Тарихда илк бор хусусий компания кемаси бортида фазога парвоз қилган америкалик астронавтлар Даг Херли ва Роберт Бенкен Халқаро фазо станциясига (ХФС) туташишга ҳозирлик кўрмоқда.
30 май куни Флоридадаги Кеннеди фазо станциясидан SpaceX ширкати ракетаси билан парвоз қилган астронавтлар Тошкент вақти билан 19:30 да ХФСга ўтади. Уларни ХФС бортидаги уч фазогир кутиб олади. Америкалик астронавтлар станцияда тўрт ой қолиши кутилмоқда.
Херли ва Бенкен 2011 йилдан бери Америка тупроғидан фазога учган илк фазогирлардир. Сўнгги тўққиз йил ичида ХФСга фазогирлар фақат Россиянинг «Союз» ракеталари бортида чиқариб келинади, чунки NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.
Таниқли тадбиркор Илон Маск асос солган SpaceX ширкати парвозини АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам кузатди. Президент бу ютуқ мураккаб кунларда америкаликлар руҳини кўтаришини айтди.
Айни дамда АҚШ коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Миннеаполисда эса ҳафта бошида оқ танли полиция ходимлари қора танли шахсни қўлга олаётиб ўлимига сабаб бўлиши ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетди.