Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:21

Ким Чен Ун қаерда?


Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ун.
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ун.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ун бобоси Ким Ир Сеннинг туғилган кунига бағишланган йиллик йирик тадбирда кўринмади. Илк бор.

Одатда 15 апрел куни Ким Чен Ун мамлакатнинг икки собиқ раҳбари – бобоси ва отаси Ким Чен Ирнинг мақбараларини зиёрат қилади. Бироқ ёш раҳбардан сўнгги 19 кундан бери дом-дарак йўқ.

“Ким Ир Сеннинг туғилган куни Шимолий Кореяда энг катта байрамдир. Ким Чен Уннинг ушбу тантаналарда бўлмагани жуда ғалати”, - дейди Вашингтондаги АҚШ Тинчлик институтидан Френк Ом.

Кимнинг ғойиб бўлгани турли миш-мишларга сабаб бўлди. Юракка операция панд бердими? Ёки буйраги ишдан чиқдими? Ким ракета синови пайтида жароҳат олди деганлар ҳам бор. Яна кимдир 36 яшар раҳбар соҳил бўйидаги Вонсан шаҳрида оромгоҳда дам олаётганини айтади.

“Билмаймиз, билмаймиз. У билан алоқам яхши эди. Унга соғлик тилайман”, - деди АҚШ Президенти Доналд Трамп.

Ким бунгача ҳам ғойиб бўлган эди. Январ ойида 21 кун кўринмаган, ўтган йил майида эса 22 кун. 2014 йил сентябрида 40 кундан кейин пайдо бўлганида қўлида ҳасса бор эди.

“Сўнгги кунларда вазнига вазн қўшилди. Қандайдир дарди борлиги кўриниб турибди. Мазаси йўқлигини ҳамма билади”, - дейди Хандон глобал университетидан Пак Вон Гон.

Профессор хулоса қилишга шошилмасликка чақиради.

“Шимолий Кореяда фақат 5 киши юрт раҳбари холидан хабардор”, - дейди Пак.

Ким вафот этса, унинг ўрнини ким эгаллаши маълум эмас. Фарзандлари ҳали ёш, ўзидан икки ёш катта акаси Ким Ен Чол сиёсатга қизиқмайди, 65 яшар амакиси Ким Пён Ил нафақада. Айримлар раҳбарнинг 32 ёшли синглиси Ким Жон мамлакат бошқарувини қўлга олиши мумкинлигини айтмоқда, бироқ эркаклар устун жамиятда уни қўллаб-қувватлайдиганлар кўп бўлмаслиги мумкин. Яна кимдир мамлакат тарихида илк бор Ким сулоласидан бўлмаган одам ҳокимиятни қўлга олишини айтади. Ҳокимият учун курашни башорат қилаётганлар ҳам бор.

“Мамлакат сиёсий беқарорликка юз тутиши мумкин. Қочқинлар кўпайиши мумкин. Шимолий Корея ядро дастури хавфсизлиги қўлдан чиқиши мумкин, бу эса ядро материалларининг бировлар қўлига тушиб қолиш эҳтимолига йўл очади”, - дейди таҳлилчи Френк Ом.

XS
SM
MD
LG