароҳатланди

Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуция қилинди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, аҳоли Сирдарё ва Жиззахнинг хавфсиз ҳудудларига кўчирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Сардобадаги тошқин оқибатида 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.

Бобур қишлоғи эркаклари спорт залига жойлаштирилди

Сирдарёнинг Оқолтин тумани Бобур қишлоғидан эвакуация қилинган аҳоли Жиззахнинг Дўстлик тумани Дўстлик шаҳарчасидаги коллеж биносига жойлаштирилди.

Коллежнинг спорт залига жойлаштирилган йигитлардан бири Озодликка воқеа жойидан сурат йўллади:

“Бобур қишлоғининг 7- ва 10- совхозлари аҳолиси Дўстлик шаҳарчаси 27-совхозидаги коллеж бинога жойлаштирилди. Шароит ўртача даражада. Эркаклар спорт залига жойланган, аёллар коллеж хоналарига жойлашди”.

Мирзиёев вазият ўнгланмагунча Сардобадан кетмаслигини айтди

Мирзиёев аҳоли вакиллари билан учрашиб, саросимага ўрин йўқлигини, барча ишлар аниқ режа асосида, тезкор чора-тадбирлар билан олиб борилаётганини таъкидлади:

"Бу ҳам бир синов. Ҳеч ким кутмаган синов. Энг катта қилган ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчирдик. Сизлар шу Оқолтин туманининг раҳбарлари, оқсоқоллари, нуронийлари, маҳалла раисларидан илтимос қиламан, ҳозир одамларни саранжом қилиб, ҳаммамиз маҳаллама-маҳалла йиғиб олиб, ҳамма шароитини вақтинчалик яратиб берамиз. Одамларни ҳозир йиғиб, уйларга жойлаштириб, нонини, овқатини, ҳамма шароитини яратиб, яшайдиган жой қилишимиз керак. Маҳалла-маҳалла жой қиламиз. Маҳалла раиси билан участковой ўтириб олиб, ҳамма шароитини яратади. Ҳамма куч- воситани шунга сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча бирорта раҳбар, мен бошчилигимда ҳеч қаерга қимирламаймиз".

Мутахассислар: Сув омбори ўпирилишига кучли ёмғир сабаб бўлган

Мутахассислар Сардоба сув омборидаги ўпирилишга кечаси ёққан кучли ёмғир ва шиддатли шамол сабаб бўлганини билдирди.

Бу ҳақда O'zbekiston 24 телеканали орқали маълум қилинди.

2017 йилда қурилиши якунланган гидроиншоотнинг сув сиғими 930 миллион куб метр. Сув омборининг баландлиги эса 28,8 метр.

Омбордан сув тошиши оқибатида Сардоба тумани Қўрғонтепа қишлоғида яшовчи аҳоли уйларини сув босди.

ФВВ: Сардоба омборидан сув чиқиши тўхтади

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сардоба сув омборидан сув чиқиш тўхтагани ҳақида маълум қилди:

"Сардобада содир бўлган сув тошқини вилоятнинг бошқа ҳудудларида кузатилмаган. Ҳукумат комиссияси томонидан сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, эвакуация қилинган аҳолига зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда.
Вазият тўлиқ назоратга олинган. Саросимага тушишга асос йўқлигини маълум қиламиз".

Мирзаободдан кўчирилганларнинг 2 минг нафари Янгиерга жойлаштирилди

Мирзаобод туманидан эвакуация қилинган 2 мингдан зиёд киши Янгиер педагогика коллежи, тиббиёт коллежи, ГулДУнинг Янгиер шаҳридаги педагогика факультети ва Янгиер Футбол академияси биносига жойлаштирилди.

ИИВ маълумотига кўра, эвакуация қилинганларга саҳоватпеша инсонлар томонидан зарурий озиқ-овқатлар, ичимлик суви, ниқоб, антисептик восита, бир марталик қўлқоплар каби воситалар етказиб берилмоқда.

Эвакуация қилинган аҳолига ёрдам жўнатилмоқда

Сув босган ҳудудлардан эвакуация қилинган аҳолига қўшни вилоятлардан ёрдам жўнатилмоқда.

Жумладан, Оқолтин туманидан Жиззах вилояти Гагарин шаҳарчасига кўчирилган аҳолига 6000 дона ниқоб, 80 дона антисептик восита, 200 жуфт бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари тарқатилган.

Самарқандликлар ҳам эвакуация қилинган аҳолига тезкор ёрдам жўнатди.

Расман: Учта тумандан аҳоли кўчирилмоқда

Сардоба сув омборида сув тошиши оқибатида Сардоба тумани Қўрғонтепа қишлоғидаги аҳоли турар жойларини сув босди.

ФВВ маълумотига кўра, шунингдек, Мирзаобод туманидаги “Навбаҳор”, “Ҳақиқат” ва “Баҳористон” МФЙлари аҳоли яшаш пунктларига қисман сув кирган.

Эвакуация қилинган қўрғонтепаликлар Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларидаги мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига фуқароларни жойлаштирилмоқда.

