Ўзбекистон хабарлари
Адлия вазирлиги Гулнора Каримованинг 10 млн долларлик активи қайтарилганини очиқлади
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси ваколатли идоралар иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йил 14 майида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур маблағ Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига ўтказиб берилган ва умумий тартибда ишлатилади.
Вазирлик мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилаётганини таъкидлаган.
“Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Г.Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда”, дея қўшимча қилинади хабарномада.
Вазирлик вакиллари мазкур мулклар хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан ҳибсга олинганлиги важидан улар Гулнора Каримованинг (ёки оила аъзоларининг) тасарруфида эмаслигини эслатадилар ҳамда Ўзбекистонга маблағу мулклар Г.Каримова ёхуд бошқа алоҳида шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлигига оид мулоҳазалар ҳақиқатга мувофиқ келмаслигинияна бир бор урғулайдилар.
Кун янгиликлари
Тошкентда фаррош лифт шахтасида ҳалок бўлди
Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган Riviera савдо марказида фаррош аёл бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди.
Kun.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда ёзишича, 3 февраль куни соат 11:10 да савдо мажмуасида фаррош бўлиб ишловчи 45 ёшли Ш. М. лифт шахтасига шиша ойналарни тозалаш учун кирган. У шахтанинг бурчак қисмида эканида лифт эшиклари ёпилиб, тепага қараб ҳаракатлана бошлаган. Лифтни ҳаракатга келтирувчи тошлар эса пастга, яъни фаррошнинг устига тушиб, уни қисиб қолган.
Тошкент вилояти Бўка туманидан бўлган аёл воқеа жойида вафот этган. Унинг икки фарзанди етим қолган.
Фожиа рўй берган савдо марказига прокуратура ва ИИБ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ етиб борган. Ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Бекзод Бердиевга кўра, бахтсиз ҳодисага техник талабларга риоя қилинмагани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Лифтдаги носозлик инсоний талафотга олиб келиши илк бор кузатилаётгани йўқ. 2023 йил июль ойида электр узилгани ортидан Тошкентдаги кўп қаватли уй лифтида қамалиб қолган почтачи аёл вафот этганди.
Пойтахтдаги бошқа бир кўп қаватли уй лифтининг носозлиги оқибатида 11 киши жароҳатланган эди.
АҚШга бориш истагидаги ўзбекистонлик алдов қурбони бўлди
Тошкент шаҳри Учтепа туманида фуқародан фириб йўли билан 20 минг доллар олган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизматининг маълум қилишича, тезкор тадбирда фуқаро С.Ғ. фуқаро Д.С.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали АҚШга юбориши ва у ерда иш билан таъминлаши эвазига таниши А.А. орқали 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Матбуот Ўзбекистондан АҚШга ноқонуний бориш билан боғлиқ фирибгарликлар ҳақида тез-тез хабар беришига қарамай, бундай ҳолатлар кўп қайд этилмоқда. Масалан, январь ойида Чилонзор туманида ҳам АҚШга ишга юбориш ваъдаси билан фуқародан 40 минг доллар олган шахс ушланганди.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам Қўшма Штатларга ноқонуний равишда киришга уринаётган Ўзбекистон фуқароларини ушбу ҳаракатдан тийилиб, қонуний йўллардан фойдаланишга ундаб келади.
Озодлик аввалроқ Мексика ва АҚШ чегарасидаги депортация марказида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан кўплаб муҳожирлар сақланаётганига эътибор қаратганди.
Сўнгги йилларда Қўшма Штатлардан ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирларни бадарға қилиш ҳолатлари кўпайган. Жумладан, АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябригача Ўзбекистонга 572 кишини депортация қилган.
АҚШда яшаб келаётган яна 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида мажбуран чиқариб юборилиши мумкин.
Ўзбекистонда газ қазиб олиш сезиларли даражада қисқарди
2024 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 44,59 миллиард куб метрни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан қарийб 2,1 миллиард куб метр ёки 4,5 фоизга қисқарган.
Статистика агентлиги чоп этган 2024 йилдаги саноат ишлаб чиқариши бўйича ҳисоботга кўра, мамлакатда 2024 йил январь ойида 3,99 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, декабрь ойига келиб бу кўрсаткич 3,8 миллиард куб метрга тушган.
Таҳлиллар мамлакатда зангори олов қазиб олиш охирги етти йилда 28 фоизга ёки 17 миллиард куб метрга камайганини кўрсатади.
2022 йилда газ қазиб олиш 53,8 миллиард куб метрдан 51,67 миллиард куб метргача, 2023 йилда эса 46,71 миллиард куб метргача қисқарган эди.
Пасайиш тенденцияси йил давомида ҳам давом этган.
Қазиб олиш кўрсаткичлари тушиб бораётган бир пайтда ҳукумат газ импорти билан параллел равишда экспортни ҳам йўлга қўйган.
Иқтисодий таҳлилчилар мамлакатда газ қазиб олиш шиддат билан қисқариб бораётган шароитда экспорт тўхтамаганини “парадокс” деб атаган.
Россиядан энергоқарамликнинг ошиши ҳам хавфли тенденция ўлароқ баҳоланмоқда.
Ўзбекистонда “Ҳалол” сертификатлаш тартиби жорий этилмоқда
Жорий йил 1 майидан эътиборан Ўзбекистонда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (CMIIC) талабларига мувофиқ сертификатланган маҳсулотлар ва хизматларни “Ҳалол” белгиси билан маркировка қилиш бошланади.
Вазирлар Маҳкамаси 1 февраль куни қабул қилган “Маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда аниқ муддат белгиланган.
Мазкур ҳужжатга биноан, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита олти ой муддатда агентлик тизимида ташкил қилинадиган маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини халқаро тан олинган ташкилотларни жалб қилган ҳолда аккредитациядан ўтказади. “Ҳалол” белгиси шакли ҳамда ўлчамини белгилайдиган стандарт лойиҳаси ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
Сертификатлаш ва уларга қўйиладиган талабларни белгилашда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти томонидан қабул қилинган ва халқаро миқёсда расман тан олинган стандартларга устуворлик берилади.
Ҳукумат қарори жорий йил 2 майидан кучга кириши белгиланган.
Маҳсулотларни “Ҳалол” тамғаси билан сотиш ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли учун муҳим мезонлардан бири ўлароқ кўрилади.
Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳри ва вилоятидаги “ҳалол” номи билан танилган қатор емакхоналарнинг эгалари куч тизимлари ва текширувчи идораларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан шикоят қилишганди.
Ўзбекистоннинг дунёвийликка интилаётган ҳукумати “ҳалол” ва “ҳаром” мезонларига ҳассос масала сифатида қараётгани ҳам маълум. Бир муддат аввал блогер Ҳожиакбар Носиров Ўзбекистонда кўп сотиладиган йогурт брендларидан бирининг маҳсулотларини “ҳаром” ҳисобланиши ва мусулмонларга уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги ҳақида гапириши ортидан 15 суткага қамалган эди.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирув эълон қилинди
Чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистоннинг чақирув ёшидаги фуқаролари 2025 йилнинг март – апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.
Президентнинг бу ҳақдаги қарорига мувофиқ, ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан, чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув даврида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинади.
Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар эса март – апрель ойларида Қуролли Кучлар резервига бўшатилади.
Ўзбекистон президенти 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган табригида “ҳозирги вақтда дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб вазиятда Қуролли Кучлар жанговар салоҳияти, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб” эканини таъкидлаганди.
Учинчи февраль куни мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам президент Мирзиёев “энг янги техника ва қурол-яроғлардан моҳирона фойдаланишга қодир ҳарбий кадрларни тайёрлаш” заруратига тўхталган.
Тарихчи олим: Мустақиллик декларациясига энг кўп Ислом Каримов қарши чиққан
Ўзбекистонда 1990 йил 20 июнида Мустақиллик декларацияси қабул қилинишига энг кўп қарши чиққан шахс ўша пайтда Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби, Ўзбекистон ССР президенти Ислом Каримов бўлган. Бу ҳақда тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов “Дарё” нашрига берган видеоинтервьюсида билдирди.
Ўзбекистонда “Мустақиллик меъмори” ўлароқ эътироф этиладиган президент Каримов, профессор Ражабовга кўра, аслида Мустақиллик декларациясининг қабул қилинишига “тиш-тирноғи билан қарши” бўлган.
“У чет эллик бир меҳмон билан водийга (Фарғона водийси − таҳр.) жўнаб кетган куни Ўзбекистон Олий кенгашидаги халқ депутатлари 20 июнь куни Мустақиллик декларациясини қабул қилди. Ислом Каримов у ёқдан (сафардан - таҳр.) қайтиб келганидан кейин: “Бу бир парча қоғозинг ҳатто туалетда ишлатишга ярамайди”, деган фикрни айтди. “СССРда туғилдикми − СССРда ўламиз. Москва бутун халқингнинг ҳаммасини қириб ташлайди. Ҳеч қачон мустақиллик берилмайди”, деган фикрлар ўша пайтда халқ депутатларига 1990 йил июнида айтилган”, деди тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов.
Тарихчи олим фикрича, Мустақиллик декларация илк бор қабул қилинган кун аслида ўзбек халқининг байрами бўлиши керак, бироқ ўша куни буни на телевидение ва на радиода айтилган.
“Икки кундан кейин декларация матни ўзгартирилган ҳолда, яна айтаман - Москванинг тасдиғидан ўтказилган ҳолда матбуотда эълон қилинди. Энг қизиғи, агар биз 1990 йил июнь ойидаги газеталарни кўрсак − декларация қонун бу − турли газеталарда турлича шаклда чиққанлигининг гувоҳи бўламиз. Ҳолбуки, бу қонун битта ҳарфи ҳам ўзгартирилмасдан чоп этилиши керак эди”, дея эътироф этди профессор Қаҳрамон Ражабов.
Ўзбекистонда Мустақиллик декларацияси илк бор 1990 йилнинг 20 июнида қабул қилингани ҳақида Озодлик авваллари кўп маротаба ёзган. Бу борада одатда мухолифатчилар ва мустақил журналистлар гапириб келишган. Бироқ бу тарихий фактнинг Ўзбекистон ичида илмий тадқиқотлар билан шуғулланиб келаётган профессор томонидан эътироф этилиши илк бор кузатилмоқда.
Мирзиёев расмий ташриф билан Малайзияга боради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан Малайзияда бўлади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ташриф Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим таклифига биноан амалга оширилади.
“Ташриф доирасида Куала-Лумпур шаҳрида бош вазир Анвар Иброҳим билан икки томонлама музокаралар, Малайзиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар, қўшма бизнес форуми ва бошқа тадбирларда кўзда тутилган”, дейилган хабарномада.
Шунингдек, ташриф чоғида Ўзбекистон-Малайзия дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда амалий ҳамкорликни, шу жумладан, савдо, инвестициялар, инновациялар, технологик кооперация, нефть-кимё, электроника, “яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа кўплаб устувор йўналишларда кенгайтириш масалалари муҳокама этилиши, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши урғуланган.
Ўзбекистон президенти Малайзия бош вазири билан халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини ҳам кўриб чиқиши қайд этилган.
Мирзиёев Анвар Иброҳим билан олий даражадаги учрашуви якунида икки давлат ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот ва салмоқли битимлар тўплами қабул қилиниши режаланган.
Бўлажак ташрифни Ўзбекистон президентининг Малайзияга жавоб ташрифи деб аташ мумкин. Ўтган йилнинг май ойида Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим уч кунлик сафар билан Ўзбекистонга келган, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, қатор тадбирларда иштирок этган эди.
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Ғишткўприк” маскани июнь ойигача ёпилади
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги “Ғишткўприк” божхона пости жорий йил 5 февралидан эътиборан 4 ойга ёпилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси маълумот тарқатди.
Хабарномада божхона масканининг вақтинча ёпилиши у ердаги “қурилиш ва реконструкция ишларини мантиқий ниҳоясига етказиш мақсадида” амалга оширилаётгани айтилган, бироқ "Ғишткўприк"нинг қайси санагача ёпиқ туришига аниқлик киритилган эмас.
Қўмита қайдича, “Ғишткўприк” чегара пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракати чоршанбадан бошлаб “Навоий” чегара-божхона масканига йўналтирилади. Тошкент туманидаги “Навоий” маскани “Ғишткўприк”ка яқин ерда жойлашган.
“Жисмоний шахслар, енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракати учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида “Навоий” чегара божхона постида юк автотранспорт воситалари ҳаракати чекланади”, дейилган божхона қўмитаси хабарномасида.
Аввалроқ Озодлик февраль ойи бошидан ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Довут ота” (“Тажен”) божхона маскани 3 ой муддатга ёпилиши ҳақида хабар қилган эди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида маҳкум алмашилади
Қирғизистон ва Ўзбекистон бир-бирига судланган фуқароларни топширади. Бу ҳақда хабар қилган 24.kg нашри бунга оид қонун лойиҳаси Қирғизистон парламенти томонидан учинчи ўқишда қабул қилинганини қайд этди.
Хабарда айтилишича, Қирғизистон бош прокурорининг ўринбосари Умуткан Конкубаева парламент депутатларига Ўзбекистонда қирғизистонлик 42 нафар фуқаро, Қирғизистонда эса ўзбекистонлик 97 нафар фуқаро жазо ўтаётганини билдирган.
Эндиликда бу фуқаролар қамоқ жазосини ўз ватанларида ўташади.
Маълумотларга кўра, икки мамлакат ўртасида маҳкумларни топширишга оид келишувга 2024 йил 18 июлида Тошкентда эришилган.
Туркий давлатлар ташкилотларига аъзо бўлган Қирғизистон Ўзбекистон билан маҳкум алмашишга оид шартнома тузган илк мамлакат эмас. Озодлик 2023 йилда Ўзбекистон ТДТга аъзо Туркия ва Қозоғистон билан ўзаро маҳкумларни топшириш бўйича келишув имзолагани ҳақида хабар қилган эди.
Истанбулда қўлбола ичкиликдан ўлган ўзбеклар сони 23 нафарга етди
Туркия ҳудудида сохта спиртли ичимликдан заҳарланиш натижасида ҳаётдан кўз юмган ўзбекистонлик фуқаролар сони жорий йилнинг 30 январь ҳолатига кўра 23 нафарга етган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси қурбонларнинг икки нафари аёл эканига эътибор қаратди.
“Вафот этган барча фуқароларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб кетиш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги ва Миграция агентлиги томонидан тегишли консуллик, ҳуқуқий ва ташкилий ёрдам кўрсатилди”, дейилган хабарномада.
Дипломатик идора қўлбола ичкиликдан заҳарланган ўзбекистонликларнинг айримлари даволаниш курсини якунлаб, шифохонадан чиққанлари, баъзилари эса тиббий муолажаларини давом эттираётганини қўшимча қилган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси шу йилнинг 17 январида ароқдан заҳарланиш натижасида вафот этган ўзбекистонликлар сони 17 нафарга чиққани ҳақида маълум қилган эди.
Турк матбуотининг ёзишича, сохта алкоголдан заҳарланганларнинг аксарияти Ўзбекистон ва Туркманистон фуқароларидир. Аввалроқ бош консулхона вакиллари қалбаки спиртли ичимлик тайёрлашга алоқадорликда айбланиб, 2 нафар туркманистонлик қўлга олингани, ароқдан заҳарланиш ҳодисаси ортидан маҳаллий полиция кенг қамровли тергов ишларини бошлаб юборгани ҳақида маълум қилишганди.
Икки юз кишига фириб берган автосалончилар қамалди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туман суди кўп сонли фуқароларни чув туширган автосалончиларга ҳукм ўқиди.
Kun.uz нашрининг суд ҳукмига таянган ҳолда ёзишича, жиноий гуруҳ жозибали рекламалар орқали ишсиз, тайинли даромади йўқ фуқароларни биргаликда даромад олишга қизиқтирган.
Шу тариқа 100-500 доллар эвазига жами 203 киши номига банкдан автомобиль учун 200-300 миллион сўмдан кредит олинган. Кредит маблағларини эса схема тепасида турган шахслар ўзлаштирган.
Одамлар икки ой ичида Хитойдан автомашина олиб келиниб, қайта сотилиши ва тушган маблағ ҳисобига кредит тўлиқ ёпилишига ишонтирилган. Етказилган умумий зарар миқдори 62 миллиард сўмни ташкил этган.
