Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:49

OzodDayjest: Сирдарё ва Бухородаги сифатсиз қурилишларга масъул раҳбарлар истеъфоси талаб этилди


Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори ёнида, 2020 йил 2 майи.
Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори ёнида, 2020 йил 2 майи.

Парламент Ҳиндистонда қолиб кетган ватандошларни қайтариш масаласига аралашди. Давлат Cирдарё ва Бухоро вилоятларидаги фожиалардан хулоса чиқарган ҳолда қурилиш соҳасида коррупцияга барҳам бериши лозим. Гитлер ўзбекистонлик аскар Мамадали Топиволдиев боши учун 825 минг доллар миқдорида мукофот ваъда қилган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Сенат: Ҳиндистонда қолиб кетган ўзбекистонликлар учун чартер рейс ташкил этилиши керак

Олий Мажлис Сенати Ҳиндистонга даволанишга бориб, Ўзбекистонга қайтолмаётган ўзбеклар ҳақида Kun.uz нашрида эълон қилинган мақолани ўрганиб чиқди (www.kun.uz, 4 май).

Парламент юқори палатаси Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Робахон Маҳмудовага кўра, мазкур масала юзасидан Республика махсус комиссияси ва Ташқи ишлар вазирлигига расмий хат йўлланган.

Мақолада Ҳиндистонга даволанишга борган ўзбекистонликларнинг моддий аҳволи жуда оғирлиги, егулик, тураржой борасида қийинчиликка дуч келгани баён этилган. Қайд этилишича, уларнинг айримлари хайрия акцияларида ҳомийлардан йиғилган пул маблағи эвазига даволангани борган.

Қайд этилишича, махсус комиссия ва ТИВдан муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг чартер рейс орқали Ўзбекистонга қайтариш бўйича чора кўриш ҳамда қилинган ишлар тўғрисида 11 майгача Сенатга ахборот бериш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистон 16 март кунидан эътиборан жаҳоннинг барча мамлакатлари билан авиа ва автомобиль қатновларини тўхтатган.

29 апрель куни Uzbekistan Airways матбуот котиби хорижга авиақатновлар 30 июнгача тикланмаслиги мумкинлигини айтган. Орадан икки кун ўтгач, Uzbekistan Airways бу маълумотни рад этиб, хорижга парвозлар ва авиачипталар сотуви тикланиш муддати коронавирус тарқалиши бўйича халқаро вазиятга боғлиқлиги, агар 30 июнга қадар турли давлатлар ва Ўзбекистонда карантин бўйича чекловлар бекор қилинса, хорижий йўналишларга чипталар сотуви ҳам, авиақатновлар ҳам қайта тикланиши мумкинлигини маълум қилган.

Блогер: “Қурилиш соҳаси бўйича давлат буюртмалари оч шоқолларга тайёр охўр бўлиб қолди”

Давлат Cирдарё ва Бухоро вилоятларидаги фожиалардан хулоса чиқарган ҳолда қурилиш соҳасида коррупцияга барҳам бериши лозим, деб ҳисоблайди Телеграмдаги Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров.

“Қурилиш соҳасидаги бум, аввало, соҳада коррупция учун уя, ноқонуний йўллар билан топилган пулларни ўзлаштириш, легаллаштириш йўли, “бир кунлик” компаниялар оммалашган соҳа, давлат буюртмалари эса оч шоқолларга тайёр охўр бўлиб қолди. Бу – исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Давлат қурилиш соҳасидаги регламентларни тўлиқ қайта кўриб чиқиши, коррупцион факторларни мумкин қадар истисно қилиши, давлат ва квази-давлат буюртмалари тўлиқ шаффофлаштирилиши, битта мих сотиб олинса, уни оддий одамлар кўра олиши керак” деб ёзади у.

Блогерга кўра, Сирдарёдаги фожиа ва Бухородаги табиий офат оқибати учун сиёсий жавобгарлик бўлиши керак.

“Албатта, тергов барча айбдорларни жавобгарликка тортади. Лекин Сардобада ҳам, Бухорода ҳам кўзбўямачилик қилган, гидроэнергетика иншооти ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши учун бевосита масъул бўлган раҳбарлар истъефога чиқарилиши шу кунларда жуда ўринли бўлар эди... Бу бошқа амалдорларга ўрнак бўлиши, келажакда хатоларни такрорламаслик, халқ ва президентга ёлғон гапириш оғир оқибатларга олиб келишини тушуниши учун ҳам қилиниши керак” дея хулоса қилади Қ.Хидиров.

Тарихчи: Гитлер ўзбекистонлик аскар Мамадали Топиволдиев боши учун 825 минг доллар миқдорида мукофот ваъда қилган

Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ўзбекистонлик аскар Мамадали Топиволдиев номини эшитса немис аскарларнинг юраги зириллаган, деб ёзади тарих фанлари доктори Наим Обломуродов (www.uza.uz, 3 май).

Қайд этилишича, 1941 йил ноябрда М.Топиволдиев қуролдошлари билан фашистлар босиб олган Борисов шаҳри чеккасидаги ҳарбий лагердан 146 асирни озод қилди. Ҳар бир операциядан кейин Топиволдиев дарахтларга ўзининг “Казбек” номли лақабини ханжар билан ўйиб ёзар ва шу билан немисларни қўрқитиб, ўз изини қолдирарди.

“Тарихий манбаларга кўра, М.Топиволдиев ёлғиз ўзи душман казармаларини вайрон қилган, 5 ҳарбий эшелонни портлатган, 76 фашист аскарини ва 1 немис генералини қўлга олган. Адольф Гитлер Казбекнинг боши учун 50 минг марка (ҳозирги кунда тахминан 825 минг АҚШ доллари) миқдорида мукофот ваъда қилади. Аммо Казбекни ҳеч ким қўлга ололмаган” деб ёзади тарихчи Н.Обломуродов

Иккинчи жаҳон уруши даврида СССР таркибидаги Ўзбекистондан 1,5 миллиондан зиёд киши сафарбар этилган. Уларнинг 500 мингдан зиёди ҳалок бўлган, минглаб ўзбекистонлик аскар бедарак кетган ёки ногирон бўлиб қолган.

XS
SM
MD
LG