Мирзаободда сув босган қишлоқлардан эвакуация қилинган аҳоли эса мазкур тумандаги касб-ҳунар коллежи, Сафарбарлик чақирув резерви бўйича ҳарбий қисм ва касалхонага жойлаштирилди.

Вазирлик хабарига кўра, Оқолтин туманидаги “Аҳиллик”, “Шодлик”, “Саховат”, “Навоий”, “Дўстлик”, “Кўркамдиёр”, “Тошкент”, “Янгиҳаёт”, “Обод” ва “Мустаҳкам” МФЙларининг аҳолиси Жиззахнинг Гагарин шаҳарчасига вақтинчалик кўчирилди.

Бундан ташқари, Сардоба шаҳарчасидаги аҳолини ҳам Гагарин аҳоли яшаш пунктига эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мирзаобод туманидаги “Беруний”, “Пахтаобод”, “Балиқчи”, “Ҳақиқат”, “Баҳористон”, “Янгиовул” ва “Дўнгариқ” МФЙлари аҳолиси сув тошиш хавфи бўлгани учун Янгиэр шаҳрига эвакуация қилинмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.

"Ҳозирда дамбадан сув чиқиши камайган. Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда", дейилади расмий хабарда.

Омбор дамбасининг қанча қисми ўпирилди?

Расмий маълумотга кўра, Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Бу ҳозирча омборда сув тошганига оид ягона расмий маълумот. Расмийлар омборнинг қанча қисмида талофат бўлгани ҳақида ҳали батафсил маълумот берганича йўқ.

Озодликка келган сурат ва видеоларда сув омбори дамбасининг анча қисми ўпирилгани акс этган.

Эвакуация қилинганлар коллежга жойлаштирилди

Сув тошиши натижасида Сардобадан эвакуция қилинган аҳоли Янгиер педогогика коллежига жойлаштирилди.

Буни воқеа жойида бўлган сардобаликлардан бири Озодликка маълум қилди:

"Интернет узиб қўйилган. Нон учун ур-тўполон, одамлар навбат учун талашиб қоляпти. Ёрдам бирма- бир келяпти".

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, Сардоба сув омбори тошиши оқибатида "Қўрғонтепа", "Дўстлик", "Юртдош" МФЙлардан жами 11598 нафар киши эвакуация қилинган.

Вазирликка кўра, сув босиш хавфи бўлган “Қуйтош”, “Ота юрт”, “Бирлик” МФЙлари аҳолиси ҳам эвакуация қилинмоқда.

Янгиер педагогика коллежига жойлаштирилган аҳоли.
Янгиер педагогика коллежига жойлаштирилган аҳоли.

Расман: Тошқин экин майдонларига зарар етказди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, сув тошқини натижасида асосан, экин майдонларига зарар етган.

Вазирлик зарар кўламини очиқламади.

Ҳозирча жабрланган ва ҳалок бўлганлар ҳақида расмий маълумот йўқ.

Мирзиёев Сардобага етиб борди

1 май куни президент Шавкат Мирзиёев вертолётда Сардобага етиб борди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди:​

"Президент Шавкат Мирзиёев бугун тонгда Сардоба сув омбори дамбасидан сув чиқиши оқибатларини кўздан кечириш ва уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш мақсадида Сирдарё вилоятига етиб келди".

Президент Мирзиёев ёнида Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа ҳукумат вакиллари ҳам бор.

"Вазият тўлиқ назоратга олинган, саросимага тушишга асос йўқ", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.​

Мирзиёев воқеа жойида. 1 май, 2020 йил
Мирзиёев воқеа жойида. 1 май, 2020 йил

“Мирзиёев ташаббусида қурилган сув омбори”

Бундан 3 йил олдин Мирзиёев Сирдарё вилоятига сафари чоғида Сардоба сув омборини бориб кўргани ва “сунъий денгизда” люкс катерда сайр қилгани ҳақида маҳаллий матбуот ëритган эди.

Маҳаллий матбуот “сув омбори қурилиши ташаббуси ўша вақтда Бош вазир лавозимини эгаллаб турган Шавкат Мирзиёевга оид экани"ни ёзган эди.

Сардоба сув омбори қурилиши 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтадиган ҳудудда бошланган эди.

2017 йилда қурилиши якунланган гидроиншоотнинг сув сиғими 930 миллион куб метр. Сув омборининг баландлиги эса 28,8 метр.

Ўша пайтда Ўзбекистон телеканаллари Мирзиёевнинг сув омборига вертолётда боргани ва маҳаллий мулозимлар ҳамроҳлигида уни катерда айланганини намойиш қилган эди. Телекўрсатув бошловчиси Мирзиёевни "чўл ўртасида денгиз барпо этгани" учун олқишлаган эди.

Ўзбек ТВ каналлари президентнинг Хитойга сафари чоғида айни сув омбори ёнида гидроэлектростанция қурилиши борасида хитойлик инвесторлар билан келишувга эришгани ҳақидаги гапини такрор ва такрор эфирга узатган эди.

Мирзиёев Сардоба сув омборини томоша қилмоқда. 2017 йил
Мирзиёев Сардоба сув омборини томоша қилмоқда. 2017 йил

ФВВ: 11598 одам эвакуация қилинди. Эвакуация ишлари давом этмоқда

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, Сардоба сув омбори тошиши натижасида “Қўрғонтепа” МФЙда яшовчи аҳоли Мирзаобод туманига эвакуация қилинган:

Хусусан, "Қўрғонтепа", "Дўстлик", "Юртдош" МФЙлардан жами 11598 нафар киши эвакуация қилинган.

Вазирликка кўра, сув босиш хавфи бўлган “Қуйтош”, “Ота юрт”, “Бирлик” МФЙлари аҳолисини ҳам эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.

Эвакуация ишларига ёрдамлашиш учун Жиззахдан ҳам қўшимча куч келган:

“Сирдарё вилояти ФВБнинг 430 нафар шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан нафар 120 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МВБРҚМдан нафар 60 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МГдан нафар 276 шахсий таркиб, 43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди”, дейилади расмий хабарда.

Ҳозирча жабрланган ва ҳалок бўлганлар ҳақида расмий маълумот йўқ.

Сардоба сув омбори ўпирилди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:05 0:00

"Жуда ҳам қўрқинчли овозда сув бостириб келди"

Тошкент вақти билан соат 08.30.да гаплашганимиз сирдарёликлардан бири:

Жуда ҳам қўрқинчли овозда сув бостириб келаётган эди, бизга яқин қолганда машинамиз юрди.

"Эрталаб соат 6 да бирдан тревога бўлди, телефонлар тинмай жиринглай бошлади. "Туринглар, Жиззах томонга қочинглар, Сардоба ўпирилиб кетибди", деб милиция ходимлари кўчада жар соляпти. Бизнинг уйдан сув омборигача бир километр. Дарров ҳужжатларни олдик-да, кўчага чиқдик. Қарасак, тўполон, ҳамма машинасига ўтириб қочяпти, биз ҳам қўшилиб қочдик. Жуда ҳам қўрқинчли овозда сув бостириб келаётган эди, бизга яқин қолганда машинамиз юрди. Бутун совхоз сув ичида қолди. Мен яшайдиган 1 ва 1А совхозларини тамоман сув босди. Ҳозир ҳамма катта йўлнинг ёқасига чиқиб олган. Бошқа совхозларни эвакуация қилиш давом этмоқда", деди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:59 0:00
Бевосита линк

Расман: Қурбонлар йўқ

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сирдарё вилояти бўлими мулозими Сардоба сув омбори ўпирилиб кетганини тасдиқлади ва аҳоли эвакуация қилинаётганини қайд этди:

"Ҳа, Сардоба тешилган. Ҳозир йигитларимиз аҳолини эвакуация қилиш билан банд. Қурбон бўлганлар ёки талафотлар ҳақида ҳозир ҳеч қандай маълумот йўқ".

Сардоба сув омбори ўпирилди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:47 0:00

"Илтимос халқни тинчлантиринглар"

Сув омборига яқин масофада жойлашган Оқ олтин тумани Сардоба шаҳарчаси турғуни аҳоли ваҳимага тушиб қолганини айтади:

"Эрталаб соат 7 да бу хабарни эшитдик. Ҳамма кўчага чиқди. Пули борлар, машинаси борлар кетиб бўлишди. Бирор-бир масъул шахс келиб бизни огоҳлантирмаяпти, эрталабдан буён ҳаммаёққа телефон қиляпман, "илтимос, халқни тинчлантиринглар, кетиш керак бўлса, кетайлик, қолиш керак бўлса, қолайлик. Лекин ҳеч ким келиб айтмаяпти, шунга халқ ваҳимада".

Сардоба сув омбори ўпирилди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:14 0:00

Озодликка етиб келган, бироқ ҳали расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, сув омбори тўғонининг 200 квадрат метр жойи ўпирилган.

Расман: Омбор девори тешилган

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сардоба сув омборидаги фалокат юзасидан шундай хабар тарқатди:

"2020 йил 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада, Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.

Мазкур вазият бўйича зудлик билан Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Қўрғонтепа аҳолисини “Бирлик” маҳалласига вақтинча эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, сув босиши ҳавфи мавжуд бўлган аҳоли пунктларини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олинган.
Вазият юзасидан қўшимча маълумотлар бериб борилади".

Сардоба сув омбори ўпирилди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:10 0:00

Тўрт йил олдин қурилган сув омбори

Сардоба сув омбори қурилиши 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтадиган ҳудудда бошланган эди.

2017 йилда қурилиши якунланган гидроиншоотнинг сув сиғими 930 миллион куб метр. Сув омборининг баландлиги эса 28,8 метр.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги “Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қурилишини бошлаган эди.

“Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш 2020-2022 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 21,3 млн еврони ташкил этади.

XS
SM
MD
LG