АҚШ Намояндалар палатаси Ташқи ишлар қўмитасининг юқори лавозимли аъзолари Афғонистонда зўравонликлар кўпайиб бораётгани Толибон бу йил Вашингтон билан имзолаган шартномага амал қилмаётгани ҳақида шубҳаларни кучайтирганини айтишди.
Қўмита раиси Элиот Энгель ҳамда аъзоси Майкл Маккол Афғонистонда зўравонлик даражаси кескин ошгани 29 февралда имзоланган шартнома шартларига зид эканлигини таъкидлашди. Сиёсатчилар тинчимаётган зўравонликлар Афғонистон коронавирусга қарши самарали курашишига халал бераётганини қўшимча қилди.
Энгель ва Маккол барча тарафни зўравонликни зудлик билан тўхтатишга ҳамда мамлакатда тинчлик ўрнатиш учун ўз ҳиссасини қўшишга чорлади.
Қатарда узоқ давом этган музокаралардан кейин Толибон ҳаракати ва Қўшма Штатлар 29 февраль куни зўравонлик даражасини пасайтириш ҳамда Афғонистон ҳукумати билан музокараларга ўтишга оид битимни имзолаган эдилар. Ҳужжат Афғонистонда 18 йилдан бери давом этиб келаётган урушни тўхтатишга қаратилган эди, бироқ битим имзоланганидан бери жангариларнинг ҳужумлари камайиш ўрнига кўпайиб кетган.
Афғонистон ҳукумати АҚШ Толибон ўртасида тузилган шартнома иштирокчиси бўлиб ҳисобланмайди, бироқ битим афғонлараро ички музокаралар арафасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораси ўлароқ асирга олинган беш минг Толибон жангарисининг Қобул томонидан озод қилинишини кўзда тутади.
Аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер толиблар ўз мажбуриятларини бажармаётгани, жангариларнинг зўравонлик ҳаракатлари шартномани йўққа чиқариши мумкинлигини билдирган эди. Вазир Афғонистон ҳукумати ҳам ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаётганини қўшимча қилди.