Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:49

Рус жосусларининг уч чех расмийсини заҳарлаш фитнаси бўйича терговда силжиш йўқ


Кончаков хорижда яшовчи россияликларга кўмаклашувчи «Россотрудничество» ташкилотининг Прагадаги вакилидир.
Кончаков хорижда яшовчи россияликларга кўмаклашувчи «Россотрудничество» ташкилотининг Прагадаги вакилидир.

Чехиядаги нуфузли Respekt журнали рус жосуслари Прага шаҳар мэри ва унинг ҳамкасбларини заҳарлашни режалагани режаси ҳақида ёзиши ортидан очилган тергов қийинчиликларга дучор бўлди.

Март ойида Respekt журнали хавфсизлик хизматидаги шахсини ошкор қилмаган манбасига таяниб, Чехия пойтахтига Россия разведкаси зобити дипломатик паспорт билан келгани ва жомадонида рицин заҳар моддаси бўлганини ëзди.

Кейинчалик бу шахснинг исми Андрей Кончаков эканлиги ошкор бўлди.

Бу хабарлар ортидан уч сиёсатчи — Прага мэри Зденек Ҳриб ҳамда шаҳар туманлари мэрлари Ондржей Коларж ва Павел Новотний полиция ҳимоясига олинди.

Respekt журналига кўра, мэр Ҳрибнинг Прагадаги Россия элчихонаси олдидаги майдонни Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий мухолифи ва танқидчиси бўлган марҳум Борис Немцов номи билан аташ ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлагани Кремлни қаттиқ ғазаблантирди.

Коларж эса совет маршали Конев ҳайкалини ўзи бошқарадиган тумандан олдириб ташлагани учун Россия медиаси ва сиëсатчилари ғазабига дучор бўлди.

Ниҳоят, Новотний ўз бошқарувидаги туманда Кремль сотқин деб атайдиган генерал Власов дивизиясига ёдгорлик ўрнаттирган.

Ғарб давлатларидаги хавфсизлик мутахассислари Россиянинг чех сиёсатчиларини ўлдириш режаси рост бўлса, бу Путин 20 йил олдин ҳокимият тепасига келганидан бери НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо давлат ҳудудида амалга оширмоқчи бўлган энг мудҳиш режаларидан бири эканлигини айтишди.

Россия чех сиёсатчиларни заҳарлашни режалаштиргани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, бу айбловларни Россияни ёмонотлиқ қилиш уринишлари доирасида ўйлаб топилган уйдирма деб атади.

Россия бундан олдин бир неча марта хорижда ўз душманларига ҳужум қилишда айбланган.

Хусусан, 2018 йилда Буюк Британияда Россия махфий хизматининг собиқ ходими Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланиши ортидан Россияга қарши қатор мамлакатлар санкция жорий қилди.

Афтидан, Прагага заҳар олиб боришда айбланаётган Кончаков шаҳардаги Россия элчихонасида қолмоқда.

Чехия расмийларни уни бадарға қилишга қарор қилгани йўқ. Россия эса Кончаков ҳаётига таҳдид мавжудлигини айтиб, уни полиция ҳимоясига олишни сўраган.

Чехия расмийлари Respekt мақоласида ҳамда бошқа нашрларда эълон қилинган маълумотлар кўриб чиқилаётганини билдиришди. Чехия ташқи ишлар вазири Томас Петричек Россия дипломатларига қарши ҳар қандай чора тергов натижалари асосида кўрилишини айтди.

Тергов давом этар экан, таҳлилчилар бир неча омил, жумладан, дипломатларга бериладиган дахлсизлик, чех расмийлари ўртасидаги келишмовчиликлар ҳамда Россия билан муносабатлар ҳақидаги хавотирлар туфайли тергов қийинчиликларга дучор бўлишини айтишмоқда.

Кремлга энг дўстона муносабатда бўлган Европа етакчиларидан бири бўлмиш Чехия резиденти Милос Земан чех матбуоти хабарларини шубҳа остига олиб келади.

Айрим хавфсизлик мутахассислари эса Кремль сиёсатчиларни чиндан заҳарлашни режалаштирмаганини, шунчаки Прагага ўз кучини кўрсатиб қўйишни истаганини тахмин қилишмоқда.

Кончаков хорижда яшовчи россияликларга кўмаклашувчи «Россотрудничество» ташкилотининг Прагадаги вакили эканлиги айтилди. Шунингдек, у Прагадаги Россия фан ва маданият маркази директоридир. Чехия матбуоти хабарларига кўра, у 2019 йилда дипломатик статус олган.

Дипломатлар 1961 йилда қабул қилинган Вена конвенциясига биноан маҳаллий қонунлардан дахлсизликка эга. Уларга полиция текшира олмайдиган ёки мусодара қила олмайдиган дипломатик сумка олиб юришга изн берилади.

Мутахассислар дипломатик тўсиқлар ҳамда турли қарашлар фонида айнан нима содир бўлгани ҳақида аниқ маълумот қўлга киритиш жуда муҳим эканлигини айтишмоқда.

Айрим мутахассислар Россия ҳозирги кунда ўз душманларига қарши нисбатан кучсиз бўлган рицин заҳари ўрнига бошқа услубларни афзал кўришини, Кончаков иши Россия Чехия халқини қўрқитиш учун ўйлаб топган тактика бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди.

XS
SM
MD
LG