Суд ҳукми билан судланувчилар Зоҳид Тоғаев ва Дилшод Эшонқулов 9 йил, Обидхон Тўраев ва Ваҳобжон Муҳарамхўжаев 8,5 йил, Нозимжон Аслонов 8 йил 1 ой, Шербек Озодбеков 2 йил муддатга давлат идораларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 4 йил 2 ой муддатга қамалган. Улар Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми а, в бандлари (жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб фирибгарлик содир этиш), 228-моддаси 2-қисми а, б бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбдор деб топилган.
Етказилган зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланган.
Ўзбекистонда одамларнинг автомобиль олиб бериш ваъдасига ишониб, миллионлаб сўм маблағидан ажралиб қолиши илк бор кузатилаётгани йўқ.
Озодлик жорий йил январь ойида Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ИИБ “Umid avto companies” МЧЖ мансабдорларига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатгани ҳақида хабар қилган эди.
2024 йил декабрь ойида эса Шайхонтоҳур туманида давлат рўйхатидан ўтган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига ҳам худди шундай айблов илгари сурилганди.
Мингга яқин ўзбекистонлик АҚШдан бадарға қилиниши мумкин
АҚШда яшаб келаётган 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида депортация қилиниши мумкин. Fox News чоп этган статистик таҳлиллар ана шундан далолат беради.
Мингга яқин ўзбекистонликка АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) томонидан депортация тўғрисида якуний қарор юборилган, аммо улар ҳали ҳибсга олинмаган.
Гап шундаки, муҳожирларнинг апелляция ёки бошпана аризаси билан мурожаат қилиши сабаб ICE уларни зудлик билан мамлакатдан чиқариб юбора олмаётир.
Хитой, Россия, Эрон, Куба каби давлатлар эса ўз фуқароларини қабул қилишдан бош тортмоқда.
Агар ваколатли идора депортация қарори устидан ариза билан мурожаат қилган норезидентга ҳимоя ёки енгиллик берса, Иммиграция ва божхона назорати идораси уни бадарға қила олмайди.
Шунга кўра, назарий жиҳатдан ўзбекистонлик ноқонуний мигрантлар ҳам депортациядан қутулиб қолиш имконига эга.
Иммиграция ва божхона назорати идораси жами 1 миллион 445 минг кишини депортация ҳақида огоҳлантирган. “Қора рўйхат”да Гондурас (261651 киши), Гватемала (253 минг 413 киши), Мексика (252 минг 44 киши), Сальвадор (203 минг 822 киши), Никарагуа (45 минг 995) каби давлатлар фуқаролари кўп эканини кўриш мумкин.
Озодлик аввал хабар қилганидек, АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябригача Ўзбекистонга 572 кишини депортация қилган.
2023 йилда эса 88 нафар ўзбекистонлик Қўшма Штатлардан мажбуран ватанига қайтарилган.
Озодлик радиоси 2023 йил август ойида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг “орзулар ўлкаси”га Лотин Америкаси давлатлари ва Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши хусусида сўз борган.
Рақобат қўмитаси дори-дармон нархини асоссиз оширмасликка чақирди
Ўзбекистонда 1300 га яқин дорихона нархни асоссиз оширгани аниқланди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг маълум қилишича, бу ҳолатлар FAIR TECH ягона ахборот тизими орқали ўтказилган мониторингда юзага чиққан.
Жумладан, Тошкент шаҳри (228 та), Самарқанд вилояти (182 та), Тошкент вилояти (134 та), Наманган вилояти (119 та), Навоий вилояти (118 та) ҳамда Жиззах вилояти (106 та) дорихоналарида энг кўп қонунбузарликлар қайд этилган.
Рақобат қўмитасига кўра, ўрганишлар якунида 270 мингта ҳолатда жами 11,6 миллиард сўм миқдорида асоссиз даромад олингани аниқланган ва ортиқча олинган пул маблағлари истеъмолчиларга қайтарилган.
Қўмита дорихоналарни нархни асоссиз оширмаслик ва истеъмолчилардан ортиқча маблағни олмасликка чақирган.
Рақобат қўмитаси дори-дармон баҳоси ўзбошимчалик билан оширилиши ҳолатлари ҳақида бот-бот ҳисобот бериб туради. Масалан, ўтган йили дори бизнеси эгалари 49455 та ҳолатда 5,4 миллиард сўмга яқин асоссиз даромад олгани аниқланган.
Ўзбекистон дунёда аҳоли сонига нисбатан энг кўп дорихонага эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Озодлик аввалроқ мамлакатдаги фармацевтика тижорати вакиллари дуч келаётган муаммоларга эътибор қаратганди.
Ўзбекистон Туркиядан яна ҳарбий дрон сотиб олмоқчи
Туркиянинг TUSAŞ (Türk Havacılık ve Uzay Sanayii AŞ) давлат аэрокоинот ширкати тез орада Ўзбекистонга ANKA дронларини етказиб беришни бошлайди.
Мудофаа саноати янгиликларига ихтисослашган SavunmaSanayiST нашрининг хабар қилишича, бир двигателли ANKA дрони 30 соатгача учиш ва 350 килограмм фойдали юк кўтариш қувватига эга.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги турк ширкати билан дрон олди-бердиси юзасидан расмий маълумот бермаган.
Таҳлилчилар Туркиянинг жаҳон мудофаа саноати, жумладан, ҳарбий учувчисиз қурилмалар бозоридаги ўрни ошиб бораётганини айтишади. Хусусан, Ўзбекистон харид қилаётган ANKA дронларидан Жазоир, Қозоғистон, Тунис, Малайзия, Индонезия ва Чад армияси ҳам фойдаланади.
Ўзбекистон Туркиядан аввал ҳам учувчисиз учиш аппаратлари сотиб олгани маълум. 2023 йил ноябрь ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмга ташрифи вақти унга Bayraktar TB2 дрони парвози намойиш этилган эди.
Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган экспертлар Туркиянинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигида ҳарбий саноат маҳсулотлари, жумладан, дрон савдоси муҳим ўрин тутишини таъкидлашганди.
Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов 2024 йил декабрь ойида парламентдаги чиқишида миллий армия машғулотларда асосий эътибор замонавий учувчисиз учиш аппаратларини қўллашга қаратилганини айтиб ўтганди.
2022 йилда Ўзбекистон замонавий технологиялар асосида учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани эълон қилинган эди.
Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўли бўйича тендер эълон қилинди
Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўлини давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича тендер эълон қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати қайдича, лойиҳанинг биринчи босқичи умумий узунлиги 171 километрни ташкил этиб, Тошкентдан Ангренгача бўлган автомобиль йўли ва Қамчиқ довонини лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олади. Лойиҳа концепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 21 январида тасдиқланган.
Лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси орқали амалга оширилиши режалаштирилган.
Расмий Тошкент Жаҳон банки кўмагида хусусий шерикни танлашга ёрдам бериш учун лойиҳага маслаҳатчиси сифатида Буюк Британиянинг “Arup and Partner’s”, “PWC” ва “CMS Cameron” консультантлар консорциумини жалб қилган.
Вазирликка кўра, тендер икки босқичда ўтказилади. Илк босқичда хусусий компаниялар дастлабки малакалашдан ўтиш учун ҳужжат топширади. Иккинчи босқичда дастлабки саралашдан ўтган ширкатлар лойиҳа бўйича техник ва молиявий таклифларини тақдим этади.
ДХШ лойиҳаларида тажрибага эга бўлган барча қизиқувчиларга 2025 йил 21 апрель куни Тошкент вақти билан соат 18:00 гача ҳужжат топшириш таклиф қилинган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўли қурилиши лойиҳаси қиймати 4,28 миллиард долларни, қурилиш муддати эса 6 йил 3 ойни ташкил этишини билдирганди.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳага асосан йўлнинг 64 фоизи янгидан қурилиши, 36 фоизи эса реконструкция қилиниши кутилмоқда. Пулли йўл қурилиши Тошкентдан Андижонга сафар қилиш вақтини ҳозиргидан 2 соат 14 дақиқага камайтириши айтиляпти.
Ўзбекистон президенти томонидан 2024 йилнинг 30 августида имзоланган қарорда Тошкент–Андижон пулли автойўлни қуриш 2026 йилда бошланиши белгиланган. Йўл 2032 йилда фойдаланишга топширилиши керак.