Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:07

OzodDayjest: Канадада яшаётган ўзбек муҳандиси Cардоба фалокати юзасидан икки тахминни илгари сурди


Сардобадаги фалокат Ўзбекистонда қурилишлардаги биринчи ва охирги ҳалокат эмас.
Сардобадаги фалокат Ўзбекистонда қурилишлардаги биринчи ва охирги ҳалокат эмас.

Етимларни уй билан таъминлашга панжа орасидан қараган амалдорларни жавобгарликка тортиш таклиф этилди. Сардоба сув омбори фалокати лойиҳалаш жараёнидаги хатолар ёки қурилиш жараёнида техник меъёрлар бузилгани сабаб рўй берган бўлиши мумкин. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Етим болалар учун ажратилган уйлар сотиб юборилгани фош этилди

Прокуратура текширув жараёнида меҳрибонлик уйлари ва “Болалар шаҳарчалари” битирувчиларининг уй-жой билан таъминланиш борасида талай камчиликлар аниқланди (“Маҳалла” газетаси, 22 май).

2011-2019 йилларда ушбу муассасаларни тамомлаган 381 нафар тарбияланувчига турли баҳоналар рўкач қилиниб тураржой берилмаган. Шунингдек, етим болаларга ажратилган уйлардан мақсадсиз фойдаланиш, ҳатто уларни сотиб юбориш ҳолатлари фош этилган.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларининг туман-шаҳар ҳокимликлари ушбу масалага эътиборсизлик билан ёндашгани сабаб бу тоифадаги болалар учун Уй-жой майдонини ҳисобга олиш ва тақсимлаш комиссиялари фаолияти йўлга қўйилмаган.

Яна бир масала – ажратилган тураржойларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб бермайди. Буларнинг бари уларнинг тарбиясига, ижтимоий мослашувига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Хўжаевага кўра, қонун ҳужжатларига етим болаларни тураржой билан таъминлашга панжа орасидан қараган, мажбуриятларини лозим даражада бажармаган ҳокимларни жавобгарликка тортиш бўйича нормалар киритиш керак.

Халқаро мутахассис: Ўзбекистонда муҳандислар малакаси текширилмаслиги ҳалокатларга сабаб бўлмоқда

Сардоба сув омбори фалокати лойиҳалаш жараёнидаги хатолар ёки қурилиш жараёнида техник меъёрлар бузилгани сабаб рўй берган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Канадада яшаётган ўзбек инженери Шарофиддин Қорабоев (www.kun.uz, 20 май).

Мутахассис лойиҳалаш жараёнида хатолар сифатида сув омбори учун нотўғри жой танланган бўлиши ёки тўғон деворларининг сув массаси босимига чидамлилик даражаси ва тўғон қурилишида ишлатиладиган материалларнинг сув таъсирида емирилиш даражаси тўғри аниқланмаган бўлиши эҳтимолини қайд этган.

Айни чоқда, у қурилишда ишлатилган материаллар сифати лойиҳада кўрсатилган стандарт ва меъёрларга мос келмагани ёки қурилиш меъёрларига риоя этилмаган бўлиши эҳтимолини ҳам эътибордан соқит қилмаган.

Сардобадаги фалокат Ўзбекистонда қурилишлардаги биринчи ва охирги ҳалокат эмаслигини таъкидлаган муҳандис мамлакатда қурилишда сифатини яхшилаш учун жиддий чоралар кўришга ундаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда иқтисодиёт учун ўта муҳим бўлган инженерлик соҳасининг назорат қилинмаслиги ва муҳандисларнинг малакаси ва билими текширилмаслиги қурилишлар сифати пастлиги ва ҳалокатларнинг сабабларидан бири саналади.

Мутахассисга кўра, Ўзбекистонда ҳам халқаро тажрибага мувофиқ инженерлик соҳасида лицензия олиш тартиби жорий этилиши керак. У, шунингдек, қурилишни якунлаш муддатини байрамларга тўғрилаш тажрибасидан воз кечиш лозимлигини уқтирган.

Шарофиддин Қорабоев Канада шимолий-ғарбий ҳудудлари ҳукуматининг Инфраструктура департаментида лойиҳалар катта бошқарувчиси бўлиб ишлайди. У Канада қурилиш уюшмасининг қурилиш лойиҳаларини бошқариш бўйича олтин муҳрли сертификатига эга.

Матбуот: Вазир Шерматов истеъфо бермайдими?..

Халқ таълими вазирлиги тизимида 2018-2019 йилларда бюджетдан ажратилган маблағлар сарфи бўйича 192,2 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди (“Миллий тикланиш” газетаси, 20 май).

"Ўтган икки йил давомида айрим халқ таълими бўлими мутасаддилари давлат маблағларини ўзлаштиришда гўёки ўзаро мусобақа уюштирганга ўхшайдилар”, деб ёзади газета.

Масалан, биргина мактаб ходимларига аталган иш ҳақи маблағларида 40,2 млрд сўм ўзлаштирилган.

Қурилиш-таъмир жараёнида ҳам қатор қинғирликлар қайд этилган. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида 58-мактаб филиалини қуриш учун 420 млн сўм ўтказилган. Далолатномалар орқали қурилиш ишлари қабул қилиб олинган. Ўрганишлар жараёнида эса бино умуман қурилмагани, майдон бўш тургани маълум бўлди. Аслида фаолият кўрсатмаган Халқ таълимини ривожлантириш жамғармасини сақлашга ҳам350 млн сўм йўналтирилган.

Халқ таълими тизимида 527,7 млн сўмга яратилган “Kitob.uz” электрон дастурий мажмуаси мавжуд бўлатуриб, “Халқ таълими тизими корпоратив электрон кутубхоналар тармоғи” лойиҳаси учун яна 1,2 млрд сўм сарфланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам тизимдаги аксар ташкилотлар назоратсиз аҳволга тушиб қолганини танқид қилган. Газетага кўра, тизимдаги хатолардан тегишли хулоса чиқарилмаса, депутатлар Халқ таълим вазири Шерзод Шерматовнинг истеъфосини талаб қилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG