Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг сиёсий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ узоқ давом этган сиёсий келишмовчиликдан кейин ҳокимиятни тақсимлаш тўғрисидаги битимни имзолади. Унга кўра, Абдуллоҳ ҳукуматнинг Толибон билан олиб бораётган тинчлик музокараларига етакчилик қилади.
Келишув, шунингдек, собиқ вице-президент генерал Абдулрашид Дўстумни юқори ҳарбий лавозимга тайинлашни ҳам кўзда тутади.
17 май куни президент матбуот котиби Сидиқ Сиддиқий Twitterда Ғани ва Абдуллоҳ битимни имзолаётгани акс этган суратни улашди.
БМТ ҳамда АҚШ расмийлари Афғонистонда сиёсий инқирозга барҳам берилганини олқишлади.
Сиддиқийга кўра, Абдуллоҳ янги тузилган Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси бўлади.
Шунингдек, келишувга биноан зўрлашга уриниш ҳамда душманларини ўғирлаб кетишда айбланган генерал Дўстум Афғонистон қўшинларининг маршали этиб тайинланади.
Келишувнинг Афғонистонда 2019 йили ўтказилган баҳсли президент сайловлари ортидан юзага келган сиёсий инқирозга барҳам бериши айтилмоқда. Сайлов ортидан ҳам Ғани, ҳам Абдуллоҳ ўзини ғолиб деб эълон қилгани ортидан Афғонистонда икки параллель ҳукумат юзага келди. Бу эса мамлакатда тинчлик ўрнатиш уринишларига тўсқинлик қилиб келмоқда.
Келишув имзоланиши олдидан Reuters агентлиги очиқланмаган манбасига таяниб¸ икки рақиб ҳокимиятни 50/50, яъни тенг равишда тақсимлаб олишини маълум қилган эди. Сиддиқий ўз твитида кейинроқ битим ҳақида кўпроқ маълумот берилишини ёзди.
Абдуллоҳ ўтган йилнинг сентябрида ўтказилган сайлов натижаларини тан олмай келади. У 2014 йилдаги сайловда ҳам натижалардан норози бўлган ва ҳокимият тақсимоти бўйича келишув билан бош вазирлик лавозимини олган эди.
Декабрь ойида сайлов расмийлари Ғани ғолиб чиққанини эълон қилиши ортидан Абдуллоҳ ҳам ўзини президент деб эълон қилди. Аммо халқаро ҳамжамият фақат Ғани ғалабасини тан олди.
Ҳукумат таркиби бўйича келишмовчиликлар Кобул ва Толибон ўртасидаги музокараларга халал бериб келади. Жорий йилнинг февралида имзоланган келишувга биноан Кобулдаги ҳукумат ва жангари гуруҳ 10 март куни музокара ўтказишни бошлаши керак эди.
15 май куни АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги музокаралар санаси белгиланиши кутилаётганини маълум қилди.
АҚШ Давлат департаменти эълон қилган баённомада ёзилишича, давлат котиби Майк Помпео Ғани ва Абдуллоҳни эришилган келишув билан табриклаган, аммо улар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли вақт йўқотилганидан афсусда эканини айтган.