Фарғона вилоятига сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев "фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун" Тошлоқ тумани ҳокими Шуҳратжон Абдусаломовни вазифасидан озод этиш бўйича кўрсатма берган.
Фарғона вилоятидаги Expo Kollor Prin Teks пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Абдуқаҳҳор Абдувоҳидович Жўрабоев Тошлоқ туманининг янги ҳокими этиб тайинланган.
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ишдан олиниши тўғрисидаги хабарлар эса тасдиғини топмади.
6 июнь куни бир қатор маҳаллий сайтлар Ғаниевнинг ишдан олингани, ўрнига Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров тайинлангани ҳақда ёзган.
Кейинчалик бу хабарлар тасдиқланмади ва сайтлардан олиб ташланди.
1 июн куни Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувда сўхликлар "Ғаниев кетсин", деб талаб қилган эди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимлар жойлардаги вакили эканини таъкидлаб келади.