Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:39

Қирғизистон расмийлари “Ўзбекистон 150 гектар ерни тортиб олгани”ни рад этди. Бу ердан қирғизистонликлар рухсатсиз фойдаланиб келган


Икки давлатни ўртадаги Қорадарё дарёси ажратиб туради.
Икки давлатни ўртадаги Қорадарё дарёси ажратиб туради.

Қирғизистон ҳукуматнинг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили биринчи ўринбосари Мамасоли Акматов 26 май куни ижтимоий тармоқларнинг қирғиз контентида тарқалган “Ўзбекистон қирғизларнинг 150 гектар ерини тортиб олди” сарлавҳаси билан тарқатилган видеолар “ҳақиқатга тўғри келмаслиги”ни билдирди.

25 май куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Ўзбекистон Жалолобод вилояти Сузоқ туманидаги Қорадарё қишлоғида шоли экилган 150 гектар ерни бузаётгани ва чегара симларини тортаётгани иддао қилинган эди. Бу видео қирғиз жамоатчилигининг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган.

Қирғиз расмийларининг билдиришича, мазкур ҳудуд аслида 150 гектар эмас, 25 гектардир ва бу ернинг 17 гектаридан қирғиз қишлоғи аҳолиси узоқ йиллардан бери ноқонуний фойдаланиб келган.

Ижтимоий тармоқларда 25 май куни “Қирғизистон ерларига Ўзбекистон чегарачилари кириб келгани ва чегара тўсиқларини ўрнатаётгани” тўғрисида видео тарқалган эди.

“Мана кўринглар, бизнинг 150 гектар еримизни ўзбек чегарачилари келиб, тўсиб олишди. Бу Қорадарё қишлоғининг Оқ масжид участкаси. Қирғизистон ерини тортиб олишди. Давлат ҳеч қандай ёрдам қилмади. Ўзбекистон томони ҳеч қандай огоҳлантиришсиз келиб, трактор билан қозиқ қоқяпти. Бу ерга колхоз даврида жўҳори экиларди, кейин шоли экишга рухсат берилган. Агарда чегара шундай тўсилиб қолса, бизнинг улуш ерларимиз Ўзбекистонга ўтиб кетади”, -дейилади видеода.

Видеодан англашинишича, мазкур ер Қорадарё қишлоғи ва Ўзбекистоннинг Пахтаобод тумани билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Икки давлатни ўртадаги Қорадарё дарёси ажратиб туради.

Мазкур видеога муносабат билдирган Қорадарё қишлоқ ҳукумати раҳбари Аширбек Матиев бу ҳудуднинг 2,8 километри аниқланмаган чегара участкаси эканини, қишлоқ аҳолиси бу ерлардан рухсатсиз ва ўзбошимчалик билан фойдаланиб келганини айтди:

“Икки кун аввал Бишкек шаҳри ва Ўзбекистондан кадастрлар келиб, участкада аниқлаш ишларини олиб борган. Маҳаллий ҳокимят ва қишлоқликлар ҳам қатнашди. Ўша ҳудудда саккиз гектар ерга шоли эккан одамнинг 1,5 гектар майдони ўзбек томонига ўтиб кетди. Фуқаронинг аниқланмаган ва рўйхатга олинмаган ерга экин экиб юргани аниқланди. Ҳозир бу ердаги чегара икки томонлама аниқлангандан кейин, 25 гектарга яқин шоли экилган майдоннинг саккиз гектари бизда қолиб, қолгани қўшни давлатга берилди”, - деди Аширбек Матиев.

26 май куни маҳаллий ҳокимият вакиллари қишлоқ аҳолиси билан учрашиб, бу борада тушунтириш ишларини олиб борди. Ҳукуматнинг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили биринчи ўринбосари Мамасоли Акматовнинг айтишича, видеода Қирғизистонга тегишли экани иддао қилинган ер, аслида Ўзбекистонники эди.

“Маҳаллий аҳоли сой бўйидаги, карта бўйича Ўзбекистонга қарашли ердан бир неча йилдан бери фойдаланиб келган. 2017 йилги икки томонлама чегара масаласидаги сўзлашувларда бу ерлар кимга тегишли экани аниқланган. Бу йил маҳаллий аҳоли бу ерга қайтадан экин эка бошлаганда ўзбек чегарачилари огоҳлантириб, Ўзбекистон бизга норозилик нотасини юборган. Ҳозир чегара участкаларига трактор билан белги қўйишмоқда. Чегара симларини ўрнатишга ҳозирча биз рози бўлмаяпмиз. Биз томондан ҳам сим тортиш ишлари бирга олиб борилсин деган талаб бўляпти”, - деди ҳукумат вакили.

Жалолобод вилоятида қирғиз-ўзбек чегарасининг аниқланмаган олти участкаси бор. Уларнинг тўрттаси Олабуқа, иккитаси Ахси туманида жойлашган. Вилоятда жами 19 600 гектардан ортиқ ер Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги баҳсли ҳудуд ҳисобланади.

Икки давлат ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрга тенг. Унинг 85 фоизи расман аниқланган ва тасдиқлаган.

XS
SM
MD
